Спорт | 22:55 / 11.04.2026
7988
1 дақиқада ўқилади

Синдоров Каруана билан дуранг ўйнади. У 2 очколик фарқ билан пешқадамликда давом этмоқда

Жавоҳир Номзодлар турнирининг 11-турида америкалик Фабиано Каруанага қарши қора доналарда ўйнаб, дуранг натижа қайд этди. Унинг энг яқин таъқибчиси нидерландиялик Аниш Гири ҳам бу турда дуранг ўйнагани ҳисобига, Синдоров турнир якунига учта тур қолганда 2 очколик фарқ билан пешқадамлик қилишда давом этмоқда.

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров 11 апрел куни Номзодлар турнирининг 11-турида америкалик Фабиано Каруанага қарши қора доналарда ўйнади.

Баҳс дуранг билан якунланди. Синдоров биринчи даврада оқ доналарда ўйнаб, дунёнинг 3-рақамли шахматчисидан устун келганди.

Ўзбекистонлик шахматчи ушбу турдан сўнг 8,5 очко билан пешқадам бўлиб турибди.  Унинг энг яқин таъқибчиси, нидерландиялик Аниш Гири ҳисобида 6,5 очко бор.

12-тур баҳслари 12 апрел куни бўлиб ўтади. Унда Синдоров америкалик Ҳикару Накамурага қарши дона суради.

Номзодлар турнири якунланишига яна 3та тур қолди. Мусобақа ғолиби 70 минг евро мукофотни қўлга киритади ва шахмат тожи учун амалдаги чемпион ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид