Ўзбекистон | 11:34 / 07.08.2021
3549
2 дақиқада ўқилади

Интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузувчи ноҳалол тадбиркорлар реестри тузилади

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг “Интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузувчи ноҳалол тадбиркорлик субъектлари реестрини тузиш ва юритиш тартибини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузувчи ноҳалол тадбиркорлик субъектлари реестри - бу электрон кўринишдаги маълумотлар базаси бўлиб, у Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан шакллантирилади.

Реестрни тузиш ва уни юритиш ишлари Қўмита таркибидаги интеллектуал мулк соҳасидаги ноҳалол рақобат ҳолатлари бўйича келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқишга масъул бўлган бўлинма томонидан амалга оширилади.

Реестр жадвал шаклида тузилади ва унда реестр тартиб рақами, интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ноҳалол тадбиркорлик субъектларининг номи, Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасининг бузилган қисми ва хатбошиси, қонунбузилиш мазмуни, Қўмита ва ҳудудий органлар махсус комиссиялари қарори ва санаси, ноҳалол тадбиркорлик субъектини реестрга киритилган санаси кўрсатилади, шунингдек ҳуқуқлари бузилган тадбиркорлик субъекти товар белгисининг ёки савдо белгисининг ҳамда тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқларини бузувчи бошқа тадбиркорлик субъекти савдо белгисининг ифодаси  жойлаштирилади.

Қўмита ва ҳудудий органлар махсус комиссиялари томонидан тадбиркорлик субъекти интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган деб эътироф этилиб, тегишли қарор қабул қилинган санадан бир ой ўтгандан сўнг, яъни қарор устидан  қонунчиликда белгиланган муддатда шикоят қилинмаса, ушбу тадбиркорлик субъекти реестрга киритилади.

Агар Махсус комиссия қарори устидан белгиланган муддатда Қўмита ҳайъатига ёки судга шикоят қилинган бўлса, ушбу органларнинг қарорлари қонуний кучга кирмагунча тадбиркорлик субъекти реестрга киритилмай туради.

Мавзуга оид