Жаҳон | 07:41 / 11.08.2025
8344
2 дақиқада ўқилади

Эрон расмийси: Зангезур йўлаги «Трамп ёлланма аскарлари қабристони»га айланади

Эрон расмийлари АҚШ Арманистон жанубидан ўтувчи, Озарбойжон ва Нахичивон эксклавини боғловчи Зангезур транспорт йўлагини назорат қилиш учун олишига қарши чиқди.

Фото: Tasnim

Эрон олий раҳбарининг халқаро ишлар бўйича маслаҳатчиси Али Акбар Вилоятий ислом республикаси йўлак яратилишига йўл қўймаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бундай йўлак АҚШ президентига тегишли йўл эмас, балки «Доналд Трамп ёлланма аскарлари қабристони»га айланади.

Вилоятий Эрон ҳар доим Зангезур йўлагини яратишга қарши бўлгани, чунки бу Эрон чегараларини қайта кўриб чиқишга ва Арманистоннинг парчаланишига олиб келиши, шунингдек, Жанубий Кавказ хавфсизлигини хавф остига қўйишини таъкидлаган. У бундай йўлак яратилишини Эрон ва қўшни давлатларга қарши сиёсий фитна деб баҳолаган.

«Натижада Эрон Россия билан бирга ёки Россиясиз Жанубий Кавказ хавфсизлиги манфаатларига мувофиқ ҳаракат қилишини таъкидламоқда. Бизнинг фикримизча, Россия ҳам бу коридорга стратегик жиҳатдан қарши», – дея Вилоятийнинг сўзларини келтирган Tasnim агентлиги. Унинг қайд этишича, Эрон «ўз манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга».

Эрон олий раҳбари маслаҳатчиси қўшимча қилишича, Озарбойжонга Нахичивон автоном республикасига бориш учун алоҳида йўлак керак эмас, чунки бундай алоқа учун Эрон ҳудудидан фойдаланиши мумкин.

Арманистон ва Озарбойжон 8 август куни АҚШ воситачилигида ҳарбий ҳаракатлардан воз кечиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Декларацияга Озарбойжон ва Нахичивон эксклави ўртасида транспорт йўлаги яратилиши ҳам кўзда тутилган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид