Ўзбекистон | 11:44
6700
3 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари 50 минг доллар билан ушланди

2024 йилдан буён вилоят ҳокимининг туризм бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Исомиддин Исманов Бобур шаҳарчасидаги 20 сотих ерни ҳужжатлаштириб олиб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилган. У бу пулни ўз уйида олаётганида қўлга тушган.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Андижон вилоят ҳокими ўринбосари Исомиддин Исманов ўз уйида 50 минг доллар пора олаётганда қўлга олинди. Kun.uz’нинг прокуратура тизимидаги манбаси ушбу маълумотни тасдиқлади. 

Қайд этилишича, ҳоким ўринбосари фуқарога тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун Бобур шаҳарчаси ҳудудидаги давлат захирасида бўлган 20 сотих ер майдонини вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи орқали аукционга қўйдириб, унинг номига расмийлаштириб ва келгусида ушбу жойда қурилиш учун рухсатнома олиб беришини айтиб, бунинг эвазига 50 минг доллар талаб қилган. 

Фуқаро аризасига кўра 4 апрел куни ДХХ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тезкор тадбир ўтказган. Ҳоким ўринбосари сўралган пулни ўз уйида олаётган вақтида қўлга олинган.

5 апрел куни Андижон вилояти прокуратураси томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди, ҳоким ўринбосари процессуал тартибда ушланган.

Маълумот учун, Исомиддин Исманов 2025 йил декабридан буён Андижон вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

У муқаддам Ички ишлар вазирлиги тизимида турли лавозимларда фаолият олиб борган. Хусусан, 2022–2025 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи вазифасида ишлаган. У 2021 йилда «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланганди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил кузида ҳам Андижон вилояти ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари Ботиржон Ҳамроев бюджет маблағлари талон-торож қилиниши, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа ҳолатларда айбланиб, 7 йил муддатга қамалганди. Ўшанда унинг уйидан катта миқдорда нақд пул топилгани ҳақида хабарлар тарқалганди, кейинроқ бу хабар тасдиқланмади. 2026 йил январида апелляция суди Ҳамроевга тайинланган жазони етказилган зарар қоплангани муносабати билан ўзгартиргани ва у озодликка чиққани маълум бўлганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид