Light | 13:48 / 01.08.2018
9017
6 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тармоқлар осиёлик ёшлар учун нега бу қадар муҳим?

2008 йилда Индонезиядаги Калибиру қишлоғи аҳолиси тоғнинг баланд қоясида зиплайн – пўлат канат бўйлаб тоғдан экстремал тушишни сайёҳларни жалб этиш учун қуришди. Бироқ одамлар у ерга адреналин эмас, Instagram’га идеал сурат олиш учун келишарди.

Маҳаллий аҳоли зиплайнни қайта ишлаб, ижтимоий тармоқлар учун сурат олиш жойига айлантиришди. Камералар ўрнатишди ва сураткашларни ишга олишди. Мақсад – одамларга ғаройиб суратларни олишга ёрдам бериш. Суратлар дарҳол ташрифчилар телефонига юбориларди.

Осиёда бу каби инстаграм жойлашувлар жуда кўп. Бунга талаб ҳам бор – ёшлар ижтимоий тармоқлар орқали ўз таассуротларини бўлишишни истайди. Бугун одамлар нафақат бирор нарсани кўриш учун, балки уларни кўришлари учун ҳам саёҳат қилишмоқда. Бу эса шаҳарлар учун фойдали. Кўп одамлар бошқаларнинг таътилидаги суратларни кўриб, ўзлари ҳам ўша жойга боришни истаб қолишади.

Фото: Instagram/leovoi

Instagram, WeChat ва Facebook каби блог ва сайтлар туфайли Калибиру қишлоғи жуда машҳурликка эришди. Баъзида суратга тушишни истовчилар олти соатлик навбатда туришларига тўғри келади. Бу қўшни манзилгоҳни 100 минг доллар тўплаш ва қўриқхона ўрмонида иккинчи суратга тушиш жойини очишга ундади. Ҳар иккала қишлоққа  ҳар ҳафта 7 мингга яқин киши ташриф буюради.

McKinsey & Co., Visa Inc. ва Singapore Tourism Board маълумотларига қараганда, Хитойдаги 97 фоиз ёш сайёҳлар ўз таътилларидаги суратларни интернетга жойлаштиради. 2020 йилга келиб хитойликларнинг хориждаги саёҳатлари учун харажатлари 340 миллиард долларгача етиши кутиляпти.

Эндиликда Осиёда мавқе Louis Vuitton ва дизайнерлик кийимлари билан эмас, саёҳатлар билан белгиланмоқда. Саёҳатлар учун Klook иловаси асосчиси бу тенденцияни “бой берилган фойда қўрқуви” дея номлаяпти. (ингл. FOMO – Fear of missing out). Одамлар дўстларининг Facebook’даги суратларини кўриб, айнан шундай ёки ундан-да яхшироғига эришишни исташмоқда.

“Барча Instagram’да идеал суратга эга бўлишни истайди. Ўзига тўқ сайёҳларнинг янги авлоди шаффофликни хоҳлайди, шунинг учун ҳам эксклюзив, аввал маълум бўлмаган жойларни излайди”, - дейди Индонезиядаги Bawah Island эко-дам олиш маскани эгаси ва раиси. Бу ерга ташрифчилар гидросамолётда етказилади ва у ерда меҳмонхонага тегишли дронлардан фойдаланиб, қуш учадиган баландликдан ғаройиб видеоларни суратга олиши мумкин.

Фото: Bloomberg

Токио ва Сеулда фото-қаҳвахонада столда ўтириб, тирик эчки билан латте ичиб, суратга тушиш мумкин. Сиднейда “аккаунтларни ижтимоий тармоқларда машҳур қилиш” бўйича ўз-ўзини мутахассис деб эълон қилганлар одамлардан 123 доллар олишади. Гонконгда 600 долларга Instagram’да таомлар сурати бўйича икки соатли курсни ўтишингиз мумкин.

Ижтимоий тармоқлар осиёлик ёшлар учун шу қадар муҳимки, сайёҳларни суратга олишга таклиф қилмайдиган гидлар сайтларда салбий баҳолар олади, - дейди Klook Travel онлайн-агентлиги асосчиларидан бири Эрик Гнок Фа.

У ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ эрмаклар энг тез ўсаётган сегментлар қаторига киради, дея ҳисоблайди. Масалан, Киотода кимоноларни ижарага олиш машҳур – сайёҳлар японларнинг анъанавий, ёрқин кийимини кияди, уларнинг сочи турмакланади, суратчилар эса кун бўйи улар билан юриб, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларида суратга олади.

Фото: Bloomberg

Талабни ошириш мақсадида Klook’нинг 1,5 мингга яқин фойдаланувчиси ўзларининг қизиқарли жойларда олинган суратларини WeChat ва бошқа ижтимоий тармоқларга жойлаштиради. “Машҳур инстаграмерларнинг постлари реклама ўрнини босяпти. Минглаб обуначиларга эга тирик одамлар кўпроқ таъсирга эга ва самаралироқ”, - дейди Гнок Фа. 

Klear таҳлилий компаниясига кўра, 2016 ва 2017 йиллар давомида Instagram’даги бундай постлар сони икки баравар кўпайди.

Alliance Bernstein ташкилоти таҳлилчилари меҳмонхоналарга ижтимоий тармоқларга кўпроқ сармоя киритишни тавсия этишяпти. Улар сайёҳлар учун қандай қилиб жозибали бўлиш ҳақида маслаҳатлар ҳам беришади. Масалан, “ҳовузларни инстаграмга мос қилиш”, дизайнни эса “қизиқроқ” ишлаб чиқиш.

Фото: Bloomberg

Турар-жойни қисқа муддатли ижараси Airbnb онлайн-майдончаси хонадон эгаларига уйни тасвирлашда ёшларни ўзига жалб қиладиган бирор буюм, масалан “ётоқхонадаги винтаж ёпинчиқ”ни кўрсатишни маслаҳат қилишмоқда.

Шунга қарамай, баъзида сайёҳлар жойни ўз кўзлари билан кўриб “ҳафсалалари пир бўлиши мумкин”. Баъзилар Калибирунинг ғаройиб суратлари ҳақиқатга мос келмаслигини айтишади.

Фото: Bloomberg

Баъзида идеал селфини суратга олиш истаги ачинарли оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин. Хавфли жойларда суратга тушиш вақтида 260 га яқин киши ҳалок бўлган ёки оғир жароҳатланган. Сингапурлик эркак эчкиэмар билан суратга тушмоқчи бўлганида жонзот унга ҳужум қилган. Ҳиндистон, Замбия ва Таиландда суратга тушаётган тўрт нафар сайёҳ филлар оёғи остида қолган.

Австралияда гидлар ҳукуматдан Буюк океан йўли ёқасида мустаҳкамроқ тўсиқлар қуришни сўрашяпти. Чунки кўплаб ташрифчилар тўсиқдан ошиб ўтиб, яхшироқ сурат олиш учун қояга кўтарилмоқда.

Фото: Eto Tam

“Қоялар тез майдаланувчан, одамлар эса Instagram’га сурат олиш мақсадида жуда узоққа кетишни исташади. Ҳозирда бирор нарсани ўз кўзи билан кўриш эмас, барчага сен ўша ерда бўлганингни кўрсатиш муҳим”, - дейди Мельбурндаги The Little Penguin Bus эгаси ва туроператори Мак Маккрости.

Мавзуга оид