Жамшид Кенжаев суд иши давом этмоқда. Суд тергови якунлангани сабабли тарафлар музокараси қисми бошланди.

Музокара давлат айбловчиси ва жамоат айбловчисининг нутқлари билан бошланади. Сўнгра жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ёки уларнинг вакиллари, ҳимоячи ва жамоат ҳимоячиси, судланувчи, фуқаровий жавобгар ёки унинг вакили сўзга чиқади (Жиноят-процессуал Кодекси 449-модда).

Kun.uz мухбири хабар қилишича, 11 март кунги суд ишида аввал давлат айбловчиси нутқ сўзлади. Прокурор асосий айбланувчига 18 йиллик қамоқ жазоси сўраган.

«Ҳурматли суд, процесс иштирокчилари, бир неча кун давом этган Шодали Қиличов Ғуломжоновични Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «ж» бандлари, Алижон Ҳамраев Убайдуллаевич, Камолдинов Саидазим Саидакбар ўғли, Ёрқулов Жаҳонгир Абдумусаевични 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан айблаш ҳақидаги жиноят ишини кўриб чиқиб якунлаш арафасида турибмиз. Айбланувчиларга қўйилган айбловлар, гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосалари, кўздан кечириш баённомалари ва видеотасвирларда тўлиқ исботини топган. Тергов органи томонидан айбланувчиларнинг ҳаракатлари тўғри малакаланган деб ҳисоблайман. Юқоридагиларни инобатга олиб, Қиличов Шодали Ғуломжоновични Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «ж» бандлари билан айбдор деб топиб, унга нисбатан 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашингизни ва унинг муқаддам судланганини инобатга олиб, жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўталишини белгилашингизни сўрайман. Ҳамроев Алижон Убайдуллаевич, Камолдинов Саидазим Саидакбар ўғли,  Ёрқулов Жаҳонгир Абдумусаевичга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан айбдор деб топиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашингизни ва жазони манзил-колонияларда ўташни белгилашингизни сўрайман. Шунингдек, жабрланувчиларнинг дафн маросимига кетган харажатларини судланувчилардан ундиришни белгилашингизни сўрайман», деган у.

Шундан сўнг, давлат айбловчисининг нутқига нисбатан жабрланувчи, марҳум Кенжаевнинг беваси ўз эътирозларини билдириб ўтди.

«Ҳурматли суд, Қиличов, Ҳамроев, Камолдинов ва Ёрқуловга нисбатан жиноят ишида жабрланувчи томон қуйидаги фикрларни билдиради. Судланувчи Қиличовга нисбатан тергов ҳаракатлари етарли эмас. Жамшид Кенжаевга нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан амалга оширилган ушбу жиноят ўта хавфли рецидивист томонидан бажарилган, яъни Қиличов бир неча марта судланган. Бошқа судланувчиларга нисбатан қўлланилаётган 277-модда 3-қисми «г» банди билан айбловни етарли эмас, деб ҳисоблайман. Уларга нисбатан 97-модда 2-қисми «а», «в», «ж» бандлари билан қайта квалификация қилишингизни сўрайман.