Жамият | 14:03 / 29.10.2021
22535
8 дақиқада ўқилади

ИИОФМБдан РШТЁИМгача — узун номлар, тушунарсиз қисқартмалар қачон жўнлашади?

Турли матнларни ўқиётганда сиз ҳам қандайдир ғалати қисқартма (аббревиатура)ларга дуч келасизми? Бундай қисқартма сўзларнинг қандай маъно англатишини, қайси ташкилот ё муассаса номи эканини биласизми?

Узун номлар ва уларнинг қисқартмаси аксарият ҳолларда одамлар учун тушунарсиз. Бугун ана шундай аббревиатуралар ҳақида фикр юритамиз.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 32 йил бўлди. Ўтган йилларда тилимизга бўлган эътибор қай даражада бўлгани ҳаммамизга аён. Янги имлонинг ўлда-жўлда экани ҳақида бутун бошли мақолалар битиш мумкин. Аммо бунга доир яна бир муаммо — бу тушунарсиз ва ғализ қисқартмалардир. Улар шунчалик кўпки, энди бунга ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Айрим ташкилот ва муассасаларнинг номланишини ўқиб, «шунга сал қисқароқ ном танлашса бўлмасмикин?» деб ҳам ўйлаб қоласан киши. Айниқса, бир қанча сўзлардан иборат узун номларнинг бош ҳарфлар билан ёзилган қисқартмаси берилганда уларнинг нимани англатишини топа олмай хуноб бўлиш ҳеч гапмас.

Узоққа бормайлик, бир пайтлар ОАВда (ОАВ — оммавий ахборот воситалари — шу ерда ҳам қисқартма!) СВОЖЖДЛҚКД деган қисқартма тез-тез учрарди. Бу қисқартма Бош прокуратура ҳузуридаги қайсидир ташкилотни англатишини кўпчилик билмасди. Билганлар ҳам унинг номини сўзма-сўз айтиб бера олмасди. Қолаверса, қисқартманинг ўзи ёдда қоларли эмас.

Ўзим ҳам йиллар ўтиб, бу қисқартма Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти эканини билдим. Хайриятки, 2018 йилга келиб бу орган Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (бу ном ҳам жуда узун) деб қайта номланди ва аббревиатурадаги ҳарфлар ҳам 5тагача қисқарди.

Яна бир қисқартма бор — РШТЁИМ. Бу қисқартмани ҳам мос соҳа вакили тушунмаса анча-мунча профессор ҳам «мағзини чақиб» ололмайди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази деган муассаса номи РШТЁИМ деб қисқартирилади. Қизиғи шундаки, вилоятларда шунга ўхшаш тиббий муассасаларни алоҳида қисқароқ ном билан аташ мумкин бўлган ҳолда, улар РШТЁИМ фалон вилоят филиали деб аталади. Шуни ҳам жўнгина қилиб фалон вилоят тез тиббий ёрдам маркази деб атаса бўлмайдими?

Балки мен соҳани тушунмасман ва бу муассаса номига «илмий марказ» сўзларининг қўшилиши у ерда кимларнингдир илмий иш қилиши билан боғлиқдир. Нега энди вилоятлардаги бўлимларнинг номига республика филиали деган сўзларни қўшиб айтиш керак? Шунчаки вилоят маркази дейилса нима ўзгаради? Ёки марказ республика филиали бўлса беморларга яхшироқ эътибор билан қаралади-ю, вилоят тез тиббий ёрдам маркази деб номланса пойтахтдаги тиббиёт учун пул ажратадиган ташкилотлар эътиборидан четда қоладими?

Кўпчилик учун тушунарсиз бўлган яна бир қисқартма — ИИОФМБнинг пайдо бўлганига унча кўп бўлмади. Бу ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларидан бирининг қисқартма номи. Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими — шуни ҳам жўнгина қилиб Ички ишлар бошқармаси деб атардик-ку! Унга «органлари фаолиятини мувофиқлаштириш» деган сўзларни қўшиш нега керак бўлди?

Ички ишлар вазирлиги тизимида биргина ИИОФМБ эмас, балки бошқа қисқартмалар ҳам бор. Улардан бири ДЙҲХХ (вилоятларда ва туманларда ЙҲХБ). Бу қисқартма ИИВ таркибидаги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (вилоятларда ва туманларда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва бўлими) номининг қисқартмаси. Биласизми, ён қўшнимиз Қозоғистонда шу орган номи нима дейилади? Русчаси «Дорожная полиция», қозоқчаси «Жўл полис». Биз нега шундай жўн номлар билан атай олмаймиз?

Қолаверса, одамлар ДЙҲХХни барибир советлар давридан қолган эски номи «ГАИ» дейди. Сабаби маълум, одамларга ҳам айтилиши қулай бўлган номлар керак.

Шу ўринда бир мулоҳаза: бир пайтлар собиқ иттифоқ даврида милиция атамасидан фойдаланиларди. Дунёнинг бошқа аксар мамлакатларида полиция атамасини ишлатарди. СССР тарқагач, қарийб барча собиқ республикалар милициядан воз кечиб, ички ишлар органларининг номини расман полиция деб қайта номлади.

Биз эса милициядан воз кечдик, аммо полицияни ҳам расмий равишда қабул қилмай, ички ишлар органлари деб атаб олиб, бугун анча тушунарсиз қисқартмалар билан юрибмиз. (Ҳозирча туризм полицияси ва экополиция ташкил этилди, балки кейинчалик бутун тизим полиция деб аталар — Ғ.Й.)

Ички ишлар вазирлиги таркибида бўлган ташкилотлардан яна бири бу — МваФРБ. Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг номи шундай тарзда қисқартирилади. Вилоятларда бу ном «фалон туман Ички ишлар бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси (ёки бўлими) деб аталади. Бу ҳам анча узун ном.

Ҳозир ушбу мақола ёзилиши арафасида илк марта ФЖШМҚМИ деган қисқартмага кўзим тушиб қолди. Бу Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти деган номнинг қисқартмаси экан. Қаердан топишади бунақа ажабтовур номларни?! Шуни Фуқаролик жамиятини шакллантириш институти дейилса ташкилотнинг функциялари камайиб қоладими?

Ёш авлоднинг саводли ва билимли бўлишига масъул бўлган Халқ таълими вазирлигида ҳам узундан узун номлар жуда кўп. Биргина мисол, бугун туман (шаҳар) Халқ таълими бўлими деб аталадиган ташкилотлар 2019 йил 30 сентябргача Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими — ХТМФМТВТЭТБ деб аталган. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 822-сон қарори билан узундан узун ном жўнлаштирилиб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими, деб қайта номланган.

Аммо халқ таълими вазирлиги таркибидаги ташкилотларда узун номлар ҳануз сақланиб қоляпти:

  • Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти — АНХТМЎВИБИТИ;
  • Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази — ЎКҲЙВППРТМ;
  • Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказлари — ХТХҚТВМОҲМ ва ҳоказо.

Назаримда, ном қўйиш борасида энг ажабтовур ишни Мактабгача таълим вазирлиги қилди. Гарчи бор-йўғи учта сўздан иборат бўлса ҳам, оддийгина боғча сўзини мактабгача таълим ташкилоти деб қайта номлашни нима деб аташ мумкин. Одамлар барибир бир неча сўздан иборат узун номни айтмайди. Боғча деяверади. Деяпти ҳам! Шундай экан, нега ҳаммасини мураккаблаштириш керак?

Юқорида келтирилган мисоллар — бу кўзимиз тушгани. Дуч келмаганлари қанча экан?! Уларнинг узун номларини қисқароқ ва тушунарлироқ номларга алмаштириш қийин иш эмас. Бунга СВОЖЖДЛҚКД ва ХТМФМТВТЭТБ яхши мисол бўла олади.

Шу иккала ташкилотнинг номи ўзгартирилганда осмон узилиб ерга тушмади. Аксинча, номларнинг қисқартирилгани барчага бирдай қулай бўлди.

Амалда бўлган бошқа узун номланишларни ҳам ўзгартиришса ҳеч нарса бўлмайди. Шундай экан, бугун турли ташкилот ва муассасалар фойдаланиб келаётган узун номларни қисқартиришни, уларни талаффузга қулай қилиб мослашни ўйлаб кўришимиз керак эмасми? Сиз нима дейсиз?

Ғайрат Йўлдош

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид