Спорт | 20:42 / 03.10.2023
28264
9 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари кундалиги. Баландликка сакрашдаги қўшҳокимлик, маррадаги йиқилиш ва Жалоловнинг нокаути

Ўзбекистон вакиллари кун давомида 3 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза қўлга киритишди, делегация ҳисобидаги жами медаллар сони 50 тага етди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

3 октябр куни куни Ҳангжоу шаҳрида XIX ёзги Осиё ўйинлари доирасида навбатдаги беллашувлар бўлиб ўтди. Кун давомида Ўзбекистон делегацияси вакиллари 10 та спорт турида иштирок этди. Хусусан, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, енгил атлетика, велоспорт турларида медаллар учун кураш олиб борилди.

Кун якунига келиб Ўзбекистон номига яна 3 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медаллар қўшиб қўйилди.

Велошоссе

Велошоссенинг шахсий пойга дастурида иштирок этган Ўзбекистон жамоаси аъзоси Олга Забелинская олтин медални қўлга киритди. 18.3 км масофага кечган пойгада у 24:36.99 дақиқа натижа кўрсатди - маррага иккинчи бўлиб етиб келган япониялик Ери Йонамине 59,60 сонияга ортда қолди, учинчи ўринни қозоғистонлик Рината Султанова эгаллади.

Эркаклар ўртасидаги пойгада иштирок этган Алексей Фомовский эса маррага олтинчи бўлиб етиб келди. Бу пойгада олтин медални қозоғистонлик Алексей Луценко қўлга киритди.

Забелинская 4 октябр куни ҳам аёллар ўртасидаги йўл пойгаси дастурида медал учун баҳсларда қатнашади. Бу пойгада Ўзбекистондан яна бир вакил - Янина Кускова ҳам бор.

Эшкак эшиш

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш жамоаси вакиллари бугун ҳам 6 та дастурда медаллар учун беллашишди ва шундан 4 тасида совриндор бўлишди.

Дастлаб каноэда 200 метр масофага пойгада Шоҳсанам Шерзодова Хитой, Таиланд ва Қозоғистон вакилларидан кейин маррага тўртинчи бўлиб етиб келди.

Байдаркада 500 метр масофага пойгада эса Мадинахон Ашрафхонова еттинчи ўринни эгаллади.

1000 метрга каноэчи йигитлар ўртасида кечган пойгада Шоҳмурод Холмуродов ҳамда Нурислом Тўхтасин ўғли жуфтлиги рақибларини катта фарқ билан ортда қолдириб, марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Қозоғистон ва Ҳиндистон вакиллари эгаллади.

Нурислом 2018 йилги Осиё ўйинларида бронза медалига эга чиққанди, бу сафар эса шериги билан олтин медални қўлга киритди.

500 метрга каноэда сузиш пойгасида қатнашган тўртлик (Ибрагимов, Онуфриев, Амриддинов, Ҳайдаров) бешинчи бўлди.

Байдаркада эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси яна бир медал қўлга киритди.

500 метрга кечган дастурда Шаҳризода Мавлонова, Арина Танатмишева, Екатерина Шубина ҳамда Юлия Борзова квартети марра чизиғини учинчи бўлиб кесиб ўтди ва бронза медалига сазовор бўлди. Биринчи ва иккинчи ўринлар Хитой ва Кореяга насиб этди. 

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш баҳсларининг сўнгги стартида ҳам Ўзбекистон жамоаси медалга эга чиқди. Унда аёллар ўртасида 200 метрга каноэда эшкак эшиш бўйича жуфтлик баҳслари бўлиб ўтди. Мазкур дастурда стартга чиққан Шоҳсанам Шерзодова ва Нилуфар Зокирова жуфтлиги бронза медалини қўлга киритди.

Спортчилар бу натижа учун шу қадар жаҳд билан ҳаракат қилишдики, маррага етиб келинганида улардан бири сувга қулаб тушди.

Шу тариқа, байдарка ва каноэда эшкак эшиш баҳслар якунланди. Мусобақа давомида ўзбекистонлик эшкакчилар 1 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 6 та медал билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни қўлга киритишди.

Камондан отиш

Камондан отиш бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Амирхон Содиқов Осиё ўйинларидаги иштирокини тугатди. Чорак финалда жанубий кореялик Вусеок Ли билан баҳс олиб борган спортчи 2:6 ҳисобида имкониятни бой берди. 1 октябр куни саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган Амирхон Содиқов 2 октябр куни нимчоракфиналда виетнамлик рақибини 7:3 ҳисобида мағлуб этганди.

Трамполин

Трамполинда сакраш бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Миршоҳид Ҳасанбоев Осиё ўйинларининг финалига чиқди. У саралашда 56.400 балл жамғариб, бешинчи натижа кўрсатганди. Медаллар учун баҳсда эса 53.220 балл билан тўртинчи бўлди.

Футбол

Осиё ўйинларида дебют иштирокини ўтказаётган футбол бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси яримфиналда қақшатқич мағлубиятга учради. Ушбу босқичда жаҳоннинг кучли жамоаларидан бири КХДРга қарши баҳс олиб борган Ўзбекистон вакиллари 0:8 ҳисобида имкониятни бой беришди. 

Энди жамоа Хитой ва Япония жуфтлигида мағлуб бўлган жамоа билан 6 октябр куни бронза медали учун майдонга чиқади.

Сувга сакраш

3 метрдан сувга сакраш бўйича бугунги баҳсларда Вячеслав Качанов ҳамда Игор Мялин саралаш босқичидан ўтишганди. Аммо финал босқичида Качанов 370.50 балл билан 6, Мялин 301.25 балл билан 11-ўринни эгаллади. Ғолиблик 542.30 балл тўплаган хитойлик Ванг Жонгянга насиб этди, иккинчи ўринни ҳам хитойлик спортчи эгаллади, Жанубий Корея вакили бронза медал олди.

Шахмат

Жамоавий дастурда иштирок этаётган шахматчилар бугун бешинчи тур учрашувларини ўтказишди. Йигитлар жамоаси Хитой вакиллари билан 2:2 ҳисоби қайд этди, аёллар жамоаси Ҳонгконг вакилларини 4:0 ҳисобида мағлуб этишди.

Бунгача йигитлар жамоаси 1-турда Қирғизистонни 3:1 ҳисобида енгган, 2-турда Ҳиндистон вакиллари билан 2:2 ўйнаган, 3-турда Виетнам вакилларини 3:1 ҳисобида мағлуб этишган, 4-турда Эронга 1.5-2.5 ҳисобида имкониятни бой берганди. Ҳозирча жамоа ҳисобида 11,5 очко жамғарилган.

Қизлар жамоаси эса дастлабки турларда Хитой ва Филиппинга қарши баҳсларда 2:2 ўйнашган, 3-турда виетнамликларга 1,5-2-5 ҳисобида ютқазган, 4-турда Жанубий Корея вакилларини мағлубиятга учратишганди - 4:0. Ҳозирча жамоа ҳисобида 13,5 очко жамғарилган.

4 октябр куни, 6-тур доирасида йигитлар жамоаси Мўғулистон, қизлар жамоаси Ҳиндистон вакилларига қарши дона суради.

Енгил атлетика

Баландликка сакраш бўйича баҳсларда энг юқори икки ўрин ҳам ўзбекистонликларга насиб қилди. 

Токио Олимпиадаси иштирокчиси Сафина Саъдуллаева ва Осиё ўйинларининг уч карра ғолиби Светлана Радзивил 1.86 метр баландликдан ўтиб, мос равишда олтин ва кумуш медалларни қўлга киритди. Кучли учликни қозоғистонлик Надежда Дубровская якунлаб берди. Ушбу уч енгил атлетикачи ҳам бир хил натижа қайд этди, аммо баландликдан биринчи бўлиб ўтгани эвазига ўзбекистонлик спортчилар шоҳсупадаги юқори ўринларни эгаллашди.

Бокс

Бокс бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси аъзоси Нигина Ўктамова турнирда бронза медал билан кифояланди. -54 кг вазн тоифаси вакили бўлган Ўктамова нимчорак финалда филиппинлик Магно Иришни, чоракфиналда япониялик Ринка Киношитани мағлуб этганди, аммо яримфиналда КХДР вакили, жаҳон чемпиони Чолми Панг билан баҳс олиб бориб, имкониятни бой бериб қўйди ва Осиё ўйинларини бронза медал ҳамда Париж-2024 Олимпиадасининг йўлланмаси билан якунлади.

Маълумот учун, айни вақтда 20 ёшда бўлган Нигина Ўктамова 2021 йил Полшадаги турнирда ғолиб бўлиб, ўзбекистонлик аёл боксчилар орасида илк жаҳон чемпиони бўлган, 2022 йил Дубайдаги ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида, 2023 йил Деҳлидаги жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб чиққанди.

Бокс бўйича Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ғалабали юришини давом эттирмоқда. -51 кг вазн тоифасида иштирок этаётган спортчи чоракфиналда покистонлик Зоҳайб Рашидни мусобақадан чиқариб юборди (5:0).

Ҳасанбой Дўсматов учун бу турнирдаги учинчи жанги бўлди. Бунгача у жанубий кореялик Жо Сеҳеонг (5:0) ҳамда қозоғистонлик Сакен Бибоссиновни (4:1) мағлуб этганди. Дўсматов яримфиналга чиқиш орқали амалда мусобақа медалини нақд қилди. У 4 октябр куни финал учун япониялик Томоя Тсубоига қарши жанг қилади.

-57 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Абдумалик Халоков ҳам яримфинал йўлланмасини қўлга киритди.

У чоракфиналда Токио-2020 Олимпиадаси финалчиси, филиппинлик Карло Паламни мусобақадан чиқариб юборди (5:0) ва ўзи учун шоҳсупадан жой нақд қилди. У олдинги босқичларда тайпэйлик Ченг Вей Ли (5:0) ҳамда виетнамлик Ван Дуонг Нгуенг тўсиғидан ўтганди.

Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Баҳодир Жалолов Осиё ўйинлари финалига йўл олди. Энг оғир вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Жалолов яримфиналда хитойлик Байикевузи Данабиекени 1-раунднинг илк дақиқасидаёқ нокаут билан мағлубиятга учратишга эришди. Бу орқали у Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасини ҳам ҳал қилди, бу унинг фаолиятидаги учинчи Олимпиада бўлади.

Жалолов турнирдаги биринчи жангида ҳам тожикистонлик Муҳаммад Абрординовни нокаутга учратганди. У энди 5 октябр куни азалий рақиби, қозоғистонлик Қамчибек Қўнқабоевга қарши олтин медал учун жанг қилади.

***

Кун якунларига кўра, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги олтин медаллар сони 14 тага, кумуш медаллар сони 15 тага, бронза медаллар сони 21 тага етди. Айни вақтда Ўзбекистон жами 50 та медал билан умумий рейтингда Ҳиндистондан кейинги 5-ўринда бормоқда.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид