Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Балки Counter-Strike ҳам ўйнарман» – Синдоров дам олиш кунини қандай ўтказиши ҳақида
Ўзбекистонлик шахматчи Накамурага қарши ўйиндан олдин вазиятдан келиб чиқиб дуранг қайд этишга қарши бўлмаганини яширмади. У эртага Гирига қарши ҳал қилувчи партияни ўтказади.
Фото: Michal Walusza / FIDE
Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров Номзодлар турнирининг 12-турида америкалик гроссмейстер Ҳикару Накамурага қарши ўйинда қайд этилган дуранг юзасидан фикр билдирди.
Бу партия турнир тарихидаги энг қисқа партиялардан бири бўлди. Рақиблар каталонча кириш вариантини қўллади ва 35 дақиқадан сўнг дурангга келишишди.

Синдоров ўйиндан кейинги матбуот анжуманида бу турдаги асосий мақсади – кучни тежаш ва таваккалчиликни камайтириш бўлганини тан олди. У олдинги турда Фабиано Каруанага қарши кечган оғир баҳс (у ўша партияда қийин ҳолатда қолиб, якунда дурангга эришганди) кўп кучини олиб қўйганини қайд этган.
«Бугунги дуранг яхши натижа. Ҳозирги вазиятда Ҳикару билан узоқ ва оғир партия ўйнаш учун сабаб кўрмадим. Шунинг учун имкон бор жойларда мажбурий вариантларни танладим.
Агар у узоқ партия ўйнашни хоҳласа, бунга ҳам тайёр эдим. Лекин у ҳам анча ишончли йўлларни танлашини кутгандим. Ҳатто партиядан олдин тез дуранг бўлишини сезгандим.
Кеча жуда муҳим ўйин бўлганди ва анча чарчагандим», – деган ёш шахматчи.
Бу турда Синдоровнинг энг яқин таъқибчиси, нидерландиялик Аниш Гири ҳам дуранг қайд этди ва энди турнир якунига икки тур қолганида Синдоров (9) ва Гири (7) ўртасидаги фарқ 2 очколигича қолмоқда.

Кейинги турда ушбу икки шахматчи бир-бирига қарши дона суради. Бу баҳсдаги дуранг натижа ҳам ўзбекистонлик шахматчини муддатидан олдин чемпионга айлантиради. Гирида эса биринчи ўринга чиқиш учун фақат назарий имконият сақланиб қолган. Бунинг учун Синдоров охирги икки турда мағлуб бўлиши, Гири эса икки партияни ҳам ютиши талаб этилади.
Синдоров Гири билан бўладиган партияда воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёр эканини таъкидлади:
«Аниш, катта эҳтимол билан, узоқ давом этадиган ўйин ўтказишга ҳаракат қилади. Мен эса курашга тайёрман… Агар Аниш ютишга ҳаракат қилса, мен ҳам ўйнайман ва ўз имкониятларимни қидираман. Лекин турнир жадвалидаги вазиятдан келиб чиқиб иш тутаман.
Аниш Гирига қарши тайёргарликни ChessBase орқали қиламан. Партияларини кўриб чиқаман ва вариантларни такрорлайман.
У ижтимоий тармоқларда нима ёзаётгани билан эса қизиқмаяпман. Бу мен учун муҳим эмас».
13 апрел турнирда дам олиш куни. Синдоров бўш вақтида падел-теннис ва компютер ўйинларини ўйнамоқчи эканини қўшимча қилган.
«Дам олмоқчиман, видеоўйинлар… Балки Counter-Strike ҳам ўйнарман», – дейди у.
13-тур баҳслари 14 апрел куни Тошкент вақти билан соат 17:45 да бошланади. Гирига қарши баҳсда Синдоров қора доналарда ўйнайди. Шахматчиларнинг биринчи даврадаги баҳсида дуранг натижа қайд этилганди.
Синдоров турнирда чемпионликни расмийлаштирадиган бўлса, жаҳон чемпиони унвони Доммаражу Гукеш билан ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритади.
Мавзуга оид
18:36 / 12.04.2026
Синдоров Накамура билан дуранг қайд этди ва чемпионликка яқинлашди
22:55 / 11.04.2026
Синдоров Каруана билан дуранг ўйнади. У 2 очколик фарқ билан пешқадамликда давом этмоқда
19:28 / 11.04.2026
«Синдоров-Карлсен баҳсини жон деб кўрган бўлардим» — Гарри Каспаров
11:44 / 10.04.2026