Эрмак қилинаётган тадбиркор. Расмийларнинг мушук-сичқон ўйинидан мақсад нима?
Бекобод туман прокурори ва туман маъмурий суди сабаб ёш тадбиркор кўп миқдорда зарар кўраётгани ҳақида ёзган эдик. Унда кўтарилган муаммо ҳал этилиш ўрнига Тошкент вилоятидаги расмий идораларнинг эрмагига айлантириляпти.
Фуқаро Ғ.Худойбердиевнинг 2018 йил декабр ойида онлайн аукционда сотиб олган ер участкаси орадан бир йил ўтиб (2019 йил декабрь) Бекобод туман прокурори киритган ариза сабаб маъмурий суднинг ҳал қилув қарори билан давлат захирасига қайтарилади.
Ер участкаси устига қарийб 200 млн сўм сарфланиб қурилган, икки қаватли (қурилиши тугалланмаган) бино эса суд қарорига асосан бузиб ташланади.
Қарангки, маъмурий ишлар бўйича Олий суд судлов ҳайъатининг шу йил 3 сентябрдаги қарори билан қуйи инстанция судлари қарорлари бекор қилиниб, Бекобод туман прокурорининг шикоят аризасини рад қилиш тўғрисида янги ҳал қилув қарори қабул қилинади.
Шу қарор сабаб бўлиб, жорий йил 5 октябр куни сайтимиз орқали «Олий суд Бекобод прокурорини доғда қолдирди. Тадбиркор кўрган зарарни энди ким қоплайди?» номли мақола эълон қилган эдик.
Тошкент вилоят прокуратураси ва бошқа масъул идоралар мақолада кўтарилган муаммога ижобий ечим топиш ҳаракатида бўлади, деб умид қилган эдик. Аммо, адашганмиз шекилли.
Фуқаро Ғайбулла Худойбердиевнинг таҳририятга хабар қилишича, воқеалар бироз бошқачароқ йўсинда ривож олган.
Дастлаб, туман ҳокими ва вилоят прокуратурасидан масалани ўрганиш учун туманга келган масъул ходим Ғ.Худойбердиевдан бу муаммоларни ёритиш учун сайт мухбирларига қанча пул бергани билан қизиқишган (бундан ранжиганимиз йўқ, сабаби ҳар ким дунёни ўз қаричи билан ўлчайди).
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Воқеалар ривожи 6 октябрга келиб бундан-да қизиқарли тус олди. Яна ҳокимликка чақирилган Худойбердиевни қўлига яна ўша расмийлар бир варақ қоғоз тутқазишади. Уни ўқиб кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан киши...
Ўша бир парча қоғозда Г.Худойбердиевнинг Kun.uz таҳририятига миннатдорчилик хати (мавжуд вазиятдан келиб чиқилса, кўпроқ пушаймонлик хатига ўхшайди)битилади. Нима эмиш, «аслида прокуратура ходимлари ушбу видеолавҳада изоҳланганидек, менга нисбатан адолатсизлик қилишмаганини тушуниб етдим ва мен ҳам буларнинг барчасини жон аччиғида бўрттириб гапирганим учун Прокуратура ва Kun.uz таҳририяти олдида узр сўрайман» экан.
200 млн пули ва икки йил умри куйган фуқаро бунинг учун яна узр ҳам сўраяпти.
Барча ишни қоғозда битиришга ўрганган расмийлар шу бир парча қоғозни тайёрлаб, Худойбердиевга имзолатиб олсак, марра бизники, деб ўйлаганлари кишини таажжубга солади.
Эҳ, барака топгурлар! Қоғозбозлик ва бюрократияни бир четга суриб, икки дақиқага ўзингизни шу тадбиркор ўрнига қўйиб кўринг, дегинг келади беихтиёр...
Эй, орзулари осмон қадар дўстим Ғайбулла!
Ҳақиқатни излаб, ҳали узоқ умринг кетади, сен тасаввур этаётган адолатни тушингда кўрсанг хурсанд бўл. Сен мансабдорлардан ўпкалама, улар сен ва биздан анча ақлли, ҳар қандай вазиятдан чиқиб кетишнинг а, б, в, г, д, й, ж, з ва ҳоказо вариантларини ўйлаб қўйишган. Олий судда ютган бўлсанг, нима бўлибди, шу билан судлар тугабдими?! Жазоси жуда оддий-ку – Олий суд Раёсатига битта ариза! Ва қарабсанки, қалинлиги бир қулоч келадиган папкангдаги қаддингдан тутиб турган икки варақли қарор печкадаги ўтинингни олов олдиришга ҳам ярамай қолади.
Ҳурматли Тошкент вилояти прокурори Салом Исматович!
Қўл остингиздаги ходимларга айтсангиз, бунчалар ташвишга берилиб, ўзларини турли ёлғон-яшиқларга урмасинлар. Биз шунчаки вилоятингиздаги бир фуқаронинг дардини олиб чиқдик, холос. Уни ҳал этасизларми ёки йўқ, бу сизларнинг ишингиз, албатта.
Дарвоқе, Kun.uz сайти мурожаатларни ўрганиш учун бирор кимсадан моддий манфаат кўзламайди. Бунга ишонч ҳосил қилмоқчи бўлсангиз, марҳамат, интернетдаги Kun.uz сайтига киринг, дуч келган журналистик суриштирувни танланг (6 йил ичида уларнинг сони анчагина бўлиб қолган, санасангиз мингдан ошади), унинг қаҳрамонлари билан суҳбатлашиб кўринг, исталган саволингизни беринг. Ортиқча деб билмасангиз, натижасини бизга ҳам айтиб қўярсиз.
Толиб Раҳматов,
Kun.uz мухбири
Таҳририят шу йил 1 октябрь куни Тошкент вилоят прокурори номига йўлланган 113-сонли хатга жавоб кутиб қолади.
Мавзуга оид
19:16 / 31.10.2024
Бекободда ота ва ўғил ис газидан заҳарланиб вафот этди
17:18 / 08.07.2024
Бекободда 5-қаватдан тушиб кетиб вафот этган аёлнинг эри судланади
15:42 / 29.06.2024
“Электросет” огоҳлантирмасдан светни ўчирса, жавобгарликка тортиш таклиф этилмоқда — бизнес омбудсман
08:08 / 10.06.2024