Туризм | 14:30 / 26.11.2025
2050
2 дақиқада ўқилади

Кексалар учун туризм ойлиги: Ўзбекистонда меҳмонхона, транспорт ва музейлар учун чегирмалар берилмоқда

Ироқдаги оммабоп Agnaden News Network электрон нашри 1–30 ноябр — “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида Ўзбекистонда кекса авлод вакиллари учун ички туризм бўйича берилаётган чегирмалар ва яратилган имкониятлар ҳақида мақола эълон қилди.

Ироқдаги оммабоп Agnaden News Network электрон нашрида Ўзбекистонда 1–30 ноябр — “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Материалда таъкидланишича, Ўзбекистонда кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг дам олиш вақтларини мароқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида ҳудудлар бўйлаб ички туризм йўналишларида турли саёҳатлар ташкил этилмоқда.

Мамлакат бўйлаб кекса авлод вакилларининг саёҳат қилишини рағбатлантириш мақсадида 1–30 ноябр кунлари “Кексалар учун туризм ойлиги” эълон қилинган. Ушбу ойлик муносабати билан жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар) хизматлари, транспорт, маданий мерос объектлари ҳамда музейларга қатор чегирмалар жорий этилгани қайд этилган.

Нашрдаги маълумотга кўра, республика бўйлаб ҳудудларда фаолият юритаётган меҳмонхоналар кекса ёшдаги меҳмонлар учун хизматларига 20 фоизгача ихтиёрий чегирмалар тақдим этмоқда.

Шунингдек, Uzbekistan Airways АЖ 60 ёшдан ошган эркаклар ва 55 ёшдан ошган аёллар учун барча ички йўналишлардаги иқтисодий класс авиачипталарга 15 фоизгача чегирма жорий этган. Бу таклиф авиакомпаниянинг 2025 йил 1–30 ноябр кунлари амалга оширилаётган ички парвозларига тааллуқли экани таъкидланади.

Материалда таъкидланишича, “Ўзбекистон темирйўллари” ҳам кекса ёшдаги фуқаролар учун барча ички йўналишлардаги поездларда (“Афросиёб” тезюрар электропоездларидан ташқари) йўл ҳақининг тариф қисмидан 20 фоиз чегирма эълон қилган.

Бундан ташқари, Маданий мерос агентлиги тасарруфидаги давлат музейлари ва маданий мерос объектларига кириш чипталари учун 10 фоиз, “Вақф” хайрия жамоат фонди тасарруфидаги зиёратгоҳларга эса 20 фоизгача чегирмалар берилаётгани ҳам алоҳида қайд этилган.

Ироқ нашрига кўра, ушбу ташаббуслар кексаларнинг фаол ҳаёт тарзига эга бўлиши, маданий ва тарихий мерос объектларига саёҳатлари орқали дам олишлари ҳамда туризм инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид