Фарғона туманининг Оқбилол қишлоғида узумлар сув танқис бўлса ҳам Олтиариқникидек мазали бўлади. Қишлоқда узумлар бу йил ҳам мўл ҳосил берди. Қишлоқ аҳолисининг қўли-қўлига тегмайдиган кунлар аллақачон келган. Абдураҳим ота ҳам тилла рангга кирган ҳусайниларни парвариш қилиш билан банд.

Ҳусайнига етадигани йўқ...

“Бу йил узумларимиз жуда яхши ҳосил берди. Айни пайтда ҳам узумларга ишлов беришда давом этяпмиз. Бир йилда бир бош узумга камида 10 марта қўл теккизсангиз ана ундан кейин узум яхши бўлади. Ҳовлида айланиб юриб қарайверасиз.

Абдураҳим ота Назаров

Узумлар қанча чирой бергани сари, ўзингиз ҳам узумзордан чиққингиз келмай қолади. Бошқа узумларга нисбатан ўзимизнинг ҳусайни узумимиз ҳаммасидан ширин. Касалликларга ҳам чидамли. Сақлайман десангиз, қишда ҳам тураверади. Банди узилмаган ҳолатда сўритокда ҳам тураверади.

Энди ҳозир “холодилник”лар чиқиб қолиб боғбонлар иши анча енгиллашди. Оқбилолга келинглар, узумларимиз пишиб қолди. Меҳмон қиламан. Бемалол олиб еяверасизлар. Еганга пул йўқ!”, – дейди Абдураҳим ота Назаров.

Сув танқис бўлса ҳам узумлар аъло...

“Узумчилик деганда энг аввало Олтиариқ тушунилади. Олтиариқнинг ери унумдор, суви яхши. Қишлоғимизда сув танқис бўлгани сабабли асосан узумнинг сувга чидамли навини экамиз.

Абдураҳмон Сиддиқов

Икки гектар узум боғимиз бор. Ундан ташқари яна янги беш гектар боғ қилганмиз. Даромадимиз узумчиликдан. Узумларга йилига 100, 150 миллион сўм атрофида харажат қилиб, 450, 500 миллион сўм даромад қиламиз. Ҳозирги кўриб турган узум боғларинг мана F1. Бу бешинчи йилги ҳосили.

Бу гектаридан ўртача 25 тонна даромад беради. Энди буни 50 тонна, 60 тоннага ҳам чиқарса бўлади. Сифат даражаси тушиб кетади. Бу 25 тоннанинг сифати ҳам яхши бўлади. Бундан ташқари оқ келинбармоқ, қора келинбармоқ каби олти хил узумимиз бор. Янги навлари мана, кўчатчилик билан шуғулланяпмиз ҳозирги кунда. Фермерларга шартнома асосида кўчат сотяпмиз.