Жамият | 21:16 / 26.03.2021
13129
2 дақиқада ўқилади

Тиббий-ижтимоий соҳадаги тиббиёт ходимлари ойлик маоши оширилди

2021 йил 25 март куни қабул қилинган «Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Cаховат» ва «Мурувват» интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида»ги президент фармонига кўра, тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимига «аутсорсинг» асосида хусусий секторни жалб қилиш ишлари олиб борилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан, 35та муассасада 428 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишларини олиб бориш ва уларни 40 миллиард сўмлик жиҳозлар ва техника билан таъминлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш белгиланди.

Шунингдек, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатининг раҳбар ва шифокорлар ойлик лавозим маоши 1,5 баробарга;
  • ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ойлик лавозим маоши 2 баробарга;
  • бошқа барча ходимлар ойлик лавозим маоши 1,2 баробарга оширилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари:

  • агентлик марказий аппарати ходимларининг ойлик лавозим маошини 1,5 баробарга;
  • унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси марказий аппарати ва унинг ҳудудий комиссиялари ходимлари ойлик лавозим маоши 1,2 баробарга;
  • «Саховат» интернат уйлари ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида яшовчи ёлғиз пенсионерларга шахсий сарф-харажатлари учун камида тўланадиган ойлик пенсия миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача оширилиши кўзда тутилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 март куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги уруш ва меҳнат фахрийлари «Саховат» уйига ташриф буюрган ва бу ердаги нуронийлар билан учрашганди.

«Бош вазирга алоҳида топшириқ бердим, махсус ходим ажратади ва у фақат шу соҳа билан шуғулланиб, муаммоларни ҳал қилади. Беҳзод Мусаев бундай масканларда фаолият юритувчи тиббий ходимлар маошларини кўриб чиқади. Уларга бошқалар билан тенг маош бериш адолатдан эмас, чунки ишлари оғир. Бундай масканларда истиқомат қилаётган инсонлар ҳам умид билан яшаяпти, уларни ота-онамиздек кўрсак ишимизда барака бўлади», деганди давлат раҳбари учрашув давомида.

Мавзуга оид