Ўзбекистон | 12:32 / 29.09.2023
9836
4 дақиқада ўқилади

“Огоҳлантирувчи тахтачаларимизни олиб кетиб қолишмоқда” — Қадимий тепаликларни сақлашдаги муаммолар маълум қилинди

28 сентябр куни АОКА биносида Маданий мерос агентлиги масъуллари иштирокида Ўзбекистоннинг археологик мероси муҳофазаси масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир давомида Kun.uz мухбири қадимий тепаликларни сақлаб қолишда фақат жарима тизимидан эмас, тарғибот ишларини ошириш йўлидан бориш самарали бўлиши борасида савол билан мурожаат қилди.

— Кўпчилигимиз туғилиб ўсган, яшаётган қишлоқларимизда қадимий тепаликлар бор ва улар тарихий тепалик сифатида Маданий мерос рўйхатига киритилган. Ҳар сафар одамлар томонидан ўша тепаликларга зарар етказиларкан, сизлар у ҳақда зарар етказган киши фалон сўм жаримага тортилди, дея маълумот берасиз. Лекин бирор марта ўша тепаликларга унинг маданий мерос объекти экани ҳақида белги қўйиб қўймайсиз.

Ҳисобот бериш, кимнидир жаримага торттириш осон иш, лекин амалий иш ҳам керак-ку, нега сизларда шуни кўрмаймиз?

Турсунали Қўзиев, Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари

— Ишламаётганимизда бунча маданий мерос объектларини сақлаб туриш бўлмасди. Қонунчиликда тарихий, маданий мерос объектларига зарар етказганлик учун алоҳида жавобгарлик бор. Жойларда сиз айтаётгандай огоҳлантирувчи тахтачаларни олиб ташлаш каби ҳолатлар кузатиляпти. Ўрнатилса ҳам, сақлаб қолиш қийин бўляпти.

Бир мисол, Сурхондарёда франциялик археологлар ўзи ишлаётган жойда махсус огоҳлантирувчи плакатлар ўрнатишган бўлган, аммо одамлар шуни ҳам йўқ қилишибди. Ҳали бу борада тарғибот ишлари ҳам олиб боришимиз керак бўлади.

Акмал Ёркулов, Маданий мерос агентлиги бўлим бошлиғи

— Археологик, тарихий объектларга огоҳлантирувчи тахтачалари ўрнатиш давом этяпти, лекин айрим камчиликлар йўқ эмас. Ҳали тўлиқ қамраб ололганимиз йўқ. Сабаби айрим ишлар маҳаллий ҳокимликларга юклатилган, аммо кечиктиришлар ёки маблағ ажратмаслик ҳолатлари бўляпти. Бундан ташқари, тарихий объектларнинг ҳолатини ҳар йили ёки икки йилда бир ўрганиб чиқамиз. Ўрнатилган муҳофаза огоҳлантирувчи белгиларни кимлардир томонидан йўқ қилиш ҳолатлари мавжуд. Ҳар йили огоҳлантирувчи белгилар масаласига қайтиляпти ва қайта ўрнатишга ҳаракат қиляпмиз. Жамоатчилик билан ишлашга тўғри келади бу бўйича. Жойлардаги жамоатчилик инспекторларимиз ҳолат бўйича хабар беради бизга.

Ҳозирда 4 мингдан зиёд объектга огоҳлантирувчи белги-тахтачалар ўрнатилган. Умумий 4 748 та археологик объектлар мавжуд бўлиб, шу ўрнатилганлар орасида огоҳлантирувчи белгиларни йўқ қилиш ёки яроқсиз ҳолга келтириш ҳолатлари ҳам бор. Афтганимдек, ҳар йили кўриб чиқилади.

Саидазизхон Алиев, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи

— Огоҳлантирувчи белгилар ўрнатишни назоратга олганмиз, охиригача етказишимиз керак. Зарар етказаётган одамлар қаердан билади маданий мерос эканини, деган саволингизга эътибор қаратмоқчиман. Ишонтириб айтаманки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тергов-суриштирув пайтида айбланувчи ростдан ҳам билиб ёки билмай қилганини аниқлайди. Ва жавобгарликка тортилаётган пайтда барчаси инобатга олинади. Шу кунгача бу бўйича қўзғатилган жиноят ишларида айбланган фуқаролар ёки мансабдор шахслар билиб туриб қилган бу ишни, билиши керак бўлган ҳолат. Билмаган одамни қатъий жавобгарликка тортиб юбориш ҳолати бўлмайди.

Вилоят прокурорлари ҳокимликка ташаббус билан чиқиб, маблағ ажратилиб, огоҳлантирувчи белгилар қўйиш, атрофини ўраб олиш ишлари бўляпти. Ҳокимликларга ва ўзимизга юклатилган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаймиз. Муаммолар бор, йўқ эмас.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид