Иқтисодиёт | 16:18 / 18.02.2021
30621
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролари 1000 сўм туристик йиғим тўлайди. Бу нимани англатади?

1 мартдан кучга кириши кутилаётган фуқаролардан олинадиган туристик йиғим, туризм бизнеси билан шуғулланувчи айрим тадбиркорлар фикрига кўра, уни жорий қилишга ички туризмни ривожлантириш асос қилиб олинган бўлса-да, бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. ДСҚ эса йиғим ва солиқ тушунчалари янглиш тушунилаётганини таъкидлади.

Президентнинг ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга оид фармони билан жорий йил 1 мартдан бошлаб, Ўзбекистон фуқароларидан меҳмонхонада яшаган ҳар бир кун учун туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилиши белгиланди.

Таъкидланишича, эндиликда туризм компанияси ёки меҳмонхона Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки мамлакатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча яшаш учун жойлаштирганда, ҳар бир яшаган куни учун (яшаш учун тўловдан ташқари) Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда, туристик (меҳмонхона) йиғимни ҳам тўлайди.

Маълум қилинишича, маҳаллий аҳолидан йиғиладиган туристик (меҳмонхона) йиғим ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади. 

Туристик йиғим ҳам солиқми? ДСҚ изоҳ беради

Давлат солиқ қўмитасининг Kun.uz’га маълум қилишича, айрим ОAВ ва блогерлар томонидан йиғим ва солиқ тушунчаси янглиш талқин қилинмоқда.  

«Солиқ кодекси бўйича йиғим ва солиқ тушунчаларининг фарқи шундаки, йиғим маълум бир мажбурий тўлов эвазига уни тўловчига муайян ҳуқуқларни, ҳаракатларни ёки рухсат этувчи ҳужжатларни беришни назарда тутса, солиқ эса аксинча, мажбурий беғараз тўлов ҳисобланиб, бунда солиқни тўловчи шахсга йиғим сингари маълум бир ҳуқуқларни тақдим этмайди ва солиқлар фақат Солиқ кодекси билан белгиланади», – дейилади қўмита изоҳида.

Туристик йиғим ундирилиши маҳаллий тадбиркорлар учун  нимани англатади? Kun.uz туризм бизнеси билан шуғулланадиган айрим тадбиркорлар билан суҳбатлашди.

«Turon travel» компанияси таъсисчиси, тадбиркор Aбдурасул Aбдуҳалиловнинг фикрига кўра, фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан туристик йиғим ундирилиши мақсадга мувофиқ эмас.

«Aввало, туристик йиғим нималигини билишимиз лозим, бу – туристлардан Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантириш ва мамлакатни хорижда реклама қилиш учун сарфланадиган маблағлар учун йиғиладиган йиғим ҳисобланади. «Ўзбектуризм» қўмитаси халқдан туристик йиғим йиғиб Ўзбекистонни хорижда реклама қилади. Ички туризмни ривожлантириш учун давлат ички туристик объектларни реклама қилиши шарт эмас. Туристик йиғим жуда кичик сумма бўлган тақдирда ҳам у мақсадга мувофиқ эмас. Сабаби, Ўзбекистондаги тадбиркорлар, меҳмонхона, музей эгалари ички туризм учун рекламани ўзи ташкил қилади, чунки бу тижорат, бизнеснинг маркетинг қисми», – деди у.

Янги тартибга кўра, фуқаро туроператор орқали меҳмонхонани брон қилса, шартли равишда «Ўзбекистон» меҳмонхонасидаги 1 кишилик стандарт хона нархи 270 минг сўмни ташкил қилса, бу фуқаро учун туроператорга тақдим қилинган корпоратив нархлар асосида 200 минг сўмни ташкил қилади. Юқоридаги 10 фоиз чегирма ҳисобига эса меҳмонхона нархи 180 минг сўмга айланади.  

Масалан, ушбу хизмат Фарғона шаҳридаги «Зиёрат» меҳмонхонасида 180 минг сўмга тақдим этилади, туроператорлар корпоратив нархларда 150 минг сўмдан олиб, 10 фоизлик чегирма ҳисобига маҳаллий сайёҳга 135 минг сўмга тақдим қилади. Бунда туристик йиғим миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,4 фоизини – 980 сўмни ташкил қилади.

Абдуҳалиловнинг айтишича, туристик йиғим суммаси унчалик катта эмас, бироқ йиғим мажбурий бўлгандан кейин, йилига қанча маблағ йиғилиши, қаерга ва қандай тарзда сарфланиши каби саволларга халқ жавоб олиши керак.

«Чунки у давлатнинг эмас, халқнинг пули бўлади. Шу пайтгача катта меҳмонхоналарда турган хорижлик туристлардан туристик йиғим ундирилган, маблағлар сарфи халққа очиқ эълон қилиндими? Яна бир муҳим жиҳати, аслида, халқ мамлакат ичида дам олгани учун уларга давлат компенсация тўлаши керак, чунки маблағ четга оқиб кетмаяпти. Ички туризм ривожланиши учун мамлакат ичидаги туристларни қўллаб-қувватлаш, имтиёзлар бериш керак эмасми? Туркияни туристик ўлкага айлантирган президент Тургут Ўзал ички туристларга имтиёзлар берган, натижада Туркияда ички туризм ривожланди.

Туристик йиғим жорий қилиниши биринчидан, текширувлар ортишига (меҳмонхонада яшаётган турист рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганини аниқлаш учун) қолаверса, туристик фирмаларнинг тўловларни тўлай олмаслиги ортидан қонунбузарликлар ортиши, меҳмонхоналарда туриш нархи қимматлашишига сабаб бўлади. Натижада Ўзбекистонда ички туризм қимматлашади, ўзбекистонликлар қиммат ички туризмдан кўра четда дам олишни афзал кўради, қанчадан-қанча маблағ четга чиқиб кетади», – деб ҳисоблайди тадбиркор.

Kun.uz’га шахсини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган ўзбекистонлик тадбиркорнинг фикрича, ички туризм йўқ жойда қўшимча барьер қўйиш мантиқсизлик.

«Шунингдек, қарорда йиғим фақат мавсумий йиғилади дейилмаган, демак туристик мавсум кам бўлган пайтларда ҳам бу йиғим ички туризмга қўшимча тўсиқ бўлади», – деди у.

Яна бир туризм бизнеси билан шуғулланувчи тадбиркорнинг фикрига кўра, фуқаролардан ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан туристик йиғим ундирилиши меҳмонхона харажатларининг, шунингдек, хона нархларининг ошиб кетишига сабаб бўлади. У тушадиган сумма ички туризмни ривожлантириш учун сарфланади дейилганига қарамай, тарғибот тушунчаси мавҳум, шу билан бирга халққа бундан фойда йўқ, деб ҳисоблайди.

Туристик йиғим ундирилиши солиқ юкини оширмайдими?

ДСҚ ҳузуридаги Фискал институт катта ўқитувчиси Содиқ Боймуродовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, фуқаролардан ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан туристик йиғими ундирилиши солиқ юкини кўпайишига сабаб бўлмайди. Боймуродов Президентнинг ички ва ташқи туризмни ривожлантириш тўғрисидаги фармонига кўра, 2021 йил охирига қадар бериладиган имтиёзлар солиқ юкини ошмаслигини таъминлайди, деб ҳисоблайди.

«Чунки, мазкур фармоннинг 3-бандида 2021 йил 31 декабрга қадар туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкасини белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтириш белгиланди. Шунингдек, камида 10 кишидан иборат хорижий туристик гуруҳлар учун Ўзбекистон Республикасида тур ташкил этиш ва уларнинг жойлаштириш воситаларида камида беш кеча тунаб қолиши шарти билан туроператорларнинг авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатларини чипта нархининг 30 фоизи миқдорида қисман субсидияланади.

Фармонда туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар бўйича:

юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш;

улар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида белгилаш бўйича имтиёз ва преференциялар берилиши кўзда тутилган», – деди у.

Меҳмонхона бизнеси бўйича мутахассис Дилшод Одилов «гарчи маҳаллий туристик йиғимни оқламаса-да, пировардда халққа яхши бўлади» деб ҳисоблайди.

«Президент қарорига кўра, энди ички туризм бўйича, масалан, темир йўл чиптасини 100 минг сўмга харид қилиб, 5 кунга Самарқандга борсангиз ва айтайлик, 200 минг сўмлик меҳмонхонада тунаб қолсангиз, давлатдан сизга чиптанинг 15 фоизи (яъни 15 минг сўм) ва меҳмонхона нархининг 10 фоизи (100 минг сўм), жами 115 минг сўм қайтариб берилади. Ўз навбатида сиз маҳаллий турист сифатида янги жорий қилинган 1000 сўмлик маҳаллий турист йиғимини 5 кун учун 5000 сўм миқдорида тўлайсиз. Натижада 110 минг сўм сизга иқтисод бўлиб қоляпти», – дейди Одилов.

Мутахассиснинг фикрича, меҳмонхоналар йил охиригача нархга салмоқли таъсир кўрсатувчи, меҳмонхоналар учун энг оғир солиқ ҳисобланган – мулк ва ер солиқларидан 2021 йил охиригача озод қилинган. Фойда солиғи ҳам 50 фоизга камайтирилган.

Aммо 2021 йилги имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугагач, солиқ юки масаласи қандай ҳал қилинади? Бу саволга ҳозирча жавоб йўқ.

Туристик йиғим миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Kun.uz манбасига кўра, Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳмонхонада тургани учун кунига кичикроқ сумма – 1000 сўм атрофида туристик йиғим тўлаши мумкин.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид