Ўзбекистон | 21:50 / 10.01.2023
13440
7 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги онлайн нашрларни маъмурий ислоҳотларни бир томонлама ёритишда айблади

​​​​​​​Фақат мақтов ёғдирган давлат нашрларидан фарқли равишда, ҳукуматдаги ўзгаришларга нисбатан муқобил фикрларга ҳам ўрин берган хусусий нашрлар Адлия вазирлигининг танқидига учради. Ўз фикрини билдирган мутахассислар билимсиз ва масъулиятсизга чиқарилди.

Фото: Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги айрим оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистондаги маъмурий ўзгаришлар, хусусан вазирликларнинг қўшиб юборилиши ва айрим давлат ташкилотларининг тугатилишини фақат салбий томондан кўрсатаётганликда айблаб чиқди.

“Албатта, фикрлар хилма-хил бўлгани яхши, лекин айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқлар масалани мутахассис бўлмаган ёки зарур билим ва тажрибаси бўлмаса-да, ўзларини эксперт деб эълон қилаётган шахслар билан интервьюлар ташкил қилиб, ўз кузатувчиларига ислоҳотларни бир томонлама фақат салбий томондан кўрсатиш ва баҳолаш билан шуғулланмоқдалар. Хусусан, шу кунларда Kun.uz ва Qalampir.uz туркум интервюларни эълон қилишди”, – дейилади адлия баёнотида.

Ўтган ҳафталарда Kun.uz маъмурий ислоҳот мавзусида иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров, ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов ва таълим эксперти Баҳодир Ғаниев билан, Qalampir.uz сиёсатшунос Ҳамид Содиқ билан интервюлар эълон қилган эди. Бу суҳбатларда мутахассислар рўй бераётган маъмурий ўзгаришларнинг нафақат ижобий жиҳатлари, балки камчиликлари ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирганди.

Адлия вазирлиги ОАВнинг суҳбатдошларини “ўзларини эксперт деб эълон қилаётган шахслар” деб атаркан, уларни масъулиятсизликда айблаган.

“Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, бундай масалада у ёки бу фикр, баҳони беришда зарур билим, малака ва тажрибага эга бўлиш, чуқур таҳлилга асосланиш мақсадга мувофиқ. Чунки маъмурий ислоҳотдек ўта профессионал масалани енгил-елпи ёндашувлар, ўзининг ҳиссиёт ва қарашлари орқали баён этиш, айниқса ОАВ орқали тарқатиш масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас”, – дейилади давлат органининг расмий муносабатида.

Адлиянинг қайд этишича, маъмурий ислоҳотларни ишлаб чиқишда “халқаро ташкилотлар ва халқаро молия институтларининг тажрибали экспертлари, шу жумладан, БМТнинг вакиллари” иштирок этган. БМТдан ташқари қайси халқаро ташкилотлар, қайси халқаро экспертлар иштирок этгани, улар берган таклифлар, таклифларнинг қайсилари қабул қилингани, қайсилари рад этилгани очиқланмаган.

Адлия вазирлиги ва бошқа ташаббускорлар маъмурий ислоҳот бўйича ҳақиқатан ҳам халқаро экспертлар билан маслаҳатлашган бўлиши мумкин, лекин сайловчилар – Ўзбекистон фуқароларининг фикри билан қизиқмаган. Бу борадаги лойиҳалар жамоатчилик муҳокамасига қўйилмади. Ўтган йили айнан Адлия вазирлиги барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш шарт деган қоидани бекор қилишга бош-қош бўлганлар қаторида эди. Kun.uz вазирликнинг бу борадаги расмий изоҳини рад этувчи омиллар борлиги ҳақида ёзганди.

Адлия вазирлигининг юқоридаги баёноти интернетда танқидларга сабаб бўлди. Хусусан, жамоатчилик фаоли Комил Жалилов “ва-ва-вазирликлар тузиш, вазирларнинг ўрнини алмаштириш, турли қўмита ва агентликларни вазирликлар ичига “солиб қўйиш”, гўё ихчамлашган ҳукумат ҳисобидан Администрацияни янги тайинловлар билан шишириш” кабиларни санаб ўтиб, буларни “маъмурий ислоҳот” деб аташ қанчалик тўғри бўлишини савол остига олди.

Жалилов Конституциянинг 12-моддасида фикрлар хилма-хиллиги, 67-моддасида эса ОАВ эркинлиги кафолатланганини эслатган.

“ОАВ ислоҳотларни фақат мақташга мажбур эмас – уларнинг вазифаси айнан жамиятдаги турлича фикрлар ва қарашларни муҳокамага олиб чиқиш. Ҳар қандай воқеликка нисбатан қарашлар турлича, шу жумладан, салбий ҳам бўлиши табиий ҳол. Агар Адлия вазирлигига фақат мақтов керак бўлса, марҳамат, бюджетдан отнинг калласидай пул ажратиладиган ва ҳеч ким жиддий қабул қилмайдиган “Жаннатдан хабарлар 24”, узр, “Ўзбекистон 24” (ва МТРКнинг бошқа каналлари) етарли. Ҳеч бўлмаганда муқобил ахборот манбайи бўлган мустақил ОАВларни тинч қўяйлик”, – дея ёзган у.

Адлиянинг ОАВга интервю берганларни “мутахассис эмас”га чиқаргани ҳақида Комил Жалилов шундай дейди:

“Ўзбекистонда яшаб турган ҳар қандай шахс шу жамиятда кечаётган воқеаларга муносабат билдиришга ҳақли. Масалан, мени жамоат транспортининг аҳволи қониқтирмаса, буни айтишим учун транспорт бўйича мутахассис бўлишим шартми? Қолаверса, Kun.uz журналистлари томонидан айнан “маъмурий ислоҳот” дея тақдим қилинаётган жараён бўйича мен кўрган интервюларида сиёсий жараёнлар бўйича мутахассислар фикр билдиришди. Умуман, турли фикрларни олиб чиқиш – ОАВнинг вазифаси. Адлия вазирлигининг вазифаси эса – “қонун устуворлигини таъминлашга кўмаклашиш”, ОАВнинг овозини ўчириш ёки қонун билан тақиқланган цензура ўрнатиш эмас”.

Kun.uz'нинг шу мавзудаги суҳбатдошларидан бири – таълим бўйича эксперт Баҳодир Ғаниев ҳам Адлия вазирлигининг танқидий чиқишига муносабат билдирди.

“Аввало, ҳар бир фуқаро давлатда бўлаётган жараёнларга муносабат билдиришга ҳақли, Конституциямизга асосан. Адлия вазирлиги мутахассислари Конституцияни бир қайта ўқиб қўйиши керак шекилли. Уларнинг асосий вазифаси қонун устуворлигини таъминлаш эмасмиди?

Иккинчидан, экспертларнинг мутахассис бўлишига меъёр қоидалари йўқ. Давлатимизда номутахассислар вазир бўлиб ўтирибди-ку, Адлия эса жим. Номутахассис вазир бўла олади-ю, оддий эксперт бўла олмайдими?” – дея савол берган у.

Баҳодир Ғаниев давлат органининг “ўзларини эксперт деб эълон қилаётган шахслар” деган ёрлиқ ёпиштиришига жавобан, муҳандис-иқтисодчи мутахассислиги бўйича бакалавр даражаси ва лойиҳа бошқаруви ихтисослиги бўйича магистр даражасига эга экани, Йель университетида давлат бошқаруви бўйича 1 йиллик махсус дастурни тамомлагани, Олий Мажлис депутати бўлгани, ҳокимлик, “Эл-юрт” жамғармаси, “Камолот” ЁИҲ ва Президент администрациясида кўплаб давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этганини таъкидлаган.

Адлия баёнотида юқоридаги айбловдан ташқари, бошланган маъмурий ўзгаришларнинг асосий хусусиятлари санаб ўтилган.

Мавзуга оид