Жаҳон | 07:40
2255
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея биринчи серияли KF-21 қирувчисини намойиш қилди

Жанубий Кореяда ўзининг KF-21 қирувчисининг биринчи серияли нусхаси тақдим этилди. Бу муҳим босқич дастур қанчалик тез суръатларда илгарилаганини кўрсатади: биринчи прототип намойиш этилганидан бери беш йил ўтди.

Фото: Office of the President of South Korea

Янги авлод қирувчиларини яратишга оид бошқа дастурлар фонида ишланма суръати айниқса таъсирли кўринади, гарчи Сеул бундай қисқа муддатга сиғиш учун бир қатор сезиларли соддалаштиришларга борган бўлса-да.

Биринчи серияли KF-21 — у яна «Бораме» номи билан ҳам танилган, бу корейс тилидан таржима қилинганда «лочин» деган маънони англатади — икки ўриндиқли самолёт бўлиб, у Сеулнинг жануби-шарқида жойлашган Сачхон шаҳридаги Korea Aerospace Industries штаб-квартирасида ўтказилган маросимда намойиш этилди.

Президент Ли Чжэ Мен ушбу қирувчи Жанубий Кореянинг суверен ривожланиш ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш воситаларини яратишга интилиши рамзи эканини айтди. У, шунингдек, мамлакатни мудофаа соҳасида дунёнинг етакчи тўрт давлати қаторига олиб чиқиш ниятини таъкидлади.

Ҳеч қандай шубҳа йўқки, Жанубий Корея мудофаа ишлаб чиқариши соҳасида жуда тез суръатда асосий ўйинчилардан бирига айланмоқда ва буни йирик экспорт шартномалари тобора кўпроқ тасдиқламоқда.

KF-21'дан ташқари, Ли шунингдек, мамлакатга катта хорижий савдоларни таъминлаб берган K9 Thunder ўзиюрар гаубицаси ва Cheongung зенит-ракет комплексини ҳам тилга олди. Ҳарбий авиация соҳасида эса T-50/FA-50 ўқув-жанговар самолёти ҳам жаҳон бозорида жиддий ўйинчи сифатида ўзини намоён қилди.

Аввалроқ эълон қилинган режаларга кўра, Корея Республикаси Ҳарбий-ҳаво кучлари 2028 йилгача 40 та KF-21 қирувчисини, 2032 йилгача эса уларнинг умумий сонини 120 тага етказиши керак.

Бундай тез тараққиётга Жанубий Кореянинг янги авлод қирувчиларини яратиш бўйича бошқа дастурлардан анча фарқ қилувчи ёндашувни танлагани сабаб бўлди.

KF-21 бошиданоқ ўзига хос барча хусусиятларга эга тўлақонли бешинчи авлод қирувчиси сифатида кўрилмаган. Бунинг ўрнига Сеул уни «4,5-авлод» синфига киритади — бу атама одатда 1990-йиллардан буён пайдо бўлган янги ёки чуқур модернизация қилинган қирувчиларга нисбатан қўлланади.

«Ҳақиқий» бешинчи авлод самолётларидан фарқли ўлароқ, KF-21 конструкцияси аввало кам сезиларлилик тамойили атрофида қурилмаган, сенсорлар интеграцияси даражаси эса, масалан, F-35 Lightning II'дан анча паст.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид