Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Ғазо бўйича Тинчлик кенгашига доимий аъзолик учун 1 млрд доллар талаб қилмоқда
Кенгашга унинг ўзи раислик қилади. Кимни таклиф қилишни ҳам у ҳал қилади. АҚШ президенти танқидчилари у бу ташаббуси билан БМТга муқобил тузилма яратишга уринаётганидан хавотирда.
Chip Somodevilla / Getty Image
Доналд Трамп маъмурияти «Тинчлик кенгаши» (Board of Peace) деб номланадиган янги халқаро органда доимий ўрин эгаллашни истаган давлатлардан камида бир миллиард доллар миқдорида бадал сўрамоқда, деб ёзади Bloomberg низом лойиҳасига таяниб.
Тинчлик кенгашини тузиш масаласи Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилганидан бери муҳокама қилинмоқда. Ўшанда Трампнинг режасига кўра, сулҳнинг иккинчи босқичида Ғазони бошқариш учун Трампнинг ўзи бошчилигидаги махсус халқаро орган – Тинчлик кенгашига ҳисобдор бўлган Фаластин муваққат қўмитаси тузилиши кўзда тутилганди.
Тинчлик кенгаши низомида айтилишича, ҳар бир таклиф қилинган давлатнинг аъзолик даври уч йилдан кўп бўлмайди. Аммо биринчи йил ичида Кенгашнинг пул жамғармасига бир миллиард доллардан ортиқ маблағ қўйганларга бу чеклов қўлланмайди.
Америкалик расмийлардан бири журналистларга Тинчлик кенгашига кириш бепул бўлса-да, миллиард долларлик бадал доимий аъзоликни кафолатлашини тасдиқлаган. Bloomberg манбасининг сўзларига кўра, маблағлар Кенгашнинг Ғазони тиклаш бўйича мандатини бажаришга йўналтирилади. Унинг сўзларига кўра, Тинчлик кенгаши «йиғилган деярли ҳар бир доллар»дан мақсадли фойдаланишни таъминлайди.
Тинчлик кенгашининг биринчи раиси Трампнинг ўзи бўлади. У ерга кимни таклиф қилишни ўзи ҳал қилади, деб ёзади Bloomberg. Қарорлар кўпчилик овоз билан қабул қилинади (бир мамлакат – бир овоз), бироқ бу қарорларнинг барчаси раис томонидан тасдиқланиши керак бўлади. Кенгаш овоз беришни йилига камида бир марта, шунингдек, «раис маъқул деб топган қўшимча муддатларда ва жойларда» ўтказади. Кун тартибини ҳам раис тасдиқлайди. Бундан ташқари, Трамп кенгаш аъзоларини чиқариб юбориш ҳуқуқига (агар бу қарор овозларнинг учдан икки қисми билан блокланмаса) эга бўлади, дейилади низом лойиҳасида.
Ҳужжатда Тинчлик кенгаши «барқарорликка кўмаклашиш, ишончли ва қонуний бошқарувни тиклаш ҳамда можаролар таъсир кўрсатган ёки таҳдид остида бўлган ҳудудларда мустаҳкам тинчликни таъминлашга интилаётган халқаро ташкилот» деб таърифланган. Трампнинг танқидчилари эса АҚШ президенти БМТга муқобил ёки рақобатчи яратишга уринаётганидан хавотирда. Бир қатор давлатлар ушбу кенгаш низоми лойиҳасига кескин қарши чиқмоқда ва бу таклифларга коллектив жавоб бериш устида ишламоқда, деб ёзади Bloomberg. Бу қайси давлатлар эканига аниқлик киритилмаган.
16 январ куни Оқ уй Ғазони бошқариш бўйича ижроия қўмитаси таркибини эълон қилди (у янги Тинчлик кенгашининг кенгроқ тузилмаси доирасида тузилади). Бу тузилмадан АҚШ давлат котиби Марко Рубио, Яқин Шарқ бўйича махсус вакил Стив Уиткофф, АҚШ президенти куёви Жаред Кушнер ҳамда Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блэр ўрин олган.
Кенгашга аъзо бўлиш таклифи дунёнинг бошқа етакчиларига ҳам берилган, улар орасида Аргентина президенти Ҳавиер Милей, Канада бош вазири Марк Карни ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бор. Reuters’нинг тўртта манбасига кўра, Франция, Германия ва Австралия раҳбарлари ҳам таклифлар юборилган. Агентликнинг ёзишича, Европа Иттифоқи вакили сифатида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен таклиф қилинган.
Бундан ташқари, Оқ уй Ғазода оператив бошқарув билан шуғулланадиган Ғазо бўйича алоҳида ижроия қўмитаси (Gaza Executive Board) аъзолари рўйхатини ҳам келтирган. Унинг таркибига Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан, Қатарнинг юқори мартабали дипломати Али Тавади, Миср разведкаси раҳбари Ҳасан Рашад, шунингдек, Уиткофф, Кушнер ва Блэр каби яна саккиз киши киритилган. БМТнинг Яқин Шарқ бўйича собиқ махсус элчиси Николай Младенов Ғазо бўйича ижроия қўмитасининг амалдаги бош директори (ва юқори тузилма билан боғловчи бўғин) бўлади.
Исроилдагилар Трампнинг режаларини танқид қилишди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг офиси Тинчлик кенгашига бўйсунадиган ижроия қўмитаси таркиби ҳақидаги эълон «Исроил билан келишилмагани ва унинг сиёсатига зидлиги»ни таъкидлаган. Нетаняҳу Исроил ташқи ишлар вазирига бу масала бўйича АҚШ давлат котиби билан боғланишни буюрган.
Оқ уй эса Нетаняҳунинг эътирозларига раддия берилди, деб ёзади Axios Трамп атрофидаги манбаларга таяниб. «Бу унинг эмас, бизнинг шоу. Сўнгги ойларда биз Ғазода ҳеч ким амалга ошириш мумкин деб ҳисобламаган ишларни қилдик ва биз олдинга силжишда давом этамиз», – дейди АҚШнинг юқори мартабали вакили. У Исроил бош вазири «Эрон билан шуғулланиши кераклиги», Ғазо билан эса Америка маъмурияти шуғулланишини айтган. «Биз у билан баҳслашмоқчи эмасмиз. У ўз сиёсати билан шуғулланади, биз эса ўз режамиз билан олдинга силжишда давом этамиз», – дея суҳбатдошнинг сўзларини келтиради Axios.
Axios маълумотларига кўра, Трамп келаси ҳафта, 19–23 январ кунлари Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон иқтисодий форумида Ғазо бўйича Тинчлик кенгаши фаолиятини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Мавзуга оид
16:34
Гренландия ва Дания аҳолиси Трампга қарши намойишга чиқди
23:16 / 17.01.2026
Венесуэла устидан назорат Трампни “нефт қироли”га айлантира оладими?
22:43 / 17.01.2026
Трамп Европанинг қатор мамлакатларига нисбатан божлар киритилишини эълон қилди
12:17 / 17.01.2026