Жамият | 14:12 / 14.09.2019
44627
4 дақиқада ўқилади

«Ҳуснбузар орқасидан ўз жонига қасд қилиш ҳам учраб туради. Улар касалликни даволаб бўлмайди деб ўйлашади». Дерматовенеролог билан суҳбат

Kun.uz ўзининг «Соғлом ҳаёт» лойиҳаси орқали ўз ўқувчиларига бугунги кунда кўп учраётган касалликлар тўғрисида маълумотлар бериб келмоқда. Бугун кўпчилик балоғат ёшидагиларда учрайдиган ҳуснбузарлар тўғрисида суҳбатлашамиз. Суҳбатдошимиз эса дерматовенеролог Мавлуда Рихсиева.

Шифокор Мавлуда Рихсиева ҳуснбузарларнинг келиб чиқиш сабаблари, даволаш ва олдини олиш йўллари ҳақида маълумот бериб ўтди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳуснбузарлар сўнги йилларда дерматологиянинг энг долзарб муамоларидан бири ҳисобланади. Бизнинг ўлкамизда ҳуснбузар касаллиги жудаям кенг тарқалган оммавий муаммо ҳисобланади. Ҳуснбузар жинсий балоғат даврига етишдан бошлаб ёшларда ва ундан катта ёшдаги инсонларда ҳам учраб туради.

Келиб чиқиш сабаби

Ҳуснбузарнинг келиб чиқиш сабаби — асли ёғ безларининг йирингли яллиғланиши ҳисобланади. Ҳуснбузар бизнинг ҳудудда жудаям оммавий ва долзарб муаммолардан. Асосан экологиянинг бузилиши, ошқазон-ичак касалликлари, қалқонсимон без касалликлари, нотўғри овқатланиш, гормонал бузилишлар ҳисобига келиб чиқади.

Касалликни даволаш

Ҳуснбузар касаллигини даволашда бир неча услублар мавжуд. Шулардан бири классик терапия. Бунда бир қатор муолажалар ўтказилиши лозим бўлади. Асаб тизими, ошқозон-ичак системаси ва бошқа аъзоларни текширувлардан ўтказиш лозим бўлади.

Ҳуснбузар касаллиги ўсмирлар ва Ёши катта инсонларда турли хилда учраши мумкин. Ҳуснбузар касаллиги эстетик муаммо бўлибгина қолмасдан, айниқса ўсмирларда чуқур психологик муаммоларга ҳам олиб келиши мумкин. Масалан ташқи қиёфанинг бузилиши, ўзгаришлар туфайли психологик муаммолар келиб чиқади.

Касалликни даволаш вақтида дерматологга мурожаат этиш жудаям муҳим саналади. Чунки вақтида бошланган даво келажакда юзни ва ҳуснбузар тошган бошқа қисмларнинг мукаммал даволанишига ҳамда чирой қайтарилишига олиб келади.

Ҳуснбузарларни даволашни сўнгги замонавий усулларидан бири лазератерапия ҳисобланади. Лазератерапиянинг ҳуснбузарларни даволашдаги аҳамияти шундаки, ҳуснбузарлардан қоладиган иккиламчи асоратлар, чандиқлар, яллиғланишлар, юз ўзгариши каби муаммолар бартараф этилади.

Ўсмир ёшдаги болаларда ҳуснбузарни қўли билан сиқиш ҳоллари кўп учрайди. Қўл билан сиқилганда ёки уйда ўз ҳолича даволаш муолажалари олиб борилса, ҳуснбузарлардан кейин жудаям хунук чандиқлар қолиши мумкин. Бундан ташқари юз терисининг ўзгариши натижасида иккиламчи инфекция тушиши ҳам мумкин.

Ҳуснбузарлар пайдо бўлиши натижасида ўсмирларда руҳий муаммолар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Яъни ҳуснбузар чиқиши ўсмирларнинг дўстлари, яқинлари олдида сиқилишларига, ўзини бир поғона пастда кўришларига олиб келади. Жудаям катта муаммолардан бири бу – ҳуснбузарларнинг оғир формаси билан юз соҳасининг кучли, оғир зарарланиши бўлган ўсмирларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳам учраб туришидир. Улар бу касалликнинг давоси йўқ, бир умр шунақа хунук бўлиб қоламан деб ўйлашади. Бундай вақтда фақат дерматолог давосидан ташқари психолог ёрдами ва назорати ҳам керак бўлади.

Касалликнинг олдини олиш

Ҳуснбузар тошганида крем ва пардоз учун ишлатиладиган ҳар хил моддалардан фойдаланиб бўлмайди. Бундай пайтда ҳуснбузарларни қўл билан ситиш ҳам, ўз ҳолича ҳар хил муолажалар қилиб кўриш ҳам ярамайди. Аксинча, ҳуснбузар тошганда дерматолог врач ёки косметологга учрашиб, улардан керакли маслаҳатлар олиш ва улар назоратида даволаниш зарур. Врач маслаҳатларига амал қилингандагина ҳуснбузар тезда йўқолиб кетиши мумкин.

Раҳматилло Исроилов тайёрлади

Мавзуга оид