Баъзи таҳлилчилар нефтни 20-асрдаги можароларнинг асосий сабабларидан бири деб ҳисоблайди. Хўш, 21-асрнинг учинчи ўн йиллигига келиб, дунёда нефтнинг статуси қандай? Араблар ҳозир ҳам дунё нефт бозорини қалқита оладими? Мавзу борасидаги саволларга “Геосиёсат” дастурида таҳлилчилар Шуҳрат Расул ва Камолиддин Раббимов жавоб беришди.

Раббимовнинг сўзларига кўра, нефтнинг стратегик товарга айланиши XX аср бошида Ғарбий Европа, АҚШ, Япония мамлакатлари шиддатли саноатлаша бошлаган даврларга бориб тақалади.

“Ўша даврда дунёдаги асосий энергетика маҳсулоти кўмир эди. Кўмирни қазиб олиш, газни эса ташиш қийин эди. Шундай пайтда дунё бозорига нефт кириб келади. Кейинги 70 йилда энг кўп сотилган маҳсулот бу – нефт. XX асрдаги энг катта компаниялар ва энг бой шахслар нефт билан боғлиқ эди. Ҳозир ҳам иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари нефтга боғланган. Шу сабабли ҳам дунёда қудрат масаласи айнан нефт билан боғлиқ.

АҚШ – ўтган асрда ҳам, ҳозир ҳам энг катта нефт ишлаб чиқарган ва ишлаб чиқараётган, энг кўп нефт истеъмол қилган ва истеъмол қилаётган давлат. Хитой эса нефтга бўлган эҳтиёжининг асосий қисмини импорт ҳисобидан қондиради. Бугунги кунда катта миқдорда нефт ишлаб чиқарадиган, Америка ёки Ғарбнинг назоратидан ташқарида бўлган давлатлар саноқли: Эрон, Венесуэла, Россия.

Саудия Арабистонига келсак, 1946 йилда АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида тарихий келишув бўлган. Американинг ўша даврдаги президент Рузвелт (у пайтда юролмай қолган, аравачада эди) Саудия подшоҳи Абдулазиз билан Мисрда тарихий келишувга эришган, яъни Саудиянинг хавфсизлигини Америка таъминлайди, Саудияда чиқаётган нефтни Америка сотиб олади, Саудиянинг ички ишларига аралашмайди, демократия ва инсон ҳуқуқлари деб бошини оғритмайди. Шунингдек, Саудия Арабистони Исроилга тегинмаслиги керак бўлади. Мана шу келишув Саудиянинг жуда ҳам катта ўсишига, қудратли давлатлардан бири бўлишига сабабчи бўлди.

АҚШнинг нефт ишлаб чиқарувчи давлатлар билан дипломатияси – алоҳида дипломатия. Чунки совет иттифоқининг қулатилишида ҳам Саудия ва Американинг маълум бир келишувлари рол ўйнаган. Шу билан бирга, Саудия ва Америка ўртасида ҳам нефт билан боғлиқ геосиёсий инқирозлар бўлган, буни 1973 йилги воқеалар мисолида кўриш мумкин.

Рузвелт ва подшоҳ Абдулазиз ўртасидаги келишувни ҳозир қисман амалда дейиш мумкин. Саудия Арабистони ўзининг нефт бозорини анчагина диверсификация қиляпти. Лекин нефт эраси тугайдиган бўлса ёки нархи жуда ҳам тушиб кетадиган бўлса, Саудия иқтисодиётида инқироз бошланади. Масалан, Қрим аннекциясидан кейин Обама билан Саудия ўртасида Россияни жазолаш учун келишув бўлганди, натижада нефт нархи жуда ҳам тушиб кетди. Кейинчалик Саудия бир неча йил давомида нархни кўтаришга ҳаракат қилди, лекин эриша олмади, чунки қолган нефт ишлаб чиқарувчилар бозорга кўпроқ нефт чиқарди, икки ўртада Саудиянинг бюджети кўплаб даромадларга эга бўлмади”, – дейди Раббимов.