Ўзбекистон | 10:05 / 01.01.2019
6962
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Маданий мерос департаменти ташкил этилади

Фото: Kun.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти тўғрисидаги низом;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ташкилий тузилмаси;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти марказий аппарати тузилмаси;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармалари намунавий тузилмаси;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти қошидаги Илмий-эксперт кенгаш таркиби тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти марказий аппаратининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган бошқарув ходимлари чекланган сони 48 нафар этиб белгиланади.

Белгилаб қўйилишича:

Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларига Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида” 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорида назарда тутилган мукофотлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш тартиби ҳамда белгиланган Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари қўлланилади;

Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларини сақлаш харажатлари тегишлича Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига белгиланган тартибда қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Департамент марказий аппаратини сақлаш харажатлари учун зарур бўлган бюджет маблағларини 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида маданият соҳасига назарга тутилган маблағлар доирасида ажратади, 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

Департаментнинг ҳудудий бошқармаларини давлат мулки ҳисобланган биноларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштиради;

Департаментнинг ҳудудий бошқармаларини моддий-техник базасини тубдан яхшилаш, хусусан, транспорт воситаси билан таъминлаш, ҳудуддаги моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш, уларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда уларга муҳофаза белгиларини ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар учун зарур бўлган маблағларни 2019 йилда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларида маданият соҳасига назарга тутилган маблағлар доирасида ажратади;

Департаментнинг ҳудудий бошқармаларини сақлаш харажатларини 2019 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларида назарда тутади.

Департамент Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 1-уй манзилдаги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти тўғрисидаги низомга кўра, Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига бўйсунади ва ҳисобот беради.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармалари ўз фаолиятида бевосита Департаментга бўйсунадилар ва ҳисобот берадилар.

Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

моддий маданий мерос, шу жумладан, археология мероси объектлари, музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда маданий бойликларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш, археология мероси объектларини муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш ва археология тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурлари ва бошқа чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашиш;

моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритиш, тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган объектларни аниқлаш, уларни ҳужжатлаштириш ва давлат ҳисобига олиш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тоифалари ва қўриқланадиган теграларини белгилаш, шунингдек улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

тарихий-маданий ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизасини, моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига асрашга доир ишларни путур етказмаган ҳолда амалга оширилиши бўйича узлуксиз илмий-техник назоратни олиб бориш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ва жаҳон маданий мероси объектлари жумласига киритилган ҳудудларда шаҳарсозлик ва бошқа хўжалик фаолиятларини уларнинг тарихий-маданий муҳити, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда олиб борилишини мувофиқлаштириш;

археология ашёлари давлат каталогини юритиш, археология тадқиқотларини амалга ошириш тартиби ва шартларига риоя қилиниши, археология ашёларининг ўз вақтида ҳисобга олиниши ва давлатга топширилишини назорат қилиш ҳамда уларни фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириш, шунингдек археология тадқиқотлари бўйича илмий ҳисоботларни қабул қилиш, экспертизадан ўтказиш ва архивини йиғиш, археология ёдгорлигини концервациялаш ҳамда музейлаштириш;

миллий музей фондининг давлат каталогини юритиш, музей ашёлари ва коллекцияларини музей фонди тасарруфидан чиқариш ёки бошқа музей фондига ўтказиш, маданий бойликларни реализация қилиш учун рухсатномалар бериш, шунингдек давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрларига киритилган маданий бойликлар, жумладан, музей ашёлари ва коллекциялари, қадимий ёзма манбаларнинг бут сақланишини ва ҳисоби юритилишини текшириш, миллий архив фонди бундан мустасно;

олимлар, халқ усталари, реставраторлар, экспертлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, таъмиршуносликдаги ўзига хос услуб, анъана ва мактабларини ривожлантиришни, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш;

моддий маданий мерос объектларини кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш, соҳага давлат-хусусий шериклик механизмларини, инновацион ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини самарали татбиқ этиш, электрон хизматларни ривожлантириш;

халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, молиявий институтларнинг грантлари, кредитлари ва ҳомийлик хайрияларини жалб этиш.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид