Жамият | 17:58 / 24.07.2019
90707
3 дақиқада ўқилади

«Кенжаев иши»нинг давоми: «Aurum-898» тунги клуби яна бир қўриқчисига ҳукм ўқилди

Хабарингиз бор, ўтган йилнинг энг шов-шувли воқеаларидан бири пойтахтдаги «Aurum-898» тунги клубидаги мудҳиш ҳолат бўлди. Ушбу жанжалда спортчи Жамшид Кенжаев аёвсиз калтакланган, пичоқланган ва ҳалок бўлганди. Шундан сўнг, жиноий иш бўйича суд жараёни бўлиб ўтган ва суд мажлисларидаги муҳокамалар жамоатчиликка етказиб борилган эди. Ушбу иш доирасида навбатдаги суд жараёни жорий йилнинг 9 июль куни ўз якунига етди.

Ушбу суд ишида жабрланувчи сифатида Жамшид Кенжаевнинг ўртоқларидан бири Ш. Т. иштирок этган. Судланувчи сифатида қатнашган «Aurum-898» тунги клубининг қўриқчиси М.А.га нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Суднинг аниқлашича, маст ҳолатда бўлган Жамшид Кенжаев клубга киришга уринган ва норасмий қўриқчилар томонидан тўхтатилган. Шу орада жанжал чиқиб, Жамшид Кенжаев қўлида бўлган пичоқ билан Шерали Ильясов ва Абдурасул Мирзаевга тан жароҳати етказади. Шу жараёнда, судланувчи М.А. жанжалнинг олдини олиш учун келган Кенжаевнинг ўртоғи Ш.Т. ва унинг бошқа шерикларини қувиб кетган. Шундан сўнг, судланувчи М.А. жабрланувчи Ш.Т.ни танасининг турли жойларига қўл ва оёқлари билан уриб, ёнида бўлган пичоқ билан орқа думба соҳасига икки марта тан жароҳати етказган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг 2018 йил 14 августдаги 4456-сонли хулосасига кўра, Ш.Т. га нисбатан енгил тан жароҳати етказилган.

Судда М.А. ўз айбига иқрор бўлган. Жабрланувчи Ш.Т. эса судланувчига нисбатан ҳеч қандай моддий ва маънавий даъвоси йўқлигини айтган ва суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.

Суд ҳолатни батафсил ўрганиб чиқиб, судланувчи М.А.га нисбатан жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» банди билан айбли деб топди ва 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Чекловлар қуйидагича:

- яшаш жойини ҳукмни ижросини назорат қилувчи орган рухсатисиз ўзгартирмаслик,

- оммавий ва бошқа тадбирларда иштирок этмаслик,

- муайян жойларда – тунги клублар, ресторан, кафе, бар, спиртли ичимликлари ичиш жойларига бормаслик,

- алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик, муайян буюмларни – барча турдаги пичоқ, темир бўлакларини ўзида сақламаслик,

- Қашқадарё вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик тақиқлари юклатилган.

Мавзуга оид