Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинадагилар «тарихдаги энг ёмон қиш»га тайёрланмоқда
Ҳозирнинг ўзидаёқ украинлар кунига 16 соатгача свет ўчишига дуч келишмоқда.
Фото: Maksym Kishka / Frontliner / Getty Images
Олдиндаги қиш Украинада деярли тўрт йиллик уруш давридаги энг оғир қишлардан бири бўлади, деб ёзади Politico ва BBC. Журналистлар Украина ҳукумати расмийлари ва ҳар куни электр энергияси ўчирилаётган аҳоли билан суҳбатлашди.
Киевлик Оксана Зинковская-Боярскаянинг айтишича, унинг уйида электр ҳар куни ўчирилади. Лифт тўхтайди (у саккизинчи қаватда яшайди), чироқ ўчади, баъзан марказий иситиш тизимидаги босимни ушлаб турувчи насослар ишламай қолади. Унинг икки ёшли қизи Катя шамлар ёнида ўйнаяпти.
Портлашлар пайтида ўз болангни бошпанага кўтариб борганингдаги қўрқувни сўз билан тасвирлаб беролмайман. Мен ҳаётимда ҳеч қачон бундай туйғуни ҳис қилмаганман ва буни ҳеч ким бошидан ўтказишни истамайман. У ёруғлик йўқлигидан қўрқиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги фикр даҳшатли.
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Julia Demaree Nikhinson / AP / Scanpix / LETA
Украина ҳукуматининг шахси ошкор этилмаган юқори мартабали мулозими BBC билан суҳбатда яқин ойлар жуда оғир бўлишини тахмин қилмоқда. «Ўйлайманки, бу тарихимиздаги энг ёмон қиш бўлади. Россия бизнинг энергиямизни, инфратузилмамизни, иситиш тизимимизни йўқ қилади. Барча давлат идоралари энг ёмон сценарийга тайёр бўлиши керак», – дейди у. Ҳозирнинг ўзидаёқ украинлар кунига 16 соатгача свет ўчишига дуч келишмоқда.
ДТЭК энергетика компанияси бош директори Максим Тимченконинг сўзларига кўра, сўнгги икки ойдаги ҳужумлар интенсивлигига кўра, Россия «Украина энергетика тизимини бутунлай йўқ қилишга интилмоқда». Европалик дипломат BBC билан суҳбатда Россия стратегиясининг бошқа жиҳати ҳам борлигини тахмин қилди – одамлар шунчаки иситиш тизимисиз музлаб қолиши ҳам. «Шунингдек, эрталаб новвойхонадан нон сотиб ололмаслик, фабрикада электр йўқлиги учун ишга бора олмаслик ҳақида ҳам гап кетяпти», – дейди у.
Politico нашри ҳам келаётган қишни Украина учун «энг хавфлиси» деб атамоқда. 2020 йилда энергетика вазири вазифасини вақтинча бажарган собиқ энергетика вазири Олга Буславецнинг сўзларига кўра, «бу қиш аввалгиларидан анча оғир бўлиши ҳозирданоқ аниқ». Шу билан бирга, Politico нашри ёзишича, келаётган қишнинг оғирлигини бу сафар украинлар «қаҳрамонлик ва топқирлик билан» енгиб ўтиши даргумон.
Maksym Kishka / Frontliner / Getty Images
Mykyta Kuznetsov / Gwara Media / Global Images Ukraine / Getty Images
Нашр Украина дуч келадиган учта чақириқни санаб ўтган. Биринчиси – молиявий инқироз: Politico ёзишича, агар Белгия Европа Иттифоқининг Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан Украинани молиялаштириш учун фойдаланиш режаларини блоклашда давом этса, Киев феврал ойидаёқ маблағсиз қолиш хавфи бор.
Нашр иккинчи муаммо сифатида жанг майдонидаги вазиятни келтирмоқда, жанг майдонида эса Украина қуролли кучлари Донецк областидаги йирик шаҳар Покровскни бой бериш арафасида турибди. Учинчи муаммо – Россия энергетикага зарба бериш тактикасини ўзгартирди ва унинг ҳужумлари анча кенг кўламли тус олди.
BBC қиш арафасида украинлар руҳиятини тушириши мумкин бўлган ҳолатлар қаторига «Энергоатом» компанияси, Зеленскийнинг сафдоши Тимур Миндич ҳамда Украина ҳукумати атрофидаги вазиятни ҳам киритган, бу коррупция можароси доирасида икки вазир истеъфога чиқарилди. Politico нашри ёзишича, мудофаа харидлари соҳасидаги коррупция ҳам яқин орада ўртага чиқади. Нашрнинг вазиятдан хабардор манбаларига кўра, яқин келажакда Украина мудофаа вазирлигида харид шартномаларини тузишда оширилган нархларни текшириш доирасида янги тинтувлар ўтказилади.
Шу билан бирга, кўпчилик ҳали ҳам оптимистик кайфиятда, дея таъкидлайди BBC. Киев халқаро социология институти октябр ойида ўтказган тадқиқотга кўра, сўровда қатнашган украинларнинг 56 фоизи мамлакат келажагига оптимизм ҳис қилишини айтган – бу май ойидаги 43 фоизга нисбатан кўпроқ.
Энергетика тадқиқотлари маркази директори Олександр Харченконинг фикрича, Украина энергетикани Россия зарбаларидан ҳимоя қилиш учун яхши позицияда. «Биз яхшироқ тайёргарлик кўрганмиз, қандай ҳаракат қилишни биламиз, ваҳимага тушмаймиз. Бирор нарса шикастланса, нима қилиш кераклигини яхши тушунамиз. Бу қийин бўлади, қиш оғир келади, узилишлар кўп бўлади, лекин эпласа бўлади», – дейди у.
BBC’нинг Украина ҳукуматидаги суҳбатдоши ҳам ўзининг нохуш башоратларига қарамай, келажакка ишончни сақлаб қолмоқда, деб ёзади журналистлар. Унинг фикрича, келаётган қиш Россия учун Украинани мағлуб этишда сўнгги имконият бўлади. «Ва агар биз 1 апрелгача бардош берсак, урушда ғалаба қозонамиз», – деган у.
Мавзуга оид
20:56 / 31.03.2026
Россия Украинага Донбассдан қўшинларини олиб чиқиш учун икки ой муҳлат берди – Зеленский
22:42 / 28.03.2026
Эрон Дубайдаги “Украина омбори”га зарба берганини маълум қилди
10:18 / 28.03.2026
Украинада уруш учун пул июнгача қолган
10:08 / 28.03.2026