Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кванжу қўзғолони – Жанубий Кореяда ҳарбийларнинг давлат тўнтаришига қарши чиққанлар намойиши қандай бостирилганди?
1980 йилда Кореяда ҳарбийлар давлат тўнтаришини уюштиришади ва генераллардан бири ҳокимиятни эгаллаб олади. Шундан сўнг Кванжу шаҳрида талабалар мамлакатни ҳарбийлар бошқаришига қарши норозилик намойишлари ўтказишади. Уларга бошқалар қўшилади. Бироқ намойиш қонли тарзда бостирилади. Ўшанда кўплаб одамлар ўлдирилган ва ярадор қилинган эди.
Бугун Жанубий Корея дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири ҳисобланади. Корея яриморолининг жанубий қисмида жойлашган бу давлат ҳудуди Ўзбекистон ҳудудидан қарийб беш баравар кичик.
Унинг ҳудуди бор-йўғи 100 210 километр квадрат бўлиб, дунёда 107-ўринни эгаллайди. Жанубий Кореяда одамлар жуда зич яшайди ва 52 млн аҳоли билан у дунё давлатлари орасида 27-ўринга жойлашган.
2023 йилда Жанубий Кореянинг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 1,8 триллион долларни ташкил этди ва у аҳоли жон бошига 35 минг доллардан тўғри келди.
Жанубий Кореяда кўплаб йирик компаниялар бор ва улар ишлаб чиқараётган турли маҳсулотлар дунё бўйлаб сотилади. Айниқса, электроника маҳсулотлари, автомобилсозлик, махсус техникалар ва кемасозлик ривожланган.
Корея фуқаролари жуда фаровон яшайди. Ҳар йили мамлакатга бошқа давлатлардан ишлаш учун юз минглаб одамлар кириб келишади. Мамлакат бундай даражага чиқиш учун оғир дамларни бошидан ўтказган.

Агар тарихга назар ташланса Жанубий Кореянинг оёққа туриши осон бўлмаган. Мамлакат 1950 йилда шимолликлар оккупацияси остида қолган. Кейинчалик оёққа тура бошлаганда бир неча марта давлат тўнтариши уюштирилган.
Ана шундай давлат тўнтаришларидан бири 1980 йилда ҳарбий генерал томонидан амалга оширилади. Шунда Кванжу шаҳрида таҳсил олаётган талабалар мамлакатдаги ҳарбий бошқарувга қарши намойишга чиқишади.
Тарихда “Кванжу қўзғолони” деб номланган бу ҳодисада ҳарбийлар ва полиция бўлинмалари қўзғолонни аёвсиз бостиради. Оқибатда кўплаб одамлар ҳалок бўлади, бедарак йўқолади. Минглаб одамлар яраланади ва ҳибсга олинади.
Қўзғолондан аввал ва унинг сабаблари
Барчаси 1979 йил 26 октябрда Корея марказий разведка бошқармаси бошлиғи Ким Же Гюнинг мамлакат президенти Пак Чон Хини отиб ўлдиришидан бошланади.
Суиқасддан сўнг Ким Же Гю ушланади ва тергов бошлаб юборилади. Мамлакатни ўшангача бош вазир бўлган Чхве Гю Ха вақтинчалик президент сифатида бошқара бошлайди. 1979 йил 8 декабр куни у ягона номзод сифатида мамлакат президенти этиб сайланади.
WordPress.com
Чхве Гю Ха сайловдан аввал конституцияни ўзгартириш ва мамлакатда демократик сайловлар ўтказишга ваъда беради. Унинг бу ваъдалари айримларга ёқмайди. Улар орасида Жанубий Корея ҳукуматининг собиқ аъзоси генерал Чон Ду Хван ҳам бор эди.
Шу сабабли орадан тўрт кун ўтиб, 12 декабр куни Чон Ду Хван ҳарбийлар билан тил бириктириб Сеулда давлат тўнтариши уюштиради.
Шундан сўнг генерал мамлакат олий қўмондонлигини ўз одамларига олиб беради ва президент Чхве Гю Ха унинг қўлида қўғирчоқ раҳбарга айланади.
1980 йил апрел ойида президент Чхве Гю Ха босим остида генерал Чон Ду Хванни Миллий разведка агентлиги раҳбари этиб тайинлайди. Амалда бу лавозим эгаси Кореяда президентдан сўнг иккинчи қудратли шахс ҳисобланади.
Dreamwiz.com
Май ойида Чон Ду Хван қўл остидаги ҳарбийлар билан Кореяда ҳокимиятни де-факто тўлиқ эгаллаб олади. Шундан сўнг мамлакатда норозилик бошланади.
Ҳодисалар ривожи
1980 йил 18 май якшанба куни эрталаб гарчи дарслар бўлмаса ҳам Кванжу шаҳрида жойлашган Чоннам миллий университети дарвозаси олдига 200 нафар талаба намойиш ўтказиш учун йиғилади.
Талабалар мамлакат бошқаруви ҳарбийлар қўлига ўтганидан норози эди. Ҳодиса жойига дарҳол 30 нафар десантчи ҳарбий етиб келади.
Соат 10:00 ларда ҳарбийлар талабаларни тарқатиш учун куч ишлата бошлайди. Бунга жавобан улар ҳарбийларга тош улоқтиришади. Тушдан кейин намойиш ўтказиш жойи ўзгаради ва талабалар ҳамда бошқалар шаҳар марказидаги Кимнамно даҳасида тўпланади.
Соат 16:00 да Кимнамнога 700 га яқин ҳарбий етиб келади ва куч билан намойишчиларни тарқата бошлайди. Бунда улар намойишчиларни махсус таёқлари билан аямай савалашади. Оқибатда оғир тан жароҳати олган 29 ёшли йигит ҳалок бўлади.
Ҳарбийларнинг намойишчиларга куч ишлатгани ва бир йигитни ўлдиргани шаҳарга овоза бўлгач 19 май куни Кванжу кўчаларига янада кўпроқ одам чиқади. Маълумотларга кўра 20 май куни уларнинг сони 10 минг нафарга етади.
20 май куни Кванжуга ҳарбийларнинг қўшимча бўлинмалари олиб келинади. Улар бу сафар намойишчиларни ўқотар қуроллардан ўққа тутишади.
Кванжуда одамларни ўққа тутишгани ҳақидаги хабар бутун мамлакат бўйлаб тарқалгач 20 май куни тунда бу шаҳарга бошқа жойлардан ҳам одамлар кела бошлайди.
Жуда кўп ҳайдовчилар намойишчиларга қўшилиш учун юк машиналари ва бошқа махсус транспортлар билан келишади. Улар ҳарбийларнинг йўлларини тўсиб қўйиш учун шундай қилишганди.
21 май куни Кванжудаги Чоннам провинцияси маъмурияти биноси олдига ва унга туташ кўчаларда 300 мингдан ошиқ одам тўпланади. Тушга бориб ҳарбийлар уларга қарата тартибсиз равишда ўқ уза бошлайди.
Бунга жавобан намойишчилар ҳам ўша атрофдаги полиция бўлимларига бостириб киришади. Улар полициячилардан қуролларни тортиб олишади ва ҳарбийларга жавоб ўқларини узишади. Шаҳар маркази намойишчилар қўлига ўтади.
22 май куни Кванжуга бир неча армия бўлинмалари юборилади. Ҳарбийлар шаҳар атрофини ўраб олишади. Шаҳарга кириб чиқиш ёпилади.
23 май куни Живон-дон шаҳридан Кванжудаги камойишчиларга ёрдамга келган автобус шаҳар четида ўққа тутилади. Оқибатда унда барча одам ҳалок бўлади.
24 май куни эса ҳарбийлар Кванжу яқинидаги сув омборида чўмилаётган болаларни отиб ўлдиришади. Ўша куни тунда ҳарбийлар янглишиб бир-бирини ўққа тутади ва 13 ҳарбий ҳалок бўлади.
Шаҳар ҳарбийлар томонидан ўраб олиниб қамал қилинган пайтда унинг ичида бўлган намойишчилар Ҳисоб қўмитасини тузишади. Бу қўмитага ўқитувчилар, профессорлар, талабалар етакчилари ва ҳуқуқшунослар киритилади.
Қўмита ҳукумат олдига ўз талабларини қўяди. Намойишчиларнинг асосий талаби мамлакатда ҳарбийлар ҳукмронлигини тугатиш, демократик сайлов ўтказиш эди. Бироқ генерал Чон Ду Хван бу талабларни эшитишни ҳам хоҳламайди.
Ўз навбатида ҳарбийлар ҳам шаҳардаги намойишчилардан қўлларидаги қуролларни топшириш ва уйларига тарқалишни талаб қилади. Бироқ намойишчилар ҳукумат талабларини бажармаса тарқамасликларини маълум қилишади.
25 майдан бошлаб Кванжуга яқин бўлган Хвасун, Нажу, Хэнам, Мокпхо, Йонам, Канжин ва Муан шаҳарларида ҳам намойишлар ўтказилади.
26 май куни ҳарбийлар Кванжуга бостириб кириш режасини ишлаб чиқишади. 27 май куни штурм бошланади. Катта кучга эга бўлган ҳарбийлар ҳеч кимни аяшмайди.
Шу тариқа 28 май куни Кванжу ва унинг атрофидаги барча шаҳарларда ҳарбийлар намойишларни аёвсиз тарзда бостиришади.
Ҳарбийларнинг намойишчиларга нисбатан жуда шавқатсизлик қилаётганини кўрган кванжуликлар уйларига кириб яширинишади. Қўзғолон бостирилади. Унгача эса ҳарбийлар кўплаб инсонларни отиб ташлашади.
Ҳодиса қурбонлари ва жароҳатланганлар
Кванжудаги намойишларда тинч аҳоли вакилларидан 300 мингга яқин одам қатнашган. Намойишчиларни тарқатиш учун 25 мингдан ошиқ ҳарбий, қарийб 20 минг нафар полициячи жалб қилинган.
Расмий маълумотларга кўра, намойишчилардан қарийб 200 киши ўлдирилган, 80 га яқин инсон бедарак йўқолган. 3 500 дан ошиқ одам турли даражада ярадор бўлган. Намойиш бостирилгач қарийб 1 500 киши ҳибсга олинган.
Ҳарбийлар ва полициячилардан намойишларни бостириш пайтида 22 аскар (улардан 13 нафари ҳарбийлар янглишиб бир-бирларини отганда ўлган) ва 4 полициячи ҳалок бўлган. 100 дан ошиқ ҳарбий ва 150 га яқин полициячи яраланган.
Турли норасмий маълумотларда ҳар икки тарафдан ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони расмий маълумотларда айтилганидан бир неча баробар кўп бўлгани ёзилган. Айниқса намойишчилар орасидан ўлганлар ва яраланганлар сони кўп бўлгани айтилади.
Кванжу қўзғолони бостирилгандан сўнг 1980 йил 16 август куни генерал Чон Ду Хван президент Чхве Гю Хани батамом ағдариб ташлайди ва ўзи президент бўлиб олади. Шундан сўнг Чхве Гю Ха катта сиёсатдан кетади ва нафақага чиқади.
Корея Чон Ду Хваннинг ҳарбий бошқарув даврида
Кванжу қўзғолонидан сўнг Чон Ду Хван мамлакат конституциясини янгилайди. Бу конституцияда 1972 йилда қабул қилинган конституцияга қараганда аҳолига кўпроқ эркинлик берилганди.
Бироқ унда ҳам ҳокимиятга жуда кенг ваколатлар берилиши назарда тутилганди. Шу сабабли Корея аҳолисида ҳарбийлар ҳокимиятига қарши норозилик сақланиб қолаверади.
1983 йилда генерал Чон Ду Хван Мянмага (Бирмага) давлат ташрифи билан боради. У пойтахт Рангундаги ёдгорлик мажмуасига борганда бомба портлайди ва Корея ҳукуматининг 21 аъзоси ҳалок бўлади. Чон Ду Хван икки дақиқа кеч боргани учун тирик қолади.
1985-1986 йилларда Кореяда иқтисодий ўсиш барқарор бўлади ва шу сабабли ҳарбийлар ҳокимиятига қарши норозилик ҳаракатлари бироз тинади.
Бироқ 1987 йилда Жанубий Кореяда Чон Ду Хван бошчилигидаги ҳарбийлар бошқарувига қарши кенг кўламда намойишлар бошланади.
Шундан сўнг ҳукумат сиёсий ислоҳотлар ўтказилишини ва президентлик сайловлари умумхалқ сайловлари кўринишида ўтказилишини маълум қилади. (Унгача Кореяда президентни вакиллар сайлашган.)
Шунда ҳам намойишлар тўхтамагач Чон Ду Хван истеъфога чиқишга мажбур бўлади. Шундан сўнг уни ва оиласини коррупцияда айблашади ва 1988 йилда генерал хизмат қилиш учун ибодатхонага кетади.
Орадан икки йил ўтгач уни ҳибсга олишади ва тергов бошланади. Бир неча йил давом этган тергов жараёнларидан сўнг 1995 йилда генерал Чон Ду Хван ҳокимиятни куч билан босиб олишда айбланади ва ўлим жазосига ҳукм қилинади. Бироқ кўп ўтмай ўлим жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилади.
1998 йилда Кореяга Ким Дэ Чжун раҳбар бўлгач у Чон Ду Хванни авф этади. Генерал қамоқдан озод қилинади. Ўшанда Корея матбуоти қизиқ бир ҳодиса тарихини ёзиб чиқади.
Гап шундаки, 1980 йилда Кванжуда бўлиб ўтган намойишларда Ким Дэ Чжун намойишчиларнинг лидерлари орасида бўлган. Ўшанда у ҳам ҳибсга олинади ва ўлим жазосига ҳукм қилинади.
Кўп ўтмай Чжунга берилган ўлим жазоси умрбод қамоқ жазосига алмаштирилади. У бир муддат қамоқда ётгач генерал Чон Ду Хван Ким Дэ Чжунни авф этади.
Коммерсант
1998 йилда президент Ким Де Чжун ўша “қарзни қайтарган” ва бир пайтлар жонини асраб қолган генерални афв этиб, унинг жонини асраб қолган эди.
Чон Ду Хванга илк жазо берилганда унга давлатга етказилган 370 млн долларни тўлаб бериш мажбурияти ҳам юкланган эди. Генерал 2021 йилда 91 ёшида вафот этди, бироқ унинг оиласи бу қарзни ҳамон тўлаб келмоқда.
Бугун Жанубий Кореяда Кванжу қўзғолони қатнашчилари миллий қаҳрамонлар каби эсланади.
alamy.com
Кванжуда улар шарафига ёдгорлик ўрнатилган. Аксарият кореяликлар айнан Кванжу қўзғолони туфайли ҳарбий диктатурадан қутулганмиз деб ҳисоблашади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
07:40 / 27.03.2026
Жанубий Корея биринчи серияли KF-21 қирувчисини намойиш қилди
12:25 / 19.03.2026
Жанубий Кореяда Ўзбекистон фуқароси вафот этди
12:26 / 19.02.2026
Жанубий Корея собиқ президенти Юн Сок Ёл умрбод озодликдан маҳрум этилди
20:42 / 16.02.2026