Ўзбекистон Туризм қўмитаси раҳбари Умид Шодиев маълум қилишича, 2024 йил давомида туризм соҳасида жами 2,8 миллиард долларлик 591 та лойиҳа амалга оширилиб, 19 428 та янги иш ўрни яратилган. Мутахассислар фикрига кўра, мазкур кўрсаткичлар туризмнинг миллий иқтисодиётда тутган ўрни тобора ошиб бораётганини кўрсатади.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон 2025 йилнинг январ–июн ойларида 5,3 миллиондан ортиқ сайёҳни қабул қилган, бу ўтган йилга нисбатан икки баравар кўпдир. Туризм хизматлари экспорти ҳажми 2,4 миллиард долларга етгани, бу эса 164 фоизлик ўсишни англатиши таъкидланган.
Материалда Hilton, InterContinental, Bentley, Bell Wyndham & Partners, Azimuth каби халқаро меҳмонхона брендлари билан ҳамкорлик самарасида мамлакатнинг турли ҳудудларида инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани, 2025 йилнинг биринчи ярмида 60 та янги меҳмонхона, 287 та оилавий меҳмонхона, 146 та хостел ва бошқа турар жой объектлари фаолият бошлагани қайд этилган.
Умид Шодиевнинг таъкидлашича, ҳукумат 2025 йилда 11 миллион нафар хорижий сайёҳни жалб қилиш, соҳада 3,8 миллиард доллар даромад кўриш ва 50 мингга яқин янги иш ўрни яратишни мақсад қилган. Туризм инфратузилмасини ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш ва халқаро брендлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ушбу режаларни амалга оширишда асосий омиллардан бири сифатида қайд этилмоқда.

















