Жамият | 08:44 / 25.02.2020
11513
3 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳридаги «чиройли» йўл: Йўл фондига тушадиган маблағлар қаерга сарфланмоқда?

Андижон шаҳридаги энг серқатнов чорраҳалардан бири атрофида ҳар куни тирбандлик кузатилади. Бунга сабаблардан бири йўллар ҳолати ёмонлигидир.

 
Андижон шаҳридаги «чиройли» йўл: Йўл фондига тушадиган маблағлар қаерга сарфланмоқда?

Андижон шаҳридаги «чиройли» йўл: Йўл фондига тушадиган маблағлар қаерга сарфланмоқда? Андижон шаҳридаги энг серқатнов чорраҳалардан бири атрофида ҳар куни тирбандлик кузатилади. Бунга сабаблардан бири йўллар ҳолати ёмонлигидир. 👉 https://kun.uz/53354605

Posted by Kun.uz on Monday, February 24, 2020

Андижон шаҳридаги ҳайдовчилар мурожаати бўйича шаҳардаги Бобур ва Отабеков кўчалари кесишган серқатнов чорраҳада бўлдик. Маҳаллий аҳоли «Клиника чорраҳаси» деб атайдиган тўрт кўча кесишмасида эрталаб ҳам, кечқурун ҳам қарийб бир километрга чўзиладиган тирбандлик ҳосил бўлади.

Чорраҳа бир томондан Андижон, Избоскан ва Пахтаобод туманлари, яна бир томондан Олтинкўл тумани, Қўшариқ даҳаси ва Бобур шоҳкўчасини боғлаб туради.

Мазкур чорраҳада Отабеков кўчаси бошида қайрилиб олиб, ҳаракатни ўнг томонга давом эттирувчи 222, 33 ва эски шаҳар йўналишдаги автомашиналар ва бошқа йўллардан келувчи ҳайдовчилар учун йўлнинг носоз қисми турли ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Йўлдаги ўнқир-чўнқирликлар тирбандликлар, беҳуда вақт сарфлашлар, асаббузарликлар ва йўл ҳаракати қоидалари бузилиш ҳолатларига сабаб бўлмоқда.

Айниқса, ёғингарчилик кунларида йўлнинг бу қисми ўта ачинарли ҳолатга келиб қолади.

Йўналишдаги автомашиналар ҳайдовчилари ҳолат бўйича муносабатларини билдиришди.

«Кўриб турганингиздек, жуда «чиройли» йўл. Ҳеч бўлмаса текисловчи «грейдер»да сурдириб қўйса ҳам майли эди. Йўл фондига ёқилғилардан пул олишяпти-ку? Тўғрилаб беришса, яхши бўларди».

«Бу йўл асфальт қилинганига бир ой бўлди. Асфальтни лойнинг устига босиб кетишди. Яна шу ҳолатга қайтди».

«Йўлларимиз чатоқ. Бунинг устига камералар ишлаяпти. Тушсак, жарима тўлаяпмиз. Йўлни тўғрилаб беришларини сўраймиз».

Андижон шаҳридаги бу гавжум чорраҳа вилоятнинг турли ижтимоий соҳа объектларига олиб борадиган йўлларни ўзаро боғлаган. Хусусан, АДТИ клиникасига Отабеков кўчаси орқали борадиган транспорт воситалари айнан шу йўлдан ўтади. Бу машиналар ҳайдовчилари ҳам йўл носозлигидан азият чекишмоқда.

Ҳайдовчиларнинг гапида ҳам жон бор. Йўл фондига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан биринчи навбатда шундай серқатнов йўллардаги камчиликларни бартараф этиш керак эмасми?

Ўйлаймизки, соҳа мутасаддилари йўлларнинг носоз қисмига албатта эътибор қаратишади.

Сарварбек Назаров
Аҳрорбек Ёқубжонов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид