Ўзбекистон | 10:00
1206
14 дақиқада ўқилади

Лихачёв айтган триллионлар ва бюджет гарданидаги футбол — ҳафта дайжести

Жиззахда АЭСга биринчи бетон қуйилди: Россия томони 25 млрд долларлик буюртмалар ҳақида гапиряпти. Футболга оид янги қарор: энди клублар бюджетдан ҳам пул олади, футболчилар эса солиқдан озод бўлди. Шахсга доир маълумотлар қонуни ўзгарди: Ўзбекистон Apple Pay ва Google Pay учун эшикларини очяпти. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа асосий воқеалари – Kun.uz дайжестида.

АЭС лойиҳасида янги босқич

Жиззахда атом электр станцияси қурилишининг бетон қуйиш босқичига ўтилди. 24 март куни Фориш туманидаги қурилиш майдонида кам қувватли станция энергоблоки учун тантанали тарзда биринчи бетон қуйилди. “Бугун Ўзбекистон келажаги учун яна бир муҳим кун: замонавий атом энергиясини яратиш бўйича миллий дастурни амалга оширишда ҳал қилувчи қадамни қўйдик”, – деди “Ўзатом” раҳбари Азим Аҳмадхўжаев.

Шу куни Тошкентда ўтган тадбирда “Ўзатом” ва “Росатом” мазкур лойиҳа бўйича яна иккита келишув тузди. Улардан бирига асосан, станциянинг янгиланган ноёб конфигурацияси тасдиқланди. Унга кўра, интеграциялашган АЭС мажмуаси – ҳар бири 55 MW қувватга эга иккита кам қувватли, ва ҳар бири 1 GWлик иккита анъанавий энергоблокдан иборат бўлади.

Шу тариқа, Ўзбекистон – ҳам кичик, ҳам катта АЭСларни битта майдонда жойлаштирган дунёдаги биринчи давлатга айланади. Қолаверса, музёрар кемаларга мўлжалланган ядровий технологиянинг қуруқлик учун модификацияси – РИТМ-200Н реактори ҳам биринчи бўлиб айнан Ўзбекистонда амалиётга жорий этилиши мумкин.

Аслида Россия бу янги реакторни ўзининг энг шимолий ва энг совуқ ҳудудларидан бири Якутияда, 2028 йилда ишга туширмоқчи эди. Лекин кейинроқ, бу муддат 2030 йилга узайтирилган. Жиззахдаги АЭСнинг илк энергоблокини эса ундан аввалроқ – 2029 йилда фойдаланишга топшириш режа қилинган.

Фориш туманидаги АЭС майдонида биринчи бетон қуйилмоқда. / Фото: “Ўзатом” матбуот хизмати

Лойиҳанинг якуний иқтисодий параметрлари ҳанузгача очиқланмаган. 110 MW – бу тахминан битта туман аҳолисини ток билан таъминлашга етади. Ўтган йили “Ўзатом” бу қувватдаги кичик АЭСнинг нархи 1 млрд долларга бормаслигини маълум қилганди. Лекин куни кеча “Росатом” раҳбари Тошкентда журналистларга айтган рақам ҳайратланарли: унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда кичик АЭС қурилиши – Россия компанияларига 2 триллион рублгача буюртмалар олиб келади.

Маълумот учун, 2 триллион рубл – бу ҳозирги курсда 24,7 миллиард доллар демакдир. Қандай қилиб Ўзбекистонда бор-йўғи 110 MW қувватли битта станциянинг қурилиши Россия компанияларини 24 миллиард доллардан ортиқ буюртмалар билан таъминлаши мумкин? Агар шундай бўлса, бўлажак АЭСда ишлаб чиқариладиган 1 kWh электр энергиясининг таннархи қанча бўлади? Шу каби саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.

Футбол клублари – бевосита давлат бюджети қарамоғида

Ўзбекистонда футбол клублари тўғридан тўғри давлат бюджетидан ҳам пул оладиган бўлди. 27 март куни имзоланган қарор билан, Суперлига клубларининг ҳар бирига давлат бюджетидан 2026 йилда 35 млрд сўмдан, 2027 йилда 30 млрд сўмдан, 2028 йилда эса 25 млрд сўмдан маблағ ажратилади. Жорий йилда 16 та клубга ажратилаётган жами маблағ 560 млрд сўм бўлиб, бу – 45 млн доллардан ортиқроқ сумма демакдир.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Суперлига ва Про лига клубларининг футболчилари 3 йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади. Улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади. Бу имтиёзлар нафақат футболчилар, балки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик доирасида миллий терма жамоаларга жалб этиладиган барча тренерларга ҳам тегишли.

Амалдаги чемпион “Нефтчи” жорий мавсумнинг 4-туридан кейин ҳам пешқадамлик қилмоқда. / Фото: Клуб матбуот хизмати

Шунингдек, футбол клублари ва турли спорт федерацияларига ҳомийлик қилган тадбиркорларга ҳам солиқ имтиёзи белгилаб қўйилди. Бундай тадбиркорлар давлат телеканалларининг спортга доир эфирлари вақтида ярим нархида реклама жойлаштириш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди. Клуб харажатларининг камида 20 фоизини зиммасига олган тадбиркорлар клубни ишончли бошқарувга олиши мумкин. Агар тадбиркор клубни биратўла сотиб олмоқчи бўлса, давлат унга имтиёзли кредит беришини ҳам эълон қилди.

Қарор билан, йил охиригача футбол клубларининг бозор нархини аниқлаш ва улардаги давлат улушини хусусийлаштириш топшириғи берилди. Лекин “фалон санагача биттаям клубда давлат улуши қолмасин” деган мазмундаги вазифа белгиланмаган.

Бу янгиликлар орасидан бюджетга оид қисми тармоқларда энг кўп муҳокамаларни келтириб чиқарди. Шу пайтгача футболчиларнинг маоши ўқитувчиларнинг маоши билан таққосланиши тез-тез учраб турарди, энди бу таққос ёнига яна бир савол қўшилди: нега 3 млн сўм ойлик оладиган ўқитувчи 12 фоиз даромад солиғи тўлайди-ю, нега 30 млн сўм ойлик оладиган футболчидан бир тийин ҳам солиқ ушлаб қолинмайди?

1 апрелдан нималар ўзгаради?

1 апрелдан бошлаб футболчилар солиқ тўламаслигидан ташқари, яна қатор янгиликлар кучга киради. Бу санага саноқли кунлар қолган экан, ўзгаришларнинг айримларини қисқача санаб ўтамиз.

Аввало, кейинги ойдан бошлаб ёқилғи, алкогол ва тамаки маҳсулотлари; коммунал ва давлат хизматлари; кўчмас мулк ва “10 ёшга тўлмаган” автомобиллар олди-сотдиси фақат нақдсиз шаклда амалга оширилади. Нархи 25 млн сўмдан ошиқ ҳар қандай товар ва хизматни ҳам фақат нақдсиз тўлов эвазига харид қилиш мумкин бўлади. Солиқ қўмитаси бу чекловларни амалга киритиш учун касса аппаратларга оид техник ўзгаришлар тайёрлаб қўйилганини маълум қилди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эса, нақдсиз савдо талаби йилига 100 триллион сўмгача маблағни банк тизимига олиб киришини кутмоқда.

1 апрелдан эътиборан давлат шифохоналари 5 кунлик иш тартибига ўтади, дам олиш кунларида навбатчилик йўлга қўйилади. Ҳайдовчилар учун эса қоидабузарликдан тийилишга мажбурловчи янги қоида ишга тушиши керак: радарлар қайд этган ҳуқуқбузарликлар учун ҳам энди жарима баллари ёзилади. Эътиборлиси, 1 апрелга саноқли кунлар қолган бўлса ҳам, масъуллар бу тартиб ишга тушиши учун керакли электрон тизим тайёрлиги ҳақида ҳали ҳам эълон қилмади. Бу тизимда мулкдор ўз машинасини бошқа одамга топширганини кўрсатиши, у эса қабул қилиб олганини тасдиқлаши керак – автомобил радарга тушган пайти, жарима балли кимнинг ҳисобига ёзилиши шунга қараб аниқланади.

Кейинги ойнинг биринчи санасидан рўй берадиган яна бир ўзгариш Тошкент вилояти аҳолисига тааллуқли. Вилоят депутатларининг 24 март кунги қарори билан, чиқинди тарифлари ошадиган бўлди. Тариф юридик шахслар учун 12 фоизга, жисмоний шахслар учун эса инфляциядан анча кўпроққа – 38,6 фоизга кўтарилади. Аниқроқ айтсак, ҳозиргача чиқиндини олиб кетиш хизмати учун киши бошига ойига 7840 сўмдан тўлаб келинган бўлса, энди бу нарх 10 864 сўмга етади.

Қонундаги ўша шов-шувли модда ўзгарди

2021 йил 3 ноябр куни Ўзбекистонда рўй берган ижтимоий тармоқлар “блекаути” ёдингиздами? Telegram, YouTube, Instagram ва Facebook каби энг оммабоп тармоқлар блокланиб, бир неча соатдан кейин очиб юборилганди. Ўшанда қатор масъуллар жазоланган бўлса ҳам, улар қилган иш қонуний эди. Ана ўша ғалати қонун, аниқроғи қонундаги модда шу ҳафта ваниҳоят ўзгартирилди.

Гап – “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг 27-1-моддаси ҳақида кетяпти. 2021 йилда пайдо бўлган бу моддада шахсга доир маълумотларни Ўзбекистон ҳудудида сақлаш талаби қўйилган эди. 26 март куни имзоланиб, 27 мартдан кучга кирган қонун билан, ана ўша модда ўзгартирилиб, шахсга доир айрим маълумотларни Ўзбекистондан ташқарида ҳам сақлашга рухсат берилди.

Модданинг янги таҳририга кўра, шахсларнинг биометрик ва генетик хусусиятга эга бўлмаган маълумотларини айрим шартлар асосида, хориждаги баъзи давлатлар ҳудудида сақлаш мумкин. Қайси давлатлар эканини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди: ҳукумат бунинг учун у ёки бу давлат шахсга доир маълумотларни Ўзбекистон билан бир хил ҳимоя қилишини тасдиқлаши керак.

Қонундаги бу ўзгариш – PayPal, Google Pay ва Apple Pay каби тўлов воситаларининг Ўзбекистонга киришига йўл очиши кутиляпти. Қолаверса, бир қатор соҳалардаги йирик компаниялар ўз мижозларига оид маълумотларни сақлашда булутли технологиялардан фойдаланиши мумкин бўлади.

“Тоза ҳаво” миллий дастури: иссиқхоналар кўчирилади, қурилишга талаблар кучаяди

Тошкентда экологик вазиятни яхшилашга масъул Махсус комиссия фаолиятини давом эттиряпти. Душанба куни Экология қўмитаси раиси, комиссия раҳбари Азиз Абдуҳакимов президент ҳузурида тақдимот қилди. Унда айтилишича, 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва унинг атрофида янги иссиқхона ташкил этишга чеклов қўйилади. Масъулларга кўра, табиий ва иқтисодий омиллар сабаб 1 тонна иссиқхона маҳсулотини етиштириш харажати Тошкент вилоятида 12 млн сўмга, Сурхондарёда эса 5 млн сўмга тушади.

Шу туфайли Тошкент атрофидаги иссиқхоналар босқичма-босқич жанубий вилоятларга кўчирилиши мумкин. Кўчирилаётган хўжаликларга инфратузилма, кредит ва логистика бўйича имтиёзлар берилади. 2026 йилги давлат дастурида кўрсатилган рақамга қараганда, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда 6517 та иссиқхона хўжалиги бор – дастурда уларга филтрлар ўрнатиш ёки бошқа ҳудудларга кўчириш кўзда тутилган.

2028 йилга қадар барча ҳудудларда ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш ҳам режа қилиняпти. Бу боғлардан ҳар бири камида 100 гектар майдонни эгаллайди. Тошкентда ташкил этиладиган Миллий дендрология боғи 108 гектар майдонда жойлашиб, дам олиш зонаси ва сакура боғини ўз ичига олади.

Йиғилишдан кейин Махсус комиссия баёнот билан чиқиб, энергетика ва саноат объектлари фаолиятига нисбатан кучайтирилган экологик талаблар амал қилаётгани, энди навбат қурилиш соҳасига келганини маълум қилди. Янги қуриладиган йирик объектларни лойиҳалаштиришда кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш, қурилиш материалларини ёпиқ шароитда сақлаш ва бошқа талаблар киритилмоқда, дейилади баёнотда.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Давлат раҳбарлари Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд ва Сомонийлар мақбарасини зиёрат қилди, Арк қўрғони, Пои Калон ва Лаби Ҳовуз мажмуаларида бўлди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Тошкентда Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Президентлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини кенгайтиришини эълон қилди; икки ўртада 15 та идоравий ҳужжат имзоланди. Шунингдек, икки мамлакат ҳамкорлигидаги 10 та қўшма лойиҳа ишга туширилди; Тожикистон элчихонасининг янги биноси очилди. Ташрифнинг иккинчи кунида Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон Бухородаги тарихий мажмуаларни зиёрат қилди.

Президент исломий банклар тўғрисидаги қонунни имзолади. Қонун билан, 2 та кодекс ва 7 та қонунга ўзгартиришлар киритилиб, исломий банк фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Хусусан, исломий молия операцияларига солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам белгиланган. Қонун 3 ойдан кейин кучга киради. Жорий йилда камида битта тижорат банкида исломий “дарча” фаолиятини йўлга қўйиш, 2026-2030 йилларда эса тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи иккита банк ташкил этиш режа қилинган.

Банкдан 500 долларгача нақд валюта олиш учун паспорт керак бўлмаслиги мумкин. Марказий банк шу ҳақдаги ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Агар лойиҳа тасдиқланса, мижозлар 500 доллар ёки ундан камроқ қийматдаги хорижий валютани харид қилиш учун банкка борганда, ўзи билан шахсини тасдиқловчи ҳужжатни олиб бормаса ҳам бўлаверади. Ҳозир бу чегара 100 долларга тенг. Ҳафта давомида, шунингдек, санъаткорларни солиққа тортишнинг янги тартиби лойиҳаси ҳам муҳокамага қўйилди. Унда 1 октябрдан бошлаб санъаткорлардан ҳар битта тўй учун алоҳида солиқ ундириш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда гўшт яна қимматлаша бошлади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, охирги икки ҳафтада “Эски Жува” деҳқон бозорида мол гўшти 10 фоизгача қимматлашиб, улгуржи максимал нарх 110 минг сўмга етган. Бу қимматлашиш – Покистон ва Афғонистон ўртасидаги уруш сабаб Покистондан Ўзбекистонга гўшт олиб киришдаги муаммолар фонида рўй бермоқда. Бундан ташқари, Россиянинг қатор ҳудудларида қорамоллар орасида хавфли инфекция тарқалгани ҳам вазиятга таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

Ота-оналар боласининг машина ҳайдаб юришига йўл қўйиб бераётган ҳолатлар давом этмоқда. Шундай воқеалардан яна бири Самарқандда фожиали якунланишига бир бахя қолди. Ургут туманида 11-синф ўқувчиси гувоҳномаси бўлмай туриб рулга ўтирган, бу ҳам етмагандек тезликни оширган, охир-оқибат йўлидан чиққан 5 яшар қизчани уриб юборган. Шундан кейин йигит воқеа жойидан қочиб кетган; дўкондан қайтаётган қизалоқ шифохонага ётқизилган. Тошкентда рўй берган бошқа бир воқеада эса, ҳайдовчи эҳтиётсизликдан эмас, қасддан одам уриб кетди: 27 ёшли эркак собиқ хотини ва унинг ёнидаги шахслар билан жанжаллашиб қолгач, уларнинг устига машина ҳайдаб, жароҳат етказган. Бундай қилмиш учун ҳуқуқбузар дарҳол қамоққа олинмагани эътиборга молик.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид