Жаҳон | 12:20 / 06.03.2024
7962
2 дақиқада ўқилади

Трамп ва Байден «суперсешанба»даги деярли барча праймеризларда ғалаба қозонди

Қўшма Штатларда «суперсешанба»да ўтказилган деярли барча праймериз ва кокусларда собиқ ва амалдаги президентлар - Доналд Трамп ҳамда Жо Байден ғалаба қозонди. Трамп фақат Вермонтда, Байден эса Америка Самоасида ютқазди. 

Фото: Getty Images

5 март, сешанба куни АҚШнинг 15 штати ва бир орол ҳудудида Демократик ва Республикачилар партияларининг праймериз ҳамда кокуслари бўлиб ўтган «суперсешанба»да Американинг амалдаги президенти Жо Байден ва Оқ уй собиқ раҳбари Доналд Трамп деярли барча овозларни қўлга киритди.

Шу тариқа, Трамп 13 штатда, жумладан Калифорния ва Техасда бўлиб ўтган ички партиявий сайловларда ғалаба қозонди ва рақиби Никки Хейлини якуний тарзда мағлуб этди. Edison Research социологик хизмати маълумотларига кўра, Хейли Вермонтда ягона ғалабасини қўлга киритди ва энди номзод бўлиш учун реал имкониятга эга эмас. Аляскадаги овоз бериш натижалари ҳали санаб чиқилмаган. 

Иккинчи муддат президентликка даъвогар бўлган Жо Байден Америка Самоаси орол ҳудудидан ташқари «суперсешанба» куни бўлиб ўтган барча праймеризларда ғалаба қозонди. Америка Самоасида у унчалик таниқли бўлмаган номзод, тадбиркор Жейсон Палмерга ютқазди. 

Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида тарафдорлари олдида гапирган Трамп Байденга ҳужум қилиб, унинг иммиграция сиёсатига эътибор қаратди ва уни тарихдаги «энг ёмон президент» деб атади. 

Байден, ўз навбатида, Трампни яна Америка демократиясига таҳдид деб атади. «Бугунги натижалар Америка халқига аниқ танлов қолдиради: биз олдинга интиламизми ёки Доналд Трампга унинг президентлигини белгилаб берган тартибсизлик, бўлиниш ва зулматга қайтишига рухсат берамизми?» - деди Жо Байден. 

5 ноябр куни АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади.

 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид