Ўзбекистон | 12:00 / 04.08.2021
64661
2 дақиқада ўқилади

Экопартия президентлик сайловидаги номзодини эълон қилди

Илк марта Ўзбекистон президентлиги сайловида иштирок этаётган Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодини илгари сурди. Бу ҳақда партия марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумида маълум қилинди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, президент сайловида Экопартия томонидан партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов номзод сифатида қатнашади. Навбатдан ташқари пленумда Нарзулла Обломуродов ҳам сўзга чиқди.

Пленумда Экопартия сайловда ўз электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда муносиб иштирок этиши таъкидланди. 

Шунингдек, Экопартиянинг сайловолди платформасидаги қуйидаги асосий йўналишлар маълум қилинди:

  • экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитлар яратиш;
  • иқлим ўзгаришларига мослашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини янада ривожлантириш;
  • давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар самарадорлигини ошириш;
  • соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантириш;
  • ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

Маълумот учун, Экопартия 2021 йилги Ўзбекистон президенти сайловида биринчи бўлиб ўз номзодини кўсатди. Сайлов 24 октябр куни ўтказилади. Унда фақат сиёсий партиялар ўз номзодини кўрсата олади.

Қонунчиликка кўра, партия юқори органи унинг номзодини маъқуллаши, республикадаги жами сайловчиларнинг камида 1 фоизи номзодни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши керак бўлади.

Мавзуга оид