Ўзбекистон | 19:18 / 03.03.2021
10645
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ҳокимлиги муҳтожлар учун мингта уй-жой ижарасини зиммасига олади – Ортиқхўжаев

Тошкент шаҳрида маҳаллий ҳокимият муҳтожлар учун мингта уй-жой ижарасини тўлаб беради. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасидаги вазифалар бўйича видеоселекторда маълум қилди.

«Уй-жой масаласи жуда жиддий, айниқса Тошкент шаҳрида бир неча оилалар бир ҳовлида яшашади. Ўзим ҳам шундай яшаганман, бир неча оила бирга турганмиз, кейинчалик имкон қилиб алоҳида чиқиб кетганмиз. Лекин у пайтлар одамлар анча сабрли эди.

Бирга яшагандан кейин турли муаммолар туғилади, гигиена масалалари бор, муҳит туфайли ажримлар кўпаяди. Шу боис қабул қилинаётган қарор жуда муҳим.

Ҳозирги кунда Тошкентда қиммат уйлар бўш турибди, лекин улар сотиб олинган. Биз ижара тизимини кенгроқ йўлга қўйишимиз керак. Масалан, Туркия, Германия каби давлатларда 65-85 фоизгача одам ижарада яшайди. Яъни оила тинчлиги учун ижарада яшаш у қадар уятли иш эмас.

Маҳаллий ҳокимият муҳтожларга мингта уй-жой ижарасини ўз зиммасига олади», дея шаҳар ҳокимининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бундан олдинроқ аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид янги фармон тайёрлангани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид