Ўзбекистон | 16:20 / 24.06.2024
11651
10 дақиқада ўқилади

Malibu'ни енгган K5, Tracker'га рақобатчи Sonet ва миллий автобренд орзуси: ADM Global раҳбари билан суҳбат

Жиззахда автомобил ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ADM Global компаниялар гуруҳи раҳбари Данияр Давлетияров Kun.uz'га интервю берди. У суҳбат давомида ADM  Jizzakh заводи қандай ташкил этилгани, компания нима учун UzAuto билан фақат юқорироқ сегментларда рақобат қила олиши, Lacetti ўрнига шу классдаги автомобил тақдим этиш режаси ва миллий автобренд яратиш орзуси ҳақида сўзлаб берди.

ADM Global компаниялар гуруҳи Kia, Chery, Haval, Hyundai Truck & Bus каби автомобил брендларининг Ўзбекистондаги расмий дистрибютори ҳисобланади. Гуруҳ таркибида, шунингдек, Kia, Chery ва Haval брендлари остида енгил автомобиллар ишлаб чиқарувчи ADM Jizzakh заводи ҳам фаолият юритмоқда.

ADM Global компаниялар гуруҳи раҳбари Данияр Давлетияров Kun.uz'га берган интервюсида Ўзбекистон автомобил саноатининг бугуни ва келажаги, маҳаллий ва халқаро бозорларда рақобатбардошликни ошириш стратегиялари ҳақида сўзлаб берди.

«2014 йилдан бери автомобил бизнеси соҳасида ишлаб келамиз. Биринчи Lada автомобилларини олиб кириб, сервис хизматларини йўлга қўйиш, салонлар очишни бошлаганмиз ва ўзимизни яхши кўрсатганмиз. У пайтда бозорда асосий ишлаб чиқарувчи UzAuto Motors эди. 2018 йилда автомобил ишлаб чиқариш қарорига келдик. Тегишли идоралар билан музокаралар ўтказганмиз, мақсад Ўзбекистонда йиғиш заводини очиш эди. Утилизация йиғимини камайтириш учун Ўзбекистонда завод қуришимиз керак, деб ҳисоблаб, ҳамкорлар билан келишганмиз. Kia, Lada, Renault компаниялари билан музокаралар олиб бориб, 2020 йилда завод қурилишини бошлаганмиз», дейди Данияр Давлетияров.

Ўтган йили ADM Jizzakh заводининг Жиззах вилояти санотида улуши 46 фоизни ташкил қилди. Ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, маҳаллийлаштириш ҳисобига 2024 йилда бу кўрсаткични 80 фоизга чиқариш режалаштирилган.

Ўзбекистонда автомобил бозоридаги вазият ҳақида

— Биз бу бозорда 2019-2020 йилда ишни бошлаган бўлсак, 2021 йилда бозорга тўлиқ кириб келганмиз. У пайт бозор бошқача эди: талаб кучли, таклиф эса кам. 2021 йилда 4 мингта, 2022 йилда 7 мингта, 2023 йилда 24 мингта машина сотганмиз ва харидорларга ўз вақтида етказганмиз. Масалан, ҳозирги вақтга келиб завод қуриш керак бўлганда қурмасдим, чунки ҳозир бозор тушяпти. Ўтган йили Ўзбекистон бўйича жами 405 мингта автомобил етказилган.

Бу йил эса бозор тушяпти. Масалан, апрел ойида сотувлар ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 11 фоиз кам бўлган. Ҳали бу тенденция давом этади, деб ўйлайман. Лекин Ўзбекистонда автомобилизация кам, мингта аҳолига 105 та машина тўғри келади, АҚШда бу 700 та атрофида. Инфляция, банк кредитлари фоизи баландлиги ҳисобига талаб камайган. Ҳозирги пайтда бозоримизда рақобат кучли, кўп брендлар кириб келган. Рақобат кучли, лекин талаб камайган айни пайт. 2024 йил охирида 2023 йилга нисбатан 5-7 фоиз тушади. Лекин узоқ муддатли прогнозга қарасак, масалан 2027 йилда йиллик автомобил хариди 600-700 мингтага етади.

Келажак автомобиллари: электромобилми ёки бензин?

— Бизда битта муаммо бор ҳозир. Бир неча йилдан кейин бензинда юрадиган автомобилларга чеклов қўйилмайдими? Ҳозир шу масала бўйича мурожаат қиляпмизки, стратегияни аниқлаб беринглар деб. Агар чеклов бўладиган бўлса, биз ҳозирдан инвестициямизни гибрид ёки электромобилларга йўналтиришимиз керак.

Бир неча йил олдин электромобиллар ишлаб чиқариш кенгайиб кетади, дейиларди. Лекин ҳозирги таҳлилларимизга кўра, электромобиллар бозорнинг 15-20 фоизини эгаллаши мумкин, яна 15-20 фоизи гибрид, қолгани анъанавий машиналар бўлади. Шунинг учун давлат билан музокаралар қилиб, бирга ишлаб, таҳлиллар бўйича инвестициямизни қаерга йўналтиришни белгилаб олишимиз керак. Кейин бизга экспорт қилиш талаби қўйилган, шу сабаб биз экспорт қилишимиз мумкин бўлган қўшни ва минтақавий давлатлар бозорига ҳам қаралади, Россия, Қозоғистон каби давлатларда ҳали ҳам анъанавий двигателли машиналардан фойдаланилади. Шунинг учун асосий урғу, тахминан 75 фоиз, барибир бензинда ишлайдиган машиналарга бўлади.

Экологик стикерлар киритиш амалиёти таклиф этиляпти, биз бунга тўлиқ қўшиламиз. Ўзим Қорақалпоғистонда туғилиб ўсганим учун экология борасида кўп нарсани, оғриқли томонларини биламан. Бу қарор бўйича ҳам аниқ бандлар кўрсатилса, компаниялар ҳам шунга қараб мослашади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналарга заводлар томонидан стикерлар берилиши керак бошидан. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулот бўлиб, сертификациядан ўтгани учун стикерларни заводлар бериши ваколати тақдим этилишини таклиф қиляпмиз ҳозир. Агар давлат Евро-5 талабини қўйса, биз шу бўйича ишлаб чиқариб, ўзимиз стикер қўйиб бероламиз. Ҳозир машиналар 3 йил ичида яшил стикерда бўлади ва ундан кейин яна сертификацияга бориши керак. Биз шуни 5-10 йил қилишимиз ҳам мумкин.

Бензин сифати масаласи ҳам бор. Машина Евро-5 ёки Евро-6 бўлса-ю, ёқилғи Евро-2 ёки Евро-3 бўлса, тутуни Евро-5 ники бўлиб қолмайди. Шунинг учун стандартлар икки томонлама, параллел кетиши керак.

Рақобат ва монополия ҳақида

Бугунги кунда Ўзбекистон бозорида рақобат кучли. Божхона импорт ставкаси 15 фоизгача туширилди, двигател кучига қараб ҳисобланадиган нормалар ҳам тушди. Двигатели 1 литргача бўлган машиналар ставкаси нолга тенг. 1,2 литргача 5 фоиз. Шунинг учун рақобат кучли ҳозир бозоримизда.

Монополия деймиз, бунақа аташга ўрганиб ҳам қолганмиз. Бир томондан тўғри ҳам, чунки бирор компания бозорда 40-50 фоиздан баланд улушга эга бўлса, автоматик тарзда монополия ҳисобланади.

Иккинчи томондан бугун Ўзбекистондаги расмий тўртта завод: бизнинг завод, BYD заводи, Asaka Motors, UzAutо Мotors ўртасида деярли фарқ йўқ, ишлаб чиқариш бир хил. Албатта, «Ўзавтосаноат» 30 йилдан бери ривожланиб келаётган давлат ташкилоти бўлгани учун ҳозирги кунда уларга тенглашиш бизга қийин, чунки шунча йиллардан бери улар қўллаб-қувватланган. Бугун биз ҳам рақобатлашишимиз, бир хил модел ишлаб чиқаришимиз мумкин, лекин мустақил ташкилот сифатида уларга тенглашиш бизга қийин. 30 йилдан бери улар бутун занжирни йўлга қўйиб бўлган. Уларнинг нархига тенглашиш жуда қийин, масалан биз ҳозир Cobalt ёки Onixʼга ўхшаган машина ишлаб чиқарамиз десак, бу нархда ишлаб чиқара олмаймиз.

Лекин бошқа сегментларда рақобатга тўлиқ тайёрмиз. Масалан, D сегментдаги седанлар: Malibu ва бизнинг K5 бор. Жорий йилнинг 4 ойи давомида биз 2000 тага яқин K5 сотдик. Расмий маълумотларга қаралса, шу вақтда Malibu 500 ёки 600 дона сотилган. Бу сегментда биз улардан кўп автомобил сотяпмиз.

Ҳозир Tracker билан деярли бир хил сегментдаги Sonet моделини ишлаб чиқаришни бошладик. Ўйлайманки, ҳар битта маҳсулот ўзининг харидорига эга. Моделлар бир-биридан фарқ қилади: бири узунроқ, бири калтароқ, бири турбо двигателли, бири оддий атмосферали.

Ҳозир С сегментдаги Lacetti бозордан чиқиб кетяпти, шунинг ўрнига биз шу тоифадаги бирорта модел тақдим қилишга ҳаракат қиляпмиз.

Ўзбекистонда машиналар нархи

Қайсидир давлатда арзон ёки қимматлиги ҳақида гапириш ҳаммага осон. Масалан, энг арзон автомобил ишлаб чиқариш ҳозир Хитойда. Тасаввур қилинг, Хитойда битта модел 1 млн дона чиқса, Ўзбекистонда 400 мингта ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқаришга кетадиган харажатлар иккаласида деярли бир хил. У ерда барча қисмлар ўзида ишлаб чиқаради, давлат тўлиқ қўллаб-қувватлайди, айланма маблағ учун давлат кредити фоизи 1 фоиз, бизда биласизми бу қанча – 10 фоиз.

Ҳар бир давлатнинг бозори учун ўз талаби бор. Хитойда ишлаб чиқарилган машина Ўзбекистонга тўғри келмайди. Бизнинг сертификациямиз қўшни давлатлар билан деярли бир хил. Чунки бир-биримизга экспорт қиламиз. Масалан, Хитой машиналари хавфсизлик бўйича бизнинг машиналардан пастроқ. Агар улар бизга тўғри келадиган машина ишлаб чиқарса, таннархи ошади уларнинг ҳам.

Демоқчиманки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарган ҳамёнбоп машинани бошқа давлатларда топиш қийин (техник жиҳатдан бир хилини). Хитой машиналар техник жиҳатдан бир хил эмас бизники билан, шу сабаб арзон.

Миллий автобренд яратиш

Ўзбек миллий автомобил брендини яратиш орзумиз. Шунча мутахассислар бор, заводлар қуриляпти бизда, бундай бозорни асраб қолиш керак. Кимдир энди шу миллий брендни яратиши керак – биз шу йўлдамиз. ADM Global компаниямиз логистика, автомобил ишлаб чиқариш каби соҳаларда фаолият олиб боради. Энди инжинирингда ҳам ишимизни олиб боряпмиз.

Миллий бренд яратишни олдинроқ қилиш керак эди. Ҳозир брендлар кўп бозорда, шу сабаб қийин, барчаси билан рақобат қилиш керак. Бир-икки йилда Ўзбекистон бренди билан автомобил тақдим қилмоқчимиз, 5-6 йилда эса электромобил таклиф қилмоқчимиз.

Умуман олганда, UzAuto'нинг Ravon бренди бор бу борада. Лекин ҳозир бу борада ишни давом эттиришмаяпти. Биз энди шу нарсага эришмоқчимиз. UzAuto билан биргаликда қилишимиз ҳам мумкин, уларда катта мутахассислар базаси бор. Насиб этса, миллий брендимиз экспортда ҳам харидоргир бренд бўлади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид