Ўзбекистон | 18:50 / 04.03.2026
5203
2 дақиқада ўқилади

Тошкент бош режасининг ўзгариши: энди айрим жойларда 30-40 қаватгача қурилиш қилса бўлади

Тасдиқланганидан кейин 14 ой ўтиб ўзгартирилган Тошкент шаҳри бош режасида қатор ҳудудлардаги янги биноларнинг баландлик чеклови кескин оширилди. Масалан, энди Бешёғочда 28-32 қаватгача бино қураверса бўлади – бош режа ўзгармасидан олдин бу ерда 9-12 қаватдан баланд биноларга рухсат йўқ эди.

Фото: Kun.uz

Kun.uz аввалроқ хабар берганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 28 феврал кунги қарори билан Тошкент шаҳри бош режасига ўзгаришлар киритилди.

Telegram'даги Davletovuz канали ўзгаришлардан кейин қатор ҳудудларда янги биноларнинг баландлик чекловлари оширилганига эътибор қаратди.

“Хусусан, Мирзо Улуғбек тумани Навниҳол ва Олимлар маҳаллаларида бинолар 27 қаватгача (амалда 5 қаватгача эди), Олтинтепа маҳалласидаги реновация қилинадиган бинолар 16 қаватгача қурилиши мумкин.

Бектемир туманидаги янги лойиҳалар 25-30 қаватгача, Миробод тумани Мингўрик маҳалласида 28 қаватгача, Янги Миробод маҳалласида 20-40 қаватгача бўлади.

Сергели туманида 30 қаватгача, Олмазор туманида 18 қаватгача, Шайхонтоҳур туманида 12-29 қаватгача, Чилонзор тумани Бешёғочдаги қурилиш 28-32 қаватгача (бунгача 9-12 қават мумкин эди), Янгиҳаёт туманида 28 қаватгача, Учтепада 33 қаватгача бўлиши мумкин”, – дея ёзди блогер.

Тошкент шаҳрининг 2048 йилгача мўлжалланган бош режаси узоқ кечикишлардан кейин 2024 йил 24 декабр куни тасдиқланган эди. Лекин орадан бир неча ой ўтиб, бош режага зид кўплаб қурилишларнинг лойиҳалари пайдо бўлиб, тақдимотлар қилина бошланган эди.

28 феврал кунги қарор асосида, шаҳар бўйлаб жами 1,5 минг гектар майдонда умумий қиймати 14,5 млрд доллар бўлган 30 та йирик кўчмас мулк лойиҳаси амалга оширилиши белгиланди. Бу йирик мажмуалар, хусусан реновация қилинадиган мавзелар ҳудудининг камида 30 фоизи яшил майдонлар бўлиши керак.

Айни пайтда, пойтахтда ер майдони 1 гектаргача бўлган кичик ва зич қурилишлардан воз кечилиши, шаҳарда 9 та янги яшил ҳудуд – жамоат парки ташкил этилиши кўзда тутилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид