Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон аҳолиси озиқ-овқатга даромадининг 1/3 қисмини сарфламоқда – таҳлил
Таҳлилга кўра, мамлакатда харажатларнинг асосий қисми муҳим эҳтиёжлар - озиқ-овқат ва уй-жойга йўналтириляпти. Кийим-кечак, транспорт, спорт ва кўнгилочар машғулотларга эса анча кам маблағ сарфланмоқда.
Фото: Kun.uz
Ўзбекистонда озиқ-овқатга оила бюджетининг қарийб учдан бир қисми - 30 фоизи сарфланади, бу эса озиқ-овқатни минтақанинг барча мамлакатлари орасида қиммат харажат турига айлантиради. Бу ҳақда Numbeo маълумотлари далолат бермоқда.
Қайд қилинишича, Ўзбекистонда 4 тўрт кишилик оиланинг бир ойлик ҳисобланган харажатлари ижара ҳақини ҳисобга олмаганда қарийб 21 млн сўмни ташкил этади. Бир киши учун тахминий ойлик харажатлар ижара тўловисиз 5,6 млн сўмни ташкил этади. Ўзбекистонда яшаш нархи АҚШга нисбатан ўртача 60,6 фоизга паст. Ўзбекистонда ижара ҳақи АҚШга нисбатан ўртача 68,9 фоизга паст.
Numbeo платформаси маълумотларига кўра, МДҲ мамлакатлари аҳолисининг харажатлари таркиби шуни кўрсатадики, оила бюджетининг асосий қисми озиқ-овқат ва уй-жойга сарфланади.
Ушбу мамлакатларда харажатларнинг асосий қисми муҳим эҳтиёжлар - озиқ-овқат ва уй-жойга йўналтирилади. Кийим-кечак, транспорт, спорт ва кўнгилочар машғулотларга эса анча кам маблағ сарфланаётгани ҳудуддаги оилалар ҳаётий эҳтиёжларни қондиришга кўпроқ мажбур бўлаётганидан далолат беради.
Тожикистонда озиқ-овқат харажатлари минтақада энг юқори - бюджетнинг 37,1 фоизи, бу эса озиқ-овқатни харажатларнинг асосий қисмига айлантиради.
Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам манзара ўхшаш: озиқ-овқат ва уй-жойга бюджетнинг деярли ярми тўғри келади. Қирғизистонда овқатланиш 28,5 фоизни, уй-жой ижараси 25,9 фоизни, Қозоғистонда эса бу кўрсаткичлар мос равишда 29,6 фоиз ва 23,3 фоизни ташкил этади. Икки мамлакатдаги ресторанларга бюджетнинг 15 дан 18 фоизигача, транспортга - тахминан 10-14 фоиз, коммунал хизматларга - кўпи билан 5 фоиз сарфланади.
Туркманистон ва Ўзбекистонда ҳам озиқ-овқат ва уй-жой харажатлари етакчи ўринларни эгаллайди - мос равишда 35,1 ва 30 фоиз. Бироқ, Туркманистонда коммунал тўловлар улуши (12,8 фоиз), Ўзбекистонда эса спорт ва дам олиш харажатлари (7,2 фоиз) юқори бўлиб, бу Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткичдир.
Агар МДҲ бошқа мамлакатлари билан таққослайдиган бўлсак, харажатлар таркиби ўхшашлигича қолади. Россияда овқатланиш 29 фоиз, уй-жой ижараси 21,8 фоиз, ресторанлар 17,6 фоизни ташкил этади. Беларусда бу улушлар мос равишда 29,3 фоиз, 22,9 фоиз ва 19,2 фоизни ташкил этади.
Озарбойжон ва Арманистонда ҳам озиқ-овқат, ижара ва ресторанлар асосий харажатлар бўлиб қолмоқда - улар биргаликда оила бюджетининг 60 фоиздан ортиғини ташкил этади.
Мавзуга оид
12:54 / 10.12.2025
Пахта ва ғалла фермерлари учун рейтинг жорий этилади
07:52 / 09.12.2025
Toyota етакчи, BYD шиддат билан яқинлашмоқда: дунё автобозори рейтинги
20:56 / 06.12.2025
Ўзбекистоннинг 38та олий таълим муассасаси халқаро рейтингда ТОП-1000 таликка кирди
15:02 / 28.11.2025