Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш бўйича алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси кўплаб хорижий мамлакатларнинг шу йўналишдаги ижобий тажрибаси асосида ишлаб чиқилиб, унда фақат жазо масаласи эмас, балки муаммонинг илдизига таъсир қилувчи чоралар назарда тутилади.
Фото: Adobe Stock
Ўзбекистон Экологик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси депутатлари томонидан “Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда партия ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, жамиятда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат сўнгги йилларда камайганига қарамасдан, бу каби нохуш ҳолатлар ҳамон учраб турибди. Энг ачинарлиси, ушбу ҳаракатлар мутлақо асоссиз, шунчаки кўнгилхушлик учун содир этилмоқда.
Жорий йил 25 март куни қабул қилинган қонунга кўра, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлган шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
“Бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилган бўлса-да, бироқ бу чоралар ҳам етарли эмаслигини ҳамда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатни тартибга солиш масаласи тизимли ва комплекс ҳуқуқий ёндашувни талаб этмоқда”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, қонун лойиҳаси кўплаб хорижий мамлакатларнинг шу йўналишдаги ижобий тажрибаси асосида ишлаб чиқилиб, унда фақат жазо масаласи эмас, балки муаммонинг илдизига таъсир қилувчи чоралар назарда тутилади, жумладан:
– ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат ҳисобланадиган хатти-ҳаракатларни қонун билан аниқ белгилаш ва ушбу ҳаракатларни қатъий тақиқлаш;
– ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликни қайта кўриб чиқиш, бунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача жарима қўллаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (амалдаги 50 баробаргача ва 6 ой озодликдан махрум қилиш);
– айбдор шахсларга жавобгарлик қўлланилиши билан бирга ҳайвонларга етказилган жароҳатлар учун айбдор ҳайвон соғлигини тиклаш билан боғлиқ ветеринария харажатларини тўлиқ қоплаши шартлигини белгилаш (ҳатто бу харажатлар ҳайвоннинг бозор қийматидан анча юқори бўлган ҳолатларда ҳам);
– ҳайвонлар билан жамоат жойларида бўлиш учун қулай муҳитларни ташкил этиш, жумладан кўзи ожизларга ҳамроҳлик қилувчи итлар ва эмоционал кўмакчи ҳайвонларни жамоат транспортида олиб юришда имтиёз беришни қонуний мустаҳкамлаш;
– ҳайвонлар эгаларининг уларни ҳимоя қилиш, ветеренария хизматларини кўрсатишни ташкил этиш, қаровсиз қолдирмаслик каби мажбуриятларини белгилаш, ҳайвонларни ташлаб кетиш ҳолатларига барҳам бериш;
– таълим муассасаларида ва оммавий ахборот воситаларида ҳайвонларга ғамхўрлик ва уларга меҳрли муносабатда бўлиш маданиятини шакллантиришга оид тушунтириш ва хабардорликни ошириш ишларини олиб бориш ҳамда шафқатсиз муносабатни ва унинг тарғиботини тақиқлаш каби йўналишлар қамраб олинган.
Экопартия мазкур лойиҳани такомиллаштиришга хизмат қиладиган таклифларни [email protected] электрон манзили орқали йўллаш мумкинлигини маълум қилган.
Мавзуга оид
09:19 / 08.04.2026
Қўриқлаш департаменти ваколатлари кенгаймоқда
19:12 / 05.04.2026
Ариқ ва ирригация тизимларини кўмиб ташлаганлар жаримага тортилади
15:56 / 25.03.2026
Қирғизистонда йўлда жанжаллашганлардан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилиши мумкин
12:21 / 18.03.2026