Ўзбек тили байрамига совғалар: ҳукумат эҳтимол илк марта лотин ёзувида қарор чиқарди. Евроиттифоқ билан тарихий шартнома: томонларнинг яқинлашуви энди юридик асосга эга. Яна Фарғона ва яна ИИБ: нопок ходимларнинг “ҳунарлари” серияли тус олди. Педофилларга бағрикенг судялар: уч кун ичида икки норасида нобоп тизим қурбони бўлди. Ортда қолаётган ҳафта мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Тил байрами ва тил қайғуси

Бу ҳафта Ўзбекистондаги учта энг катта сиёсий байрамдан бири – Ўзбек тили байрами нишонланди. 21 октябр куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 36 йил тўлди. Ватандошлик жамияти учун муҳим аҳамиятга эга байрам совғаларсиз ўтмади: жаҳонга машҳур ўнлаб илмий китоблар илк марта ўзбек тилида тақдим этилди, давлат тилининг мавқейини оширишга оид қатор ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбек тилининг энг катта муаммоларидан бири – замонавий илмий адабиётларнинг танқислиги. Икки йил олдин бу йўналишда давлат ҳомийлигидаги “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси бошланган эди. 20 октябр куни, лойиҳа доирасида ўзбек тилига ўгирилган жаҳонга машҳур илмий ва илмий-оммабоп китоблардан дастлабки 27 тасининг тақдимоти ўтказилди. Улардан аксарияти Оксфорд университетининг “Қисқагина таништирув” туркумига оид бўлиб, у ёки бу мавзуни кенг омма учун содда, лекин илмий асосланган тарзда очиб беради.

Янги китоблар ёшларнинг нафақат илмий, айниқса сиёсий онгини шакллантириши билан ҳам аҳамиятли. Жумладан, Оксфорд тўпламидан сиёсат, демократия, инсон ҳуқуқлари, либерализм, капитализм, социализм ва популизмга аталган ихчам ва оммабоп тилдаги китоблар ўрин олган. 27 та китоб ичида, шунингдек, муҳофазакорлик (яъни консерватизм), институционал ўзгаришлар, коррупция ва урушлар ҳақидаги адабиётларни ҳам учратиш мумкин.

Китобларнинг ҳар бири давлат буюртмаси асосида 3 минг нусхада чоп этилган ва республика бўйлаб 300 дан ортиқ кутубхоналарга тарқатилган. Кейинчалик нашриётлар буюртмаси билан бўладиган қайта нашрлар очиқ савдога чиқарилади. Бундан ташқари, яқин бир неча ой ичида яна 23 номдаги китоб босмадан чиқиши кутиляпти. Шунинг билан, “Минг китоб” лойиҳасининг биринчи босқичида, ўзбек тили дунё даражасидаги 50 та замонавий илмий асар билан бойийди. Лойиҳанинг кейинги босқичи учун экспертлар кенгаши 64 та китобни танлаб олган бўлиб, улар учун муаллифлик ҳуқуқини олиш ва таржима ишлари аллақачон бошлаб юборилган.