Ўзбекистон | 23:43 / 15.06.2020
41158
3 дақиқада ўқилади

Вирус чиққан тадбиркорлик субъектларида карантин харажатлари тадбиркорга юкланиши бўйича изоҳ берилди

«Мақсад – фаолиятига рухсат берилган субъектларнинг масъулиятини ошириш», дея таъкидлади Нурмат Отабеков.

15 июндан бошлаб, тадбиркорлик субъектларида санитария талабларига риоя этмаслик оқибатида коронавирус аниқланган тақдирда, ушбу объектларни ва шахсларни карантинга олиш билан боғлиқ харажатлар мазкур субъектлар ҳисобидан қопланиши белгиланди.

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековнинг изоҳлашича, бунинг асосий сабаби – «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда жойлашган қурилиш, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари масъулиятни тўлиқ ҳис қилиши ва карантин тадбирларига риоя этишига эришиш билан боғлиқ.

«Бу каби ташкилотлар фаолият кўрсатаётган пайтда, албатта, ходимлари дока ниқобда бўлишини таъминласин. Умумий овқатланиш муассасаларида хизмат кўрсатувчи шахсларнинг қўлқопда ва дока ниқобда бўлиши таъминлансин. Мижозлари оралиқ масофа сақлашга риоя этишини назорат қилсин. Ҳар бир мижоздан кейин стол устини дезинфекцион воситалар билан ишлов берилсин», – деди Отабеков 15 июнь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда.

Бош давлат санитария инспектори коронавирусга чалинганларни карантинда сақлаш, даволаш, реабилитация қилиш билан боғлиқ харажатларнинг барчаси бунга қадар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қоплаб келинганини эслатиб ўтди.

Таъкидланишича, янги тартиб асосида республикада оғир меҳнатлар эвазига жиловланган эпидемик вазиятни мураккаблаштириб юбормаслик, яна карантин ва чеклов тадбирларининг қаттиқ бўлишига йўл қўймаслик мақсад қилинган.

Нурмат Отабеков коронавирус айнан қайсидир тадбиркорлик субъектида юққанини қандай исботлаш мумкинлигига оид масалага ҳам изоҳ берди.

«Эпидемиологик суриштирувлар пайтида барча имкониятлар ишга солинади. Аввало, касаллик қаерда юққани гумон қилинади. Сўнг бу гипотеза тасдиқланиши керак бўлади.

Тадбиркорлик субъектига касаллик юқтиргани айбини қўйиш асосий мақсад эмас. Тадбиркорлик субъектлари касаллик юқтириш учун шарт-шароит яратиб бермаганини исботлаш имконига эга. Буни санитария ҳолатини назорат қилиб турадиган масъуллар ҳам кўриши мумкин», – деди Отабеков.

Унинг қўшимча қилишича, ҳар бир тадбиркорлик субъектига битта санитария врачини назорат қилиш учун бириктиришнинг имкони йўқ. Шунинг учун тадбиркорлик субъектлари эгалари видеокузатув камераларидан фойдаланиши мақсадга мувофиқ.

«Энг асосийси, тадбиркорлик субъектлари фаолият бошлашига рухсат берилишидан тўғри хулоса чиқариб, иш фаолиятига масъулият билан ёндашишлари лозим», – деди Бош давлат санитария инспектори.

Мавзуга оид