Иқтисодиёт | 09:17 / 21.03.2026
2208
1 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида «Қуруқ порт» қурилади

Андижон вилоятида халқаро логистика маркази — «Қуруқ порт» барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги доирасида йўлга қўйилмоқда.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда Хитойнинг Hainan Xintanbo Investment компанияси ўртасида инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш бўйича битим имзоланди.

Келишувга мувофиқ, Андижон вилоятида тўртта йирик лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Улар қаторида Хонобод шаҳрида халқаро логистика маркази — «Қуруқ порт» ташкил этиш алоҳида аҳамият касб этади.

Шунингдек, Янги Андижон (Бобур) массивида кўп функцияли турар жой мажмуасини қуриш, «Сунъий кўл» туристик мажмуасини ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмасини барпо этиш ишлари ҳам кўзда тутилган.

Маълум қилинишича, лойиҳаларнинг умумий қиймати 1,4 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади. Уларнинг амалга оширилиши натижасида 2000 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Мазкур ташаббус Андижон вилоятининг иқтисодий салоҳиятини ошириш, транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон–Хитой инвестициявий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид