Ўзбекистон Республикасининг дерматовенерология хизматини яхшилаш борасида олдинда турган долзарб масалалар қаторига тери ва таносил касалликларини текшириш ва даволаш стандартларини ишлаб чиқиш, барча босқичларда уларни татбиқ этиш ва мустаҳкамлаш, компьютерлаштириш, диспансерлаш ва бошқалар киради. Бу масалалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан ҳам давлат йиғилишларида таъкидлаб ўтилган. Шунинг асосида ЎзР ВМнинг 2017 йил 31 июлдаги №563 қарори «Ўзбекистон Республикасида 2017-2021 йилларда дерматовенерология хизматини яхшилаш чора-тадбирлари» қабул қилинди. Бунга асосан барча дерматовенерология хизмати ташкилотлари юқори технологияли асбоблар билан таъминланмоқда, мутахассис кадрларни тайёрлаш бўйича илмий мактаблар ташкил қилинмоқда, амалиётга эса илмнинг янги ютуқлари татбиқ этилмоқда.

Бунинг натижасида Ўзбекистонда МДҲ давлатлари орасида илк бор, халқ тилида оқ доғ деб аталадиган витилиго касаллигини жарроҳлик йўли билан даволаш йўлга қўйилди.

Аслида касалликнинг яхшиси бўлмайди, уларнинг барчаси нохушлик олиб келади. Витилиго хасталиги эса дилни хира қилувчи касалликлар сафига киради. Халқ тилида «оқ доғ» номи билан тарқалган ушбу касаллик неча йиллардан бери инсонларни қийнайди.

Касалликни даволовчи усуллар жуда кўп, халқ табобатида ҳам, тиббиётда ҳам кўплаб тажрибалар ўтказилган. Аммо бу инжиқ хасталикни бирданига тузатиб юбориш қийин. Бундай даволаниш усулидан бири малакали жарроҳлик амалиётидир ва у фақатгина жаҳоннинг бошқа ривожланган мамлакатларида амалга оширилар эди. Энди эса бу ўтмишга айланди. Давлатимиз раҳбарининг аҳолининг саломатлиги, соғлом турмуш тарзига кўрсатаётган катта эътибори ўлароқ бундай жарроҳлик амалиётини энди Ўзбекистонда ҳам амалга оширса бўлади.

Бу жарроҳлик усули – соғлом теридан меланоцитларни кўчириб ўтказиш бўлиб, оқ доғларни чоксиз усулда даволашдир.

Бундан ташқари, Президентимиз топшириғи билан Республика ихтисослаштирилган Дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказида АҚШнинг Candella компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Picoway ва Vbeam Perfecta каби лазер технологиялари олиб келинди ва эндиликда улар ёрдамида теридаги бошқа турдаги доғ ва нуқсонларни бутунлай бартараф этиш имкони пайдо бўлди.