Ўзбекистон | 00:18 / 13.12.2019
5573
4 дақиқада ўқилади

Мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича кластерлар ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Қарорда бугунги кунда республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинаётгани, 2010 йилда экспортнинг 11,3 фоизи пахта толаси ҳиссасига тўғри келган бўлса, 2018 йилга келиб ушбу кўрсаткич 1,6 фоизгача камайгани эътироф этилган.

Соҳада айниқса мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантиришда самарали бозор механизмлари тизимли йўлга қўйилмаганлиги, илмий ёндашувнинг етарли эмаслиги тармоқнинг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаслигига олиб келмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хомашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш имконияти мавжуд.

Мева-сабзавот ва узумчилик соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини ошириш, фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларни ўзлаштириш, пахта, ғалладан қисқартирилаётган майдонларга экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, шунингдек, боғ, токзор ва иссиқхоналар имкониятларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида жорий этилаётган тартибга мувофиқ:

·       мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича кластерларни ташкил этиш ташаббускор, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида тузиладиган уч томонлама келишув асосида амалга оширилади;

·       мева-сабзавот кластерини ташкил этиш бўйича ташаббускорлар, қоида тариқасида, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар орасидан, уларнинг тажрибаси ва имкониятларидан келиб чиқиб танлаб олинади, бунда биринчи навбатда маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш бўйича тўлиқ ишлатилмаётган қувватларни ишга тушириш назарда тутилади;

·       мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари етиштирувчиларни мева-сабзавот кластерларига бириктириш улар билан қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар ҳамда туман ҳокимлиги ўртасида ихтиёрийлик асосида тузиладиган маҳсулот етказиб бериш шартномалари орқали амалга оширилади;

·       мева-сабзавот кластери иштирокчилари – маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар ўртасидаги муносабатлар маҳсулот етказиб бериш шартномалари орқали тартибга солинади;

·       маҳсулот етказиб бериш шартномалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимлари томонидан қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотларнинг таклифлари асосида қабул қилинадиган мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини жойлаштириш тўғрисидаги қарорлар ва уч томонлама келишув шартлари асосида тузилади ҳамда туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан рўйхатдан ўтказилади;

·       маҳсулот етказиб бериш шартномалари фуқаролик қонун ҳужжатлари талаблари асосида тузилади, уларда шу жумладан маҳсулот нархини ҳақиқий харажатдан келиб чиқиб аниқлаш, харид қилинадиган маҳсулот учун олдиндан ажратиладиган аванс маблағлари ҳисобига маҳсулот етиштирувчиларни уруғ, кўчат, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқа ресурслар билан таъминлаш, агротехника ва агрокимё хизматлари кўрсатиш, янги инновацион технологияларни қўллаш бўйича тавсиялар бериш, ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатиш назарда тутилади.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид