Жаҳон | 11:52 / 22.03.2022
66909
7 дақиқада ўқилади

Аскарларга овқат қилаётган артистлар ва ертўладаги байрам. Украинада урушнинг 26-куни суратлари

Урушнинг йигирма олтинчи куни ўтди. Россия армияси Киевни ўққа тутишда давом этди — 21 март куни пойтахтнинг Подольский районидаги савдо марказига зарба берилди. РФ мудофаа вазирлиги у ишламаётгани ва у ерда ўқ-дорилар яширилгани ҳақида маълум қилган. Украина бош прокурори маълумотига кўра, савдо марказига ҳужум оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган. Харьковда россияликлар томонидан берилган зарба оқибатида 96 ёшли Борис Романченко қурбон бўлди, у немисларнинг тўртта концлагеридан омон чиққанди. 

Ўт ўчирувчилар Киевдаги Подольский районида «Ретровиль» савдо марказида ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилмоқда. Унга россиялик ҳарбийлар ҳужум қилган — РФ мудофаа вазирлиги буни тан олган. Локация бўйича маълумот урушнинг илк кунларида Украина армияси техникаси ҳаракати акс этган тиктокдаги видео орқали аниқлангани тахмин қилинмоқда. Felipe Dana / AP / Scanpix / LETA

Украинадаги урушнинг 26-кунида рўй берган асосий воқеалар: 

  • Россия ва Украина делегацияларининг 21 март кунги музокаралари бир ярим соат вақт давом этди, шундан кейин музокаралар ишчи гуруҳлар даражасида олиб борилди. 
  • Украина президенти Владимир Зеленский Украина ва Россия ўртасидаги музокараларда эришилган компромисслар, хусусан Украина учун хавфсизлик кафолати ёки Киев назоратида бўлмаган Донбассдаги ҳудудлар ва Қримнинг мақоми Бутунукраина референдумига қўйилиши кераклигини айтди. 
  • Киевда ракета зарбаси оқибатида «Ретровиль» савдо маркази ва атрофдаги бир неча аҳоли турар жой бинолари вайрон бўлган. Украина томони маълумотига кўра, камида 8 киши ҳалок бўлган. 
  • Херсонни эгаллаб турган Россия қўшини шаҳар босиб олинишига қарши митингга чиққан маҳаллий аҳоли вакилларини ўққа тутган, бир неча киши яраланган. 
  • Украина ҳукумати Россия мудофаа вазирлигининг Мариупол шаҳрини топшириш бўйича ультиматумини рад этди. 
  • Одессадагилар Қора денгизда турган Россия ҳарбий кемалари биринчи марта шаҳар атрофидаги аҳоли тураржой кварталларини ўққа тутгани ҳақида хабар берди. 
  • Украина шимоли-ғарбидаги Ровенск областида бир кунда икки бор ракета зарбалари берилди. 
  • Москвада Твер суди Meta компанияси фаолиятини экстремистик деб тан олди ва унинг Россиядаги фаолиятини тақиқлади. Meta йирик ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар - Facebook, Instagram ва WhatsApp’га эгалик қилади, уларнинг учинчисига ҳозирча Россия ҳукуматида эътироз йўқ.
  • Уруш бошланганидан буён Украинада 117 бола ҳалок бўлган. Мамлакат бош прокурорининг маълумотига кўра, яна 160 нафарга яқин бола яраланган.
  • Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати раиси Роман Примушнинг маълумот беришича, уруш бошидан буён 651 та аҳоли тураржой биноси бутунлай вайрон қилинган, 3780 тураржой биноси қисман шикастланган.
  • BBC рус хизмати очиқ манбаларга асосланган ҳолда Украинада ҳалок бўлган 557 нафар россиялик ҳарбийлар ҳақида маълумот берди. Улар орасида 1 нафар генерал, 8 нафар полковник, 9 нафар подполковник, 20 нафар майор, 71 нафар кичик офицер борлиги маълум бўлган. Журналистлар ОАВда эълон қилинган, аммо исмлари келтирилмаган ҳарбийларни, ёлланма жангариларни ҳамда ДХР/ЛХР айирмачиларини ушбу рўйхатга қўшмаган. Фақатгина Россия ҳарбий контингенти шахсий таркиби маълумотлари келтирилган. Уруш бошлангандан бери Россия бир марта - 2 март куни (урушнинг 6-куни) йўқотишлари сони 498 нафарлигини тан олганди.

Қуйида урушнинг навбатдаги кунида олинган асосий суратлар.

Украина ҳудудий мудофаа жангчилари Киевдаги турар жой биноси яқинида учаётган дронни нишонга олмоқда.
Fadel Senna / AFP / Scanpix / LETA
Савдо марказининг зарбадан кейинги кўриниши. РФ мудофаа вазирлиги бу ердан ўқ-дориларни сақлаш учун фойдаланилганини айтмоқда.
Atef Safadi / EPA / Scanpix / LETA
Киевда пластик ленталар учун навбат. Бундай полотнолардан одамлар зарбалар оқибатида синиб кетган ойналар ўрнини ёпишда фойдаланади.
Diego Herrera / Xinhua / Chine Nouvelle / SIPA / Scanpix / LETA
Киевда зарбалар оқибатида бир қисми қулаб тушган уйдаги квартирадан омон қолган нарсаларини йиғиштираётган эркак.
Efrem Lukatsky / AP / Scanpix / LETA
Киевда вайрон қилинган уй яқинида турган украин ҳарбийси
Nacho Doce / Reuters / Scanpix / LETA
Ўз вақтида Олий рада депутатлигига номзод бўлган, энди ҳарбий хизматчига айланган Татьяна Чорновол машина юкхонасидан танкка қарши ракеталарни олмоқда
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Россияпараст ҳарбийлар отряди Z ҳарфи ёзилган юк машинасида Мариупол атрофида турибди
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Волноваха аҳолиси россиялик ҳарбийлар томонидан деярли ер билан битта қилинган шаҳар кўчаларида гулхан ёқиб, овқат қилмоқда.
Михаил Терещенко / Scanpix / LETA
Николаевдаги қабристонда қабрлар орасига қадалиб қолган ракета. Bulent Kilic / AFP / Scanpix / LETA
Лузановка соҳилида баррикадада навбатчиликда турган украин аскари — Одесса атрофи
Sedat Suna / EPA / Scanpix / LETA
Ғарбий Украинадаги Дрогобич театри ҳовлисида овқат пишираётган кўнгиллилар. Бу театрда мамлакатнинг турли нуқталаридан келган артистлар тўпланган — санъатини намойиш этиш учун эмас, украин армияси аскарларига овқат қилиш учун.
Bernat Armangue / AP / Scanpix / LETA
Киевдаги бадиий студияда туғилган кун нишонланмоқда, бу ер уруш даврида бомбапанагоҳга айланган. Студия ертўлада жойлашган, рассомлар Россия Украинага бостириб киришидан олдинроқ бу ерни таъмирлаган ва ўз иши учун фойдаланган. Энди улар шу ерда яшамоқда ва волонтёрлик билан шуғулланиб, Украина армиясига ёрдам бермоқда. Roman Pilipey / EPA / Scanpix / LETA
Украиналик ўт ўчирувчи ва қутқарувчилар Киевда ҳужумга учраган кўп қаватли уйда ишламоқда.
Atef Safadi / EPA / Scanpix / LETA
Кўп қаватли уйда яшаган украин оиласи ҳужумдан кейин ўз нарсаларини йиғиштириб ташқарига чиққан.
Atef Safadi / EPA / Scanpix / LETA
Киевдан шарқда жойлашган Красиловка қишлоғида ҳужумлар оқибатида вайрон бўлган уйи олдида ўтирган эркак
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
Украиналик сапёрлар Киевга ҳужумдан кейин ракета келиб тушган жойни ўрганмоқда.
Felipe Dana / AP / Scanpix / LETA
Мариупол аҳолиси ҳалок бўлганлар учун йўл ёқасида қабр қазимоқда
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Мариуполдан чиқиб келган ўғлини қучаётган она. Львовдаги темирйўл вокзали.
Bernat Armangue / AP / Scanpix / LETA
Россия армияси томонидан эгалланган Херсонда босқинга қарши намойиш бўлиб ўтди. Украина байроқларини кўтариб қуролланган ҳарбийларга қарши чиққан украинлар «Уйингизга қайтинг» дея ҳайқиришди. Reuters / Scanpix / LETA
Ёниб кетган танк, Киев области. Ukrainian Ground Forces / Reuters / Scanpix / LETA

 

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид