Жамият | 17:28 / 11.02.2021
19599
7 дақиқада ўқилади

Ёшлар муаммолари, тақво ва исломдаги бағрикенглик. Мубашшир Аҳмад билан суҳбат

Kun.uz «Илм, эҳсон бағрикенглик» мавзусида Azon.uz лойиҳаси асосчиси Мубашшир Аҳмад билан суҳбат ташкил этди.

Суҳбат давомида Мубашшир Аҳмад замонавий мусулмон ёшлари ҳақида, мусулмон халқларнинг илм-фан борасида ортда қолиши, қалбнинг ислоҳ бўлиши, тақво ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди. Шунингдек, диндаги бағрикенглик тушунчалари, ислом жамиятида бошқа диндагиларга муносабат ҳақида ҳам фикр юритди.

Замонамизнинг мусулмон ёшлари қандай сифатларга эга бўлиши керак? Ёшларимизнинг нимасидан кўнглингиз тўлмайди?

— Ассалому алайкум, бу жуда ҳам катта савол деб ўйлайман. Чунки анча жиҳатларга тўхталиш керак бўлади. Лекин кейинги пайтларда мени қийнаётган энг асосий жиҳати нафақат замонавий мусулмон, балки хосроқ қилиб айтадиган бўлсак, замонавий ўзбек мусулмонининг қайси томонлари қаноатлантирмайди дейиладиган бўлса – илмга бўлган муносабати, деб айтаман.

Инсоният ҳаракат қилиши мумкин бўлган қайси соҳани олмайлик, ўзбек миллатидан шу соҳани мукаммал эгаллаб ёки қаттиқ ҳаракат қилиб қандайдир даражаларга эришган ёшларни кам учратамиз. Бор, лекин аҳоли сони, ёшларнинг кўплигини ҳисобга олганда бу жуда ҳам кам миқдорни ташкил қилади.

Мени энг кўп қаноатлантирмайдиган жиҳати – илмга бўлган муносабат. Иккинчиси, айнан шу илмнинг йўқлиги ва камлигидан пайдо бўладиган муаммо – бу олий мақсадни олдинга қўймаслик. Яъни шунчаки кунни ўтказсам бўлди, тирикчилик қилсам бўлди деган хаёлда яшалади.

Демак, олдига олий мақсад қўймагани учун ҳам ишлар ҳам ўша даражада кичик бўлади. Жуда мақсадни олий қўйганда ҳам илмсиз ҳолатда чет элга бориб ишлаш, ўша ердан бироз чойчақа йиғиб келиб уй қуриш, машина олиш, қўшнисида ёки бирор бойнинг ўғлида кўрган бўлади - ўшани орзу қилиб, ўшанга эга бўлиш бўлади, холос. Ундан бошқа катта мақсадлар қўйилмайди. Мен буни омматан айтаётганим йўқ, лекин ҳозирда жуда кўпчилик ёшларнинг турмуш тарзи шунақа бўлгани учун мени мана шу ҳолат қониқтирмайди.

«Азон» лойиҳасини ишга тушириб кўзлаган мақсадларингизга қанчалик эришдингиз?

Мубашшир Аҳмад

— Лойиҳа ўйлаб фикр қилиниб юрилган пайтдан ҳозиргача 3 йил вақт ўтган бўлса, ўйлаганларимнинг 5 фоизини амалга оширдим, деб ўйлайман. Ҳали олдинга қўйган жуда катта мақсадларимиз, лойиҳаларимиз бор. Буларнинг баъзиларига ҳатто ҳали қадам ҳам ташлаганимиз йўқ. Моддий имконият, шароит, вазият ва бошқа нарсалар тўғри келмагани сабабли бу томонларига ўта олмаяпмиз.

Лекин Алҳамдулиллаҳ нима бўлганда ҳам биз бу лойиҳани бошлаб олдик. Баъзи бир ўзимиз хоҳлаган томонларда озгина бўлса ҳам муваффақият келган бўлса, Аллоҳ Таолонинг бир марҳамати, фазли билан эришган бўлдик. Лекин ҳали тўхташ ёки мақсадга эришдик дейишга ҳали жуда ҳам эрта.

Домла, Исломда бағрикенглик қандай бўлади ва унинг чегараси қаерда тугайди?

— Кейинги пайтларда қандайдир лойиҳалар асосида иш кўраётган радикал тоифалар майдонга чиққани учун Исломнинг табиатида йўқ бундай радикаллик. Араблар «татарруф», «ташаддуд» дейди, яъни ҳаддан ташқари четга чиқиб кетиш.

Бағрикенглик деган тушунча аслида Исломнинг қон-қонига сингиб кетган хусусият. Бу шундай хусусиятки, ҳатто бунга ўзларича ташқаридан олиб кираётгандек бўлаётганларнинг ўзлари ҳам ҳайратда қоладиган жиҳатлари бор. Мисол учун, шайх Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳ бир масалани ёритадилар. Мусулмон жамияти ичида аҳли китобга бўлган муносабат. Уларнинг омонда бўлиши, уларнинг ҳеч қандай солиқлар тўламаслиги, масалан, закот тўламайди, бошқа нарсалар йўқ уларда. Фақат жизя бор ва жизяни агар бир мусулмон тўлаётган солиқларга таққослайдиган бўлсак, бу жуда ҳам кам бўлади.

Муносабатларнинг яхши бўлиши, мисол учун, байрамларда табриклаш ва шунга ўхшаш масалалар зикр қилинганда, бу исломий бағрикенглик дейилади-ку, лекин бу исломий бағрикенглик эмас, бу исломдаги уларнинг ҳуқуқи.

Бағрикенглик дегани бу ҳаққи бўлмаган нарсани бериш. Бу уларнинг ҳуқуқи исломий жамиятда яшамоқдами, мусулмонларга ўхшаб солиқ тўламаслиги, лекин мусулмонларга ўхшаб бемалол ҳамма ҳуқуқлардан фойдаланавериши, омонда бўлиши, ҳатто ароқ каби нарсаларни ўзларининг ичида ўзаро олди-берди ҳам қила олиши.

Бундан ташқари ҳам жуда кўп аҳкомлар бор. Динларидаги нарса ўзларига шундай қолдирилган. Ислом ҳазораси деган бир китоб чоп қилганмиз, ана ўшанда жуда кенг, ҳамма томонлама, қандай ҳуқуқларга эга бўлганлиги, қандай эркинликлар берилганлиги баён қилинган. Оддий мисол, Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида Нажрон насронийлари келган пайтда, масжидга келган, Пайғамбар алайҳиссаломнинг уйлари масжидда бўлган, уларнинг ибодат қиладиган вақтлари бўлиб қолган. Пайғамбар алайҳиссалом мусулмонларнинг масжиди ичида уларнинг хочини осиб ибодат қилишларига рухсат берган. Ўзлари масжиднинг бошқа томонида намозларини адо қилишган, насронийлар худди черковдаги нарсаларини олиб келиб, ибодат қилишган.

Рошидий халифалардан кейинги даврга назар ташлайдиган бўлсак, насронийларнинг хоч ювиш маросими бўлган ва уларда халифалар қатнашган. Улар мусулмон ва мусулмонларнинг пешвоси, лекин жамиятининг ичидаги бир тоифа шунақами, уларнинг ҳурматидан шундай маросимда қатнашган. Булар бағрикенглик эмас, булар ана шу аҳли китобнинг ҳуқуқлари ва ҳаққини олишга доим ҳуқуқи бор.

Радикал томон тилини тийиш мақсадида яхшилик қилишмоқчи бўлишади, лекин нотўғри фикрларни пайдо қилади. Исломдаги бағрикенглик бу бағрикенглик эмас, балки бошқа бағрикенглик деб ўйлаётган томонга нисбатан ҳуқуқлар. Ана шу ҳуқуқларга биз нафақат ўз ихтиёримиз билан уларга яхшилик қилишимиз керак, балки мажбурият юзасидан муносабатда бўлишимиз керак.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг, салафи-солиҳларнинг ҳаётига назар ташласак, ҳозирда бағрикенглик деб қаралаётган масалалар аслида уларнинг ҳаққи ўлароқ адо этилганига гувоҳ бўламиз.

Шоакмал Исроилов суҳбатлашди.

Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид