Ўзбекистон | 14:28 / 12.11.2023
13957
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида аҳолига тарқатилиши керак бўлган кўмир талон-торож қилинди

Андижон, Булоқбоши ва Жалақудуқ туманлари «Кўмир таъминот» корхонаси мудирлари 3 минг тоннадан ортиқ кўмирни талон-торож қилгани аниқланди. Улар куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган кўмирни сотиб юборган.

Фото: Андижон вилояти прокуратураси

Андижон вилоятида мансабдорлар куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 3 минг тоннадан ортиқ кўмирни талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Кўмир таъминот» МЧЖнинг Андижон туман кўмир омбор мудири Ш. Б. 362,3 млн сўмлик 1220 тонна, Булоқбоши туман кўмир омбор мудири С.Н. 178,3 млн сўмлик 445,5 тонна ҳамда Жалақудуқ туман кўмир омбор мудири Й.Ю. 421,7 млн сўмлик 1419 тонна кўмирни фуқаролар олгани тўғрисида сохта маълумотлар тайёрлаган. Сўнгра уларни сотиб, талон-торож қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан омбор мудирларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а «банди ва бошқа моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Улар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид