Иқтисодиёт | 15:53 / 06.06.2024
9745
8 дақиқада ўқилади

“Ҳақиқий бизнесмен рақобат тарафдори бўлади” — Дониёр Ғаниев ЖСТга аъзолик ҳақида

“Агар кўлмагингиздан чиқмасангиз, сузишни ўргана олмайсиз”, дея маҳаллий тадбиркорларнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик бўйича хавотирларига муносабат билдирди депутат Дониёр Ғаниев. У Kun.uz билан суҳбатда тенг қоидалар асосидаги ўйинда ютганлар ютқизганлардан кўп бўлишини таъкидлади.

Фото: Kun.uz

5 июн куни Тошкентда Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала ва бошқа халқаро ташкилотлар расмийлари иштирокида “Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ва ЖСТга аъзо бўлиш жараёни” мавзусидаги конференция бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбири конференция доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев билан суҳбатлашиб, ЖСТга аъзолик ўзбекистонликларга нима бериши, қайси қонун ҳужжатлари ташкилот талабларига мослаштирилгани ҳақида сўради.

“Тенг қоидалар асосидаги ўйинда ютганлар ютқизганлардан кўп бўлади”

— ЖСТга қўшилиш орқали энди маҳаллий қонунчилигимиздаги стандартлар, тарифлар, ҳаммаси халқаро стандартларга мослашиши ҳисобига бу маҳаллий тадбиркорларга янги бозорларга кириш имкониятини очади. Тўғри, уларнинг бозори очилиши билан бирга, бизнинг бозорлар ҳам хорижий инвесторлар, тадбиркорларга очилади. Бу қайсидир нуқталарда рақобатнинг кучайишига сабаб бўлади, бу эса маълум бир маҳаллий тадбиркорларга қийинчилик туғдириши ҳам мумкин. Бу – глобал савдода асосий элемент, унда ютадиган ва ютқизадиганлар бўлади. Бир нарсани унутмаслик керакки, тенг қоидалар асосидаги ўйинда ютганлар ютқизганлардан кўп бўлади.

Эътибор берган бўлсангиз, [Тошкентдаги конференцияда] ЖСТ директори бундан буён Ўзбекистон қўшиладими эмас, қачон қўшилади деган саволни ўртага ташлаш керак, деди. Гап муддатда. Биз техник музокараларни тезлаштириб, белгиланган дедлайн – 2026 йилгача қўшилиш мақсадимизга эришсак, бу кўп жиҳатлардан аҳоли учун танлов имкониятини яратади.

Қолаверса, бизнинг бош мақсадимиз бўлган аҳолининг турмуш тарзини яхшилашда муҳим инструмент бўлиб хизмат қилади. Чунки ЖСТга қўшилиш охирги мақсад бўлмаслиги керак, бу фақат инструмент, яъни ҳамма нарса савдо тўсиқларини олиб ташлаш, бизнес учун яхши шароитларни яратиш воситаларини ўзимиз учун ўзимиз қилишимиз керак. ЖСТ мана шу реформаларимизни тезлаштиришга, аъзолар билан савдомизни осонлаштиришга хизмат қиладиган платформа бўлади.

“Инвестиция тўғрисидаги қонунларни бирлаштириб, кодекс сифатида қабул қилишимиз керак”

— 2020 йилда музокаралар қайта бошланганидан бери музокараларда ҳукумат томонидан қайси қонун ҳужжатларини ўзгартиришимиз кераклиги ҳақида режа тақдим этилган. Шу режа асосида 8 та қонунни тўлиқ шаклда қайта кўриб чиқиш белгиланган. Масалан, стандартлаштириш тўғрисида, техник регламент тўғрисидаги, рақобат тўғрисидаги қонунларимиз қайтадан қабул қилинди. Ундан ташқари, жуда кўп қонунларга кичик-кичик ўзгартиришлар киритилди. Мисол учун, интеллектуал мулк ҳимояси тўғрисидаги қонун, реклама тўғрисидаги қонун ва жуда кўплаб қонунларга ЖСТ талабларига мослаштириш бўйича ўзгартиришлар киритилди.

Биз инвестиция тўғрисидаги қонунларни бирлаштириб, кодекс сифатида қабул қилишимиз керак. Шунингдек, Қонунчилик палатасида тадбиркорлик кодекси лойиҳаси кўриб чиқиляпти. Умумий тадбиркорлик фаолиятини олиб борадиган ҳам маҳаллий, ҳам хорижий тадбиркорлик субъектлари учун бир хил шароитлар яратишни кўзда тутувчи жуда катта қонун лойиҳаси бу.

Президентнинг куни кеча қабул қилинган фармонига қарасангиз, божларни бирхиллаштириш масаласи қўйилган, булар ҳам қонунчиликда акс этиши керак. Мисол учун, тарифларни оладиган бўлсак, тамаки ва алкогол учун қўйилган акцизларни қисқартириб боряпмиз. 2026 йилгача маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан қоидалар бирхиллаштирилади.

“ЖСТга кирсак, ички протекционистик сиёсатдан воз кечишимиз керак”

— Муаммо протекционизм кучлилигида. Қанча протекционизм кучли бўлса, бизнинг экспорт салоҳиятимиз пасайиб боради, деб ўйлайман. Чунки қанчалик сиз ички бозорда рақобатдан ҳимояланган бўлсангиз, қанча очиқ қоидалар асосида курашмасангиз, албатта, ташқарига чиққанингизда у ердаги рақобат қоидаларига чидай олмайсиз. Агар биз савдони очадиган бўлсак, ЖСТга киришимиз ўз-ўзидан ички протекционистик сиёсатдан воз кечишга, барьерларни очишга тўғри келади. Бу – дунёнинг бир чеккасида, Германияда, Ҳиндистонда фаолият юритадиган тадбиркорнинг ҳам маҳсулоти кириб келишига ёрдам беради. Маҳаллий тадбиркор шу кунгача ички бозорда рақобатлашаётган бўлса, энди Германия, Ҳиндистондаги тадбиркор билан рақобатлашишига тўғри келади. Агар улар шу рақобатни енгадиган бўлса, Ўзбекистоннинг ичида хорижлик тадбиркордан кўра яхшироқ товар бера оладиган бўлса, бу демак эртага Германияга бориб, у ердаги истеъмолчига ҳам яхшироқ товар бера олади. Бу ўз-ўзидан экспорт салоҳиятини оширади.

Сиз сузишни ўрганишни истасангиз, катта бассейнга тушишингиз керак, кўлмагингизда сузаверсангиз, сузишни ўргана олмайсиз. Тезроқ протекционистик сиёсатдан воз кечайлик, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўзини ўзи эплай оладиган даражада шароит яратиб берайлик.

Таймлайн бор, бирданига бўлмайди. 2 йил – тадбиркорлар учун ўзининг устида ишлашга, рақобатга киришишга тайёрланиш учун муддат. Ҳақиқий тадбиркор рақобатдан қўрқмайди. Айрим тадбиркорлар ЖСТга аъзо бўлсак, биз синиб кетамиз деб хавотирланишяпти; ҳақиқий бизнесмен рақобат тарафдори бўлади. Чунки рақобат унга ўз устида ишлашга, янги марраларни забт этишга имконият яратади.

ЖСТга қўшилсак, эртага биз бойиб кетадигандек тасаввур бўляпти. Қўшилиш охирги мақсад бўлмаслиги керак, охирги мақсад – иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, бозор тамойилларини жорий этиш орқали тенг шароитлар яратиш бўлиши керак. ЖСТ мана шу мақсадларимизга эришишда восита бўлиши керак.

Музокараларда биз ҳали ривожланган давлатларга нисбатан имтиёзлар оламиз, ҳамма саноатимизни бирданига очиқ бозорга қўйиб юбормаймиз, чунки биламиз, рақобатда қийналишади. Бу корхоналарга ўзининг устида ишлаш учун яна бир имконият бўлади.

Бизнинг музокара жамоамизга ҳам қўйиладиган талаблардан бир шу – қанча профессионал бўлса, улар Ўзбекистон фойдасига кўпроқ имтиёз олиши, интеграциямиз енгилроқ кечиши учун қулай шарт-шароитларни олади. Бу жараённи тезлаштириш учун профессионал жамоа бўлиши, уларга маблағ ажратилиши керак. Ўтган йили ЖСТ масалалари бўйича президент вакили лавозими жорий қилинди, комиссияга биринчи марта 30 млрд сўм маблағ ажратилди, бу доимий Женевага бориб музокараларни самарали қилишга қўллаб-қувватлов бўляпти. Умид қиламизки, бу жамоа, идоралараро комиссия буни ҳис қилган ҳолда Ўзбекистон манфаатларига яхши бўладиган кўпроқ имтиёзли шартларни олишади.

ЖСТга кириш томон муҳим фармон: кейинги қадамлар савдо барерларини олиб ташлаш бўлади

— Узоқ йиллардан бери давом этаётган эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилиняпти, тўғри ҳаммаси ҳам эмас. Лекин бу – босқичма-босқич кечадиган жараён. UzGasTrade'нинг табиий газни сотиб олиш ва сотишдаги ягона операторлик ҳуқуқи бекор қилинишининг ўзи энг катта қадамлардан бири бўлди деб ўйлайман. Биз биламиз, энергетика бозори иқтисодиётнинг катта драйвери, бюджет субсидиялари кетадиган оғриқли нуқтамиз. Бу энергетика соҳасида бошланган ислоҳотларнинг давоми деб ўйлайман. Нархларни либераллаштириш орқали давлатнинг олиб-сотишдаги ҳуқуқларини чеклаган ҳолда, хусусий сектор ўйинчиларига бериш борасидаги сигнал деб ўйлайман. Шу фармондаги вазифалар ижроси таъминланса, менимча, катта қадам бўлади. Бу бошланиши, 2026 йилгача вақтимиз бор.

Ҳужжатда жуда кўп бандлар лойиҳалар тақдим этиш билан боғлиқ. Яъни бу охири эмас, божларни кўриб чиқиш бўйича топшириқлар кетган, яъни бу топшириқлар асосида кейинги босқичларда эксклюзив ҳуқуқларнинг бекор қилиниши, савдо барьерларини бекор қилиш назарда тутиляпти.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид