Тожикистонда аскарлар аёвсиз калтаклангани акс этган видео тарқалди. Прокуратура 6 киши ҳибсга олинганини маълум қилди
Ҳодиса юзасидан мамлакат ҳарбий прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Армияда “дедовшина” қоидаларини ўрнатмоқчи бўлган шахслар 10 йилгача қамалиши мумкин.
Ўзи нима гап?
24 апрел куни ижтимоий тармоқларда тожикистонлик чегарачиларнинг хизматдошлари томонидан шафқатсизларча калтаклангани акс этган видео тарқалди. Ушбу тасвирлар нафақат Тожикистон, балки Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчилари ўртасида ҳам муҳокама мавзусига айланди.
Видеода хизматга олдинроқ келган аскарлар армияга янги чақирилганларни қандай дўппослагани тасвирланган. “Дед”лар девор ёнига тизиб қўйилган ёш аскарларнинг боши ва орқасига ёғоч билан уришган, навбати билан юзларига қулочкашлаб туришган, улардан бирини ётқизиб қўйиб аямасдан тепишган.
Видео нима учун Тожикистонда расмийлар ҳарбий хизматдаги дедовшинани йўқотолмаётгани ҳақидаги саволларни ўртага чиқарган. Интернетда ҳарбий қисмда бундай бошбошдоқликларни келтириб чиқарганларни топиб, қаттиқ жазолашга чақириқлар кўпайган.
Интернет фойдаланувчиларига кўра, янги чақирилганларга қўпол муносабатда бўлиш ҳарбий хизматга мажбурларни армияга саралаш босқичидаёқ бошланади, шунинг учун ҳам аксарият ота-оналар фарзандларини армияга юборишни исташмайди.
Ғойиб бўлган расмий баёнот
Тожикистон бош прокуратураси ҳодиса Сўғд вилоятида Конибодом шаҳрида жойлашган чегара қисмларидан бирида содир бўлгани, янги келганларни “тарбиялаб” қўймоқчи бўлган беш нафар ҳарбий хизматчи аллақачон қўлга олинганини маълум қилди.
“Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинларининг 0215-сонли ҳарбий қисми ҳарбий хизматчилари сержант Жонибек Қосимзода, аскарлар Фахриддин Азимов, Аъзам Камолов, Маҳмадназар Нозимов ва Ҳожиакбар Сайфуллоев устав қоидаларини қўпол равишда бузиб, хизматдошлари – кичик сержант Меҳмонжон Мисиров, аскарлар Бекзод Чориев, Замир Каримзода, Некрўз Амиров, Алишер Мусоевни калтаклаб, соғлиғига зарар етказган”, дейилади расмий баёнотда.
Қайд этилишича, зўравонлар шу йўл билан янги келганларга ўзларининг жисмоний устунлигини кўрсатмоқчи бўлишган. Бош прокуратура хизматдошларини калтаклаган шахслар қўлга олингани ва уларга нисбатан Сўғд гарнизони ҳарбий прокуратураси томонидан Тожикистон Жиноят кодексининг 373-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилганини билдирган. Ушбу модда бўйича айбдор деб топилганлар 5 йилдан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Видео тарқалганидан бир кун ўтиб, воқеа рўй берган ҳарбий қисм бошлиғи, подполковник Нузхат Лазуриев ҳам ҳибсга олинган ва унга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 391-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Агар унга қўйилган модда бўйича унинг айби исботланса, саккиз йилдан ўн икки йилгача қамалиши мумкин.
Ҳозирча интернетга қандай чиқиб кетгани, уни ким тарқатгани номаълум. Мамлакат прокуратураси бунга аниқлик киритмаган. Расмий муносабатда келтирилишича, ҳарбий прокуратура ва бошқа тергов органлари томонидан ўтказилган текширувда ушбу воқеа 2022 йил 15 декабрда рўй бергани аниқланган.
Бироқ нима учун ёш аскарлар аёвсиз калтаклангани акс этган видео интернетга сизиб чиққандан кейингина айбдорлар қўлга олингани ва уларга нисбатан жиноят иши очилгани очиқлигича қолмоқда. Афтидан жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланмаганидан норози бўлганлар, катта эҳтимол билан жабрланувчиларнинг яқинлари ушбу тасвирларни тарқатиб юборган бўлиши мумкин. Аммо бу шунчаки тахмин холос.
Ундан ҳам қизиғи, Тожикистон бош прокуратурасининг рўй берган ҳодиса юзасидан берган расмий баёноти бир неча соатдан кейин ғойиб бўлган. Бу эса оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортган. Бироқ интернет кенгликларида ҳеч нарса йўқ бўлиб кетмайди.
Маҳаллий ОАВга кўра, баёнот матни нима учун ўчириб ташлангани юзасидан ҳеч қандай изоҳ берилмаган.
“Дедовшина” ва аскарларнинг ўлими
Армияда зуғумга учраган аскарлар видеоси Тожикистонда муддатли ҳарбий хизматга баҳорги чақирув давом этаётган бир пайтда тарқалган. Расмийлар сўнгги йилларда мамлакатда ватанга хизмат қилиш истагида бўлган кўнгиллилар сони кўпайганини таъкидлайди.
Бироқ маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, хизмат учун муносиб шароит йўқлиги, аскарлар билан қўпол муомалада бўлиш, “дедовшина” мавжудлиги, бунинг оқибатида хизмат вақтида ёш аскарлар ҳалок бўлаётгани чақирув ёшидаги фуқаролар Тожикистон армиясида хизмат қилишни истамаслигининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Бироқ расмийлар ҳарбий хизматда “дедовшина” борлигини рад этади.
BBC нашри баҳорги чақирув мавсумининг биринчи ойи якунланаётган бўлса-да, ҳалигача белгиланган режа ҳатто яримламагани ҳақида ёзган. ОАВга кўра, ҳарбий хизмат режасини тўлдиришнинг асосий йўлларидан бири халқ орасида “облава” деб аталадиган усул бўлиб қолмоқда. Бунда кўча-кўйлар, бозорлар, дам олиш жойларида ёш йигитларни тутиб, хизматга жўнатилади. Лекин ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишларича, расмийлар қонунга хилоф бу усул мавжудлигини рад этишади.
Қуролли Кучлардаги қонунсизлик чақирилувчиларнинг хизматдан бўйин товлашига сабаб бўлаётгани айтилади. Ҳукумат белгиланган режани тўлдириш мақсадида қонун бўйича ҳарбий хизматдан озод қилинган ёлғиз ўғиллар, чин етимлар ва талабаларга ҳам чақирув қоғози юбораётгани ҳақида маълумотлар бор.
Совет армиясидан мерос бўлиб ўтган “дедовшина” анъанаси Тожикистонда мустақилликдан сўнг ҳам давом этмоқда. “Дед”лар, яъни ҳарбий хизматга олдин келганларнинг ёш аскарларни қийнаши натижасида йилига ўнлаб ҳарбий хизматчилар жароҳатланади ёки ҳалок бўлади. Тожикистон ҳукуматининг БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига берган ҳисоботида келтирилишича, 2019–2021 йиллар давомида тожик армиясидаги “дедовшина” амалиёти, ҳарбий хизматчиларнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш оқибатида юздан ортиқ аскар ҳалок бўлган.
Ҳукумат ҳар сафар аскарлар ўлимини уларнинг касаллиги ёки бахтсиз ҳодисаси билан боғлайди, камдан кам ҳолларда ҳарбий қисмнинг мансабдор шахслари ёки командирлари ҳарбий хизматчиларнинг ўлими учун жазоланади. Тожикистон бош прокуратураси сўнгги ҳисоботида сўнгги уч йил ичида ҳарбий қисмларда содир этилган жиноятларни яширганлик учун 639 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилганини маълум қилганди.
Жамшид Ниёзов, журналист
Мавзуга оид
16:34 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани ёш болалар хивчин билан савалангани акс этган видеога муносабат билдирди
12:26 / 15.11.2024
Роғун ГЭСдаги авария оқибатида 3 киши ҳалок бўлди
19:32 / 31.10.2024
Тожикистон президенти ижтимоий тармоқлардаги «лайк» учун одамларни таъқиб қилмасликни талаб этди
14:16 / 31.10.2024