Ўзбекистон | 12:23 / 17.01.2022
14781
6 дақиқада ўқилади

Ғаллаороллик фермернинг кўкариб чиққан арпасини бузиб ташлаш талаб қилинмоқда: у қачон ўз ерининг эгасига айланади?

Анвар Ҳайдаров ғаллаороллик фермер. Унинг қарийб 15 гектар ери бор. У қилаётган меҳнати ва ўзи дуч келган машаққатлар ҳақида сўзлаб берди.

Адирлик зонада жойлашган бу ерлар бир пайтлар сувли ерлар бўлган. Бу ерга юқоридан қувурларда сув келган. Бироқ ҳозир фермер каналдан 600 метр масофага ва 20 метр баландликка насос орқали сув кўтариб, ер суғоради.

 

«Насосни ишлатиш учун кунига 70 минг сўмлик ток «ёқаман». Ҳозир ўғирлаб кетмасликлари учун электр ҳисоблагич ва насосларни ечиб олганман. Мана бу каналдан сув олганимда бошқа фермерлар ҳам монелик қилиб туришади», — дейди А.Ҳайдаров бизни кўрсатмоқчи бўлган даласи томон бошлар экан.

«Ёнғоқзор неъмати» фермер хўжалигига тегишли ер майдонига бордик. Ернинг бир қисми шудгорланган. Бир қисми эса шудгорланмай, шундоқ турибди. Бир қисмида ёнғоқзор ташкил этилган. Улар шу йилдан бошлаб ҳосилга кириши кутилмоқда. 3 гектарча жойга арпа экилган ва улар ниш уриб чиққан.

«Уч йилча аввал ёнғоқзорни ташкил қилганимизда ҳали насосим йўқ эди. Пастда челакда сув ташиб чиқиб суғорганмиз. Бир имкон қилиб ниҳолларни кўкартириб олдик, бу йилдан ҳосил беришини кутиб турибмиз», — дейди фермер.

Фермер ўзига тегишли даланинг бир қисмига арпа эккан. Ана шу арпа бугунги кунда унинг бошоғриғига айланган. Арпа кўкариб чиққач, туман қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари уни бузиб ташлаш талабини қўйишмоқда. Фермерни бу борада ҳаттоки судга беришган.Фермердан арпани нега экканини сўраймиз:

— Буғдой кўп сув талаб қилади. Камроқ сув ичади ва эртароқ пишиб етилади, деб арпа эккандим. Қарамоғимизда зотдор қорамоллар ҳам бор. Ўшаларга ем бўлсин деб экилган.

— Қачон пишади?

— Май ойи охиригача пишиб етилади. Ундан кейин жойига кечки картошка экамиз.

— Агар арпа экмаганингизда шу ер нима бўларди?

— Ётарди-да шудгорланган ҳолатда. Мен бу ер учун солиқ тўлайман. Пилла боқиб, давлатга топшираман. Наҳотки ўз хўжалигим учун бекор турган ерда иккиламчи экин сифатида нимадир экиб, кўкартириб олишим жиноят бўлса?! — дейди фермер.

Бизга маълум қилинишича, айни пайтда Ғаллаорол туманида бор-йўғи 2000 гектар суғориладиган ер майдонлари бор. Бироқ совет давридан буён қоғозда туманда 8 минг гектар суғориладиган ер қайд этиб келинмоқда. Ерларнинг 6 минг гектари аслида тўйиб сув ичмайди. Яъни суғорилади дейиладиган ерларнинг катта қисми амалда лалмикор ерларга айланиб бўлган.

Анвар Ҳайдаров ерлар яхши сув ичмагани учун қотиб кетгани, уларни кузда тракторда ҳайдаб бўлмаслиги ҳақида ҳам куйиниб гапириб берди.

«Мана бу томонга қаранг. Ҳайдалмай тақир бўлиб ётибди. Биров ҳайдаганида баҳона қиляпти, дердингиз. Ўзимнинг тракторим бор, ўзим уч марта трактор солдим. Ҳайдаса бўладиган жойларини шудгорладим. Манави томонларга плуг ботиб қолди. Ер сув ичмаганидан тақир бўлиб қотиб кетганидан-да, бу», — дейди фермер куйиниб.

Бир пайтлар бу заминда ғалланинг қаттиқ навлари лалмикор усулда етиштирилган ва бу туман номига ҳам кўчган. Ғаллаорол тумани яқиндан бошлаб картошкачилик ва гулчиликка ихтисослаштирилган. 2000 гектар ерда картошка етиштирилиши белгиланган. Жумладан, Анвар Ҳайдаров ҳам ўзига ажратилган ерда кечки картошка экиши керак.

«Баҳорда экиш учун бироз картошка уруғ беришади. Ўзимизда ҳам бор. Мана, экиладиган ерини ҳайдаб қўйганман. Арпанинг жойига эса кечки картошка етиштириб беришни ният қилгандим. Умуман, картошка етиштиришда ҳам сув муаммо бўлади. Канал ёқасидаги фермерларнинг даласини кўрдингиз. Уларда сув муаммо бўлмайди. Лекин талаб уларга ҳам, бизга ҳам бир хил. Эътироз қила кўрсанг, раҳбарлар «бажаролмасанг ерни топшир»дан бошлашади гапни, — дейди фермер.

Ернинг аҳволини кўриб, бу ерда картошка етиштириш жуда қийинлигини чамалаш қийин эмас. Айтилганидек, ҳали ёзда сув муаммоси ҳам бор.

Энди савол туғилади: туман ҳокимияти фермерларга нима экишни буюрса ва у экиладиган нарса кутилган ҳосилни бермаса, бундай иш юритишдан фойда ва манфаат борми? Фермер картошка экиш мавсумигача етиштириладиган арпани чорваси учун ишлатмоқчи. Нега унга тўсиқ қўйилмоқда? Ер бекор ётгандан кўра, ундан унумли фойдаланган яхши эмасми?

Қачонгача фермерга нима экиш буюрилади ва назорат қилинади?! Қачон фермер ернинг чинакам эгасига айланади ва ўзи истаган ва фойда қиладиган ҳосилни етиштиради? Қачон?

Дарвоқе, биз бу масалада Ғаллаорол туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосаридан тушунтириш олиш учун унга қўнғироқ қилиб, боғлана олмадик. Балки туман ҳокимлиги ахборот хизмати ўз расмий муносабатида қўйилган саволларга жавоб бериб, вазиятга ойдинлик киритар?

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири
Оператор ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид