13 март куни Жамшид Кенжаевга нисбатан қилинган қотиллик юзасидан олиб борилган жиноят иши тугатилиб, суд ҳукми ўқилди. Қотиллик ишидаги асосий айбланувчи Шодали Қиличов 18 йил муддатга, қолган судланувчилар Саидазим Камолиддинов, Алижон Ҳамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловнинг ҳар бири 5 йил муддатга қамалди.
Ҳукмни эълон қилишдан олдин судланувчиларга охирги сўз берилди. Барча судланувчилар айбига чин кўнгилдан пушаймонликларини билдириб, суддан енгилроқ жазо берилишини сўрашди. Уларнинг сўзларини тинглагандан сўнг, суд маслаҳатга кириб кетди. Маълум муддат ўтгандан сўнг, судлов ҳайъати қайтиб чиқди ва суд ҳукмини эълон қилди.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Суд ҳукми қуйидагича бўлди:
«Ўзбекистон Республикаси номидан ҳукм 2019 йил 13 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ўз биносида, очиқ суд мажлисида, раислик Каримов, халқ маслаҳатчилари Мирагзамов ва Нишоновдан иборат таркибда судья катта ёрдамчиси Арипов ва Дадажоновнинг котиблигида тарафлардан давлат айбловчиси Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим прокурори Усмонов, судланувчи Қиличов ва адвокат Султонов, судланувчи Камолдинов ва адвокат Алимқулов, судланувчи Ҳамроев ва адвокат Файзиев, судланувчи Ёрқулов ва адвокат Ҳусанов ҳамда жабрланувчининг қонуний вакили Мирзамуродова иштирокида Қиличов ва бошқаларга оид жиноят ишини кўриб чиқиб, судлов ҳайъати судланувчилар, жабрланувчининг қонуний вакили ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб жиноят иши хужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, суд ҳукм қилди:
Қиличов Шодали Ғуломжонович Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисм «в», «ж» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилсин ва Қиличовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисм «в», «ж» бандлари билан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгилансин. Қиличовга нисбатан қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси аслича қолдирилсин. Жазо ўташ муддати 2018 йил 9 августдан бошлаб ҳисоблансин.














