Ўзбекистон | 12:00 / 01.01.2026
4237
2 дақиқада ўқилади

Фуқаролар ўзлари тўлаган айрим солиқлар қайси йўналишга ишлатилганини кўриши мумкин бўлди

Эндиликда фуқаролар Openbudget.uz сайтига кирган ҳолда, ўзлари тўлаган даромад, ер ва мулк солиқлари бўйича харажатлар таркибини кўриши мумкин. Бу учта солиқ тушумлари ҳисобидан 2025 йилдаги харажатлар 70 га яқин йўналишни ўз ичига олади.

Сунъий интеллект яратган сурат

2026 йил 1 январдан бошлаб openbudget.uz порталида “Жисмоний шахсларнинг бевосита солиқлари ҳисобидан харажатлар” модули ишга туширилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Бу модул орқали фуқаролар ўзлари тўлаган даромад солиғи, мол-мулк ва ер солиқлари ҳисобидан қайси йўналишга қанча харажат қилинганини кўриши мумкин.

Модулдан фойдаланиш учун тегишли саҳифага OneID орқали кириш лозим.

Ҳисобот қуйидагича кўринишга эга (сайтдан скриншот):

Қайд этиш лозим, ҳисобот жисмоний шахсларнинг фақатгина тўғридан тўғри солиқларини қамраб олади. Давлат бюджетида энг катта ўринга эга ҚҚС ва бошқа солиқларни ҳам якунда жисмоний шахслар тўлайди, аммо улар юридик шахслардан ундирилгани боис юқоридаги модулдан жой олмаган. Шу сабабли расмий ишда ишламайдиган, ер ва мулк солиғи тўламайдиган фуқаролар ушбу модулдан фойдаланганда, бўм-бўш жадвалга гувоҳ бўлиши мумкин, бироқ бу уларнинг умуман солиқ тўламаётганини англатмайди.

Маълумот учун, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 2025 йил якуни бўйича 41,4 трлн сўмни ташкил этиши кўзда тутилган. Бу – давлат бюджети даромадларининг 12 фоизини ташкил этади.

Очиқ манбаларда ер солиғи ва мол-мулк солиғи тушумлари жисмоний ва юридик шахслар учун бирлаштирилган ҳолда кўрсатилган бўлиб, унга кўра 2025 йилда ер солиғидан тушумлар 9,7 трлн сўм, мол-мулк солиғидан 7,9 трлн сўм бўлиши кутиляпти.

Шу тариқа, ЖШОДС ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ер ва мулк солиқларидан тушумлар (59 трлн сўм) 2025 йилги жами давлат бюджети даромадлари (345,2 трлн сўм)нинг 17 фоизини ташкил этади.

  • 2025 йил январ-сентябр ойларида юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқ мажбуриятларининг ихтиёрий бажарилиши 96 фоизни ташкил этган.
Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид