Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Риши Сунак Британиянинг янги бош вазири бўлади. Унга рақиб қолмади
Пенни Мордонт консерваторлар партияси раҳбарлиги учун пойгада номзодини қайтариб олди ва Риши Сунак автоматик равишда ғолиб бўлди.
Фото: BBC News
Буюк Британиянинг собиқ молия вазири Риши Сунак Консерватив партиянинг янги раҳбари ва ўз-ўзидан мамлакатнинг янги бош вазирига айланади.
BBC News хабарига кўра, бош вазирликка овоз бериш жараёнида у Консерватив партия раҳбарлиги учун ягона номзод бўлиб қолди - Жамоатлар палатаси раиси Пенни Мордонт Сунак фойдасига ўз номзодини қайтариб олишини эълон қилди.
Қайд этиш керакки, Мордонт хоним сайловда расман номзодини илгари суриш учун етарли миқдорда (100 нафар) депутатлар қўллаб-қувватловига эга бўла олмади. ОАВдаги сўнгги маълумотларга кўра, парламентдаги консерватор депутатларнинг (жами 357 нафар) 193 нафари Сунакни қўллашини билдирган, Мордонтда эса 26 нафар тарафдор бўлган.

Кун аввалида собиқ бош вазир Борис Жонсон 102 нафар депутат томонидан қўллаб-қувватловга эга экани, лекин ҳозирда ҳукумат раҳбарлигига қайтиш учун қулай вақт эмас деб топиб, сайловда қатнашиш ниятидан воз кечганини айтганди.
Сунак янги бош вазир бўлиши ҳақида Жамоатлар палатасида партиянинг янги раҳбарини сайлаш жараёни билан шуғулланувчи қўмитани бошқарувчи сэр Грэм Брэди ҳам маълум қилган. BBC News сиёсий шарҳловчиларига кўра, янги етакчи расман 25 октябр куниданоқ лавозимга киришади.
- Риши Сунак Буюк Британия Жамоатлар палатасига илк бор 2015 йилда сайланган. Уч йил ўтиб у Тереза Мэй ҳукуматида вазир ёрдамчиси лавозимини олган. 2019 йил июлида уни Борис Жонсон ҳукуматида ғазначилик бош котиби этиб тайинлашади. 2020 йил февралидан эса Сунак Британия молия вазирлигини бошқаришга киришади.
- Сунак Консерватив партия етакчилиги учун ёзда бўлиб ўтган сайловларда ҳам фаворитлардан эди, аммо финал босқичида собиқ ташқи ишлар вазири Лиз Трассга ютқазиб қўйди. Трасс хоним мамлакат бош вазирлигида сентябр-октябр ойларида жами 45 кун бўлди, у таклиф этган иқтисодий ислоҳотлар жуда ёмон қарши олингач, истеъфо беришга мажбур бўлди.
Мавзуга оид
10:53 / 24.12.2025
Грета Тунберг Лондонда Фаластинга бағишланган акцияда қўлга олинди
18:13 / 19.12.2025
Британия «Россия билан алоқалари туфайли» Ўзбекистоннинг 4 та компаниясига қарши санкциялар киритди
22:28 / 17.12.2025
Британия Абрамовичдан «Челси»ни сотишдан олган даромадини Украинани қўллаб-қувватлашга йўналтиришни талаб қилди
12:08 / 17.12.2025