Ўзбекистон | 23:06 / 25.12.2019
24054
6 дақиқада ўқилади

Урганч туманида кузатувчиларга сайлов баённомаси берилмади – овозлар сохталаштирилган бўлиши мумкин

Хоразм вилояти, Урганч тумани, Чоткўпир қишлоғидаги 29-округнинг 432 ва 433-участкаларида ўтказилган сайлов жараёнида иштирок этган кузатувчиларга овоз бериш натижалари қайд этилган баённома берилмасдан чиқариб юборилган. Сайловчиларнинг овози бир номзод фойдасига сохталаштирилган бўлиши ҳам мумкин.

22 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар ўтказилди. Урганч тумани, Чоткўпир қишлоғидаги 29-округнинг 432-сайлов участкасида кузатувчи сифатида қатнашган, Урганч тумани Халқ депутатлари кенгашига ЎзЛиДеп томонидан номзоди қўйилган Алишер Қаландаровнинг вакили Қувонч Шержанова шикоятига кўра, сайлов қонунчилиги қўпол тарзда бузилган.

«432-участкадаги сайловдан кейин овозларни санаш жараёнини кузатиб турдим. Унинг натижаларини қоғозга ёзиб олишга муваффақ бўлдим. Аммо видеога олишга рухсат беришмади, «мумкин эмас» деб айтишди. ЎзЛиДеп вакили Алишер Қаландаровга 840та овоз берилди. ХДП томонидан номзодини қўйган, Урганч тумани ҳокими ўринбосари Барно Бердиева 311та овоз олди», - деди Шержанова.

Бироқ Шержанованинг сўзларига кўра, 432-участкадаги овозларни санаш жараёни натижалари шу жойнинг ўзида зудлик билан баённомага киритилмаган ва кузатувчиларга берилмаган.

«Участка сайлов комиссияси раиси Куранмурат Матразов бизга баённоманинг бир нусхасини бермади. «Эртага оласизлар», деди. Шундан сўнг, кузатувчиларни сайлов участкасидан чиқариб юборишди. Бироқ эртаси куни ҳам баённомани ололмадик. Куранмурат Матразов: «Менга баённомани ҳеч кимга бермаслик тўғрисида туман комиссияси раиси Бахтиёр Бекчановдан топшириқ бўлди», деди».

Шундан сўнг, Бахтиёр Бекчанов олдига бориб, баённомани сўраганимда «10 кундан кейин оласизлар», деди. 23 декабрь куни бу ҳақда Урганч тумани прокуратурасига шикоят қилдим. Шу куни соат 21:00да мени прокуратурага чақиришди. Борсам, Бахтиёр Бекчанов «ҳозиргина тўлдирилди», деб баённомани олиб келган экан. Шунда ундаги рақамлар умуман ўзгарганини, Алишер Қаландаровга берилган овозлар сони 540та бўлиб қолганини, Урганч тумани ҳокими ўринбосари Барно Бердиева энг кўп, 1159та овоз олган деб кўрсатилганини кўрдим. Демак, Қаландаровдан 300та овоз олиб ташланган, Бердиевага эса 848та овоз қўшилган бўлиб чиқмоқда», - деди Шержанова.

432-участкадаги сайлов комиссияси аъзоси Ҳожи Бобожонов овозларни санаш жараёнида Алишер Қаландаров энг кўп – 840та овоз тўплаганини тасдиқлади.

«432-участкада сайлов комиссияси аъзоси сифатида иштирок этдим. Партия вакиллари ҳам жараённи кузатиб ўтиришди, натижаларни қоғозга ёзиб олишди. Телефон орқали видеога олишмоқчи бўлганида, уларга рухсат берилмади, «мумкин эмас» деб айтилди. Энг кўп овоз олган номзод ким бўлди? Алишер Қаландаров – 840та овоз олди. Санашда ўзим ҳам иштирок этдим», - деди Бобожонов.

432-сайлов участкасига қўшни бўлган 433-сайлов участкасида ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берган. Урганч тумани Халқ депутатлари кенгашига ЎзЛиДеп томонидан номзоди қўйилган Алишер Қаландаровнинг вакили сифатида қатнашган Комилжон Йўлдошев сўзларига кўра, овозлар санаб бўлингандан кейин баённома ҳеч кимга берилмаган. Эрталаб эса компьютерда терилган, имзосиз ва муҳрсиз баённома берилган.

Алишер Қаландаров расман имзоланган ва муҳрланган баённомани 1 кундан кейин олишга муваффақ бўлган. Агар баённомалар таққослаб кўрилса, улардаги рақамлар ҳам ХДП аъзоси фойдасига кўпайганини кўриш мумкин. Фақатгина Экологик партия вакилига берилган овозлар сони (36) ва ҳақиқий деб топилмаган бюллетенлар сони ўзгармаган (37).

Урганч тумани сайлов комиссияси раиси Бахтиёр Бекчанов 432- ва 433-сайлов участкасидаги бу воқеалар бўйича изоҳ берди.

«Сайлов участкасида кузатувчилар томонидан видеотасвирга олинишига ҳеч қандай тўсқинлик бўлиши мумкин эмас. Улар овозларни санаш жараёнига аралашмаган ҳолда, четдан кузатиб, видеотасвирга олишга ҳақли. Бундан ташқари, баённома сайлов куни, шу жойнинг ўзида тўлдирилиб, зудлик билан кузатувчиларга берилиши шарт – қонунчиликда шундай белгиланган. Агар кузатувчиларга қандайдир тўсқинлик бўлса, шу заҳоти менга қўнғироқ қилишлари керак эди. Аммо менга ҳеч ким мурожаат қилмади. Баённомаларни берманглар деб ҳеч кимга айтмаганман», - деди Бекчанов.

Изоҳ олиш учун 432-сайлов участкаси комиссияси раиси Куранмурат Матразов ва 433-сайлов участкаси раиси Дилмурод Саидов билан 24 декабрь куни давомида боғланишнинг иложи бўлмади.

Қувонч Шержанованинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг «Ишонч телефони»га йўллаган мурожаатини Урганч туман прокуратураси ўрганиб чиқиб, сайлов комиссиялари ишида ҳеч қандай қонунбузарлик бўлмаган деган мазмундаги жавобни берган.

Урганч тумани Халқ депутатлари кенгашига ЎзЛиДеп томонидан номзоди қўйилган Алишер Қаландаровнинг вакили Қувонч Шержанова 432- ва 433-сайлов участкаси комиссияси хатти-ҳаракатларининг ноқонуний эканини, овозларни санаш жараёнини шахсан кузатиб, 432-участкада А.Қаландаров 840та овоз тўплаганининг гувоҳи бўлганини, бироқ бу сайлов баённомасига киритилмаганини, кейинчалик овозлар сони ўзгартирилиб, ХДП вакили фойдасига сохталаштирилганини таъкидламоқда.

Сўнгсўз ўрнида айтиш жоизки, Урганч туманидаги сайлов участкаларида юз берган бу воқеалар сайлов қонунчилигининг қўпол бузилганини англатмоқда. Бунга жараёнда иштирок этганларнинг гувоҳлиги, комиссия раисларининг хатти-ҳаракатлари, шунингдек баъзи ҳужжатлар ишора қиляпти. Бу қонунбузарликлар ҳаққоний тарзда ўрганиб чиқилишини, уларга адолатли баҳо берилишини истар эдик. Зеро, комиссия раиси бўлсин, ҳокимлик мулозими бўлсин, уларга сайловларда кўтаринки руҳ ва иштиёқ билан иштирок этган халқ ишончини суиистеъмол қилишга ҳеч ким ҳуқуқ бермаган.

Нурмуҳаммад Саид,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид