Ўзбекистонда алимент бўйича қарздорларнинг машинани бошқариш ҳуқуқи вақтинча чеклаб қўйилиши мумкин
“Алимент қарздорлигини ундириш тартиби такомиллаштирилаётгани муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳа билан тегишли қонунларга алимент тўлови бўйича қарздорларга нисбатан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини, шунингдек фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш ҳуқуқини вақтинча чеклашни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасида бир қатор асосий қоидалар назарда тутилмоқда. Хусусан, лойиҳага кўра давлат ижрочиси томонидан алимент тўлови бўйича қарздор жисмоний шахс томонидан ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.
Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш таъсир чораси ижро ишини юритиш белгиланган асосларга кўра тугатилганда ёки тамомлангунга қадар ёхуд алимент тўловини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича чеклов қўлланилишига асос бўлган қарздорлик бартараф этилгунига қадар бўлган муддатга қўлланилади.
Қарздорнинг транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини ёки лицензияланадиган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:
- суд қарорини ижро этиш учун етарли мол-мулк олиб қўйилган тақдирда;
- агар шундай чеклаш белгиланиши қарздор тирикчилигининг асосий ва қонуний манбаидан маҳрум қилса;
- агар қарздор биринчи ва иккинчи гуруҳ ногирони бўлса ёки қарздор қарамоғида Ўзбекистон қонунларида белгиланган тартибда биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони ёки ногирон бола деб тан олинган шахсга боғлиқ бўлса;
- агар қарздорга ижро ҳужжати талабларини бажариш учун кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган бўлса;
- агар вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса.
Давлат ижрочисининг алимент тўлови бўйича қарздор жисмоний шахснинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиниши ёки протест келтирилиши мумкин.
Ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда алимент тўлови бўйича қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси судга қарздорга лицензия беришни вақтинча тақиқлаш тўғрисида, шунингдек қарздорга илгари берилган лицензиялар, рухсатномалар ва махсус ҳуқуқларнинг амал қилиши тўхтатиб турилиши тўғрисида тақдимнома юборади.
Алимент тўлови бўйича қарздор жисмоний шахснинг фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тўғрисидаги суд қарорига асосан лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатиб турилиши мумкин.
Бошқариш ҳуқуқи чекланган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши худди шунингдек бошқариш ҳуқуқи чекланган шахсларга транспорт воситаларини бошқаришни топширилиши базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Мавзуга оид
14:08 / 13.11.2024
Тошкент вилоятида 3,3 триллион сўмлик солиқ қарздорлиги аниқланган — Бош прокуратура
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
10:18 / 02.11.2024